1-МАВЗУ. “ЯШИЛ ИҚТИСОДИЁТ” КУРСИНИНГ ПРЕДМЕТИ ВА МЕТОДИ 1.1. “Яшил иқтисодиёт” курсининг предмети ва вазифалари 1.2. Барқарор ривожланишни таъминлашда “яшил иқтисодиёт”нинг ўрни 1.3. “Яшил иқтисодиёт” концепциясининг моҳияти ва ривожланиш босқичлари 1.4. “Яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш йўналишлари Мамлакатимизда “яшил иқтисодиёт” асосида барқарор ривожланишни таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 4 октябрда тасдиқланган “2019–2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини "яшил" иқтисодиётга ўтиш стратегияси” муҳим дастурий амал ҳисобланади. “Яшил иқтисодиёт”га ўтишнинг муҳим вазифалари қаторига иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва табиий ресурсларни оқилона истеъмол қилиш киради. Ушбу белгиланган мақсадли индикаторларга технологияларни модернизация қилиш ва молиявий механизмларни ривожлантириш орқали эришилади. 2030 йилгача бўлган даврда стратегияни амалга ошириш жараёнида ялпи ички маҳсулот бирлигига иссиқхона газларининг солиштирма чиқиндилари 2010 йил даражасидан ўн фоизга камаяди, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг юз фоизга қадар замонавий, арзон ва ишончли электр таъминотидан фойдаланиш таъминланади. Экологик жиҳатдан яхшиланган моторли ёқилғи ва автомобил ишлаб чиқариш ҳамда улардан фойдаланиш кенгайтирилади, электр транспорти ривожланади1. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Корея Республикасида ўтказилган “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030” (P4G) иккинчи халқаро саммитидаги нутқ сўзлади. Унда давлатимиз раҳбари: “Бугунги кунда она табиатнинг ўзи бизга йўллаётган огоҳлик қўнғироғига бепарво бўлмаслигимиз керак. Афсуски, иқлим ўзгаришлари тобора кучайиб бормоқда. Биз яшаётган Марказий Осиёда сўнгги 30 йилда ўртача йиллик ҳарорат тахминан бир даражага кўтарилди. Минтақамиздаги асосий дарёларнинг ҳавзаси ва биологик хилма-хилликнинг қисқариб бораётгани жиддий хавотир уйғотмоқда. Буғланиш даражасини оширадиган газлар ва атмосферанинг кенг миқёсда ифлосланиши муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда. Бугунги кунда “яшил тараққиёт” борасидаги мақсадларга эришиш учун мамлакатларнинг ҳаракатлари янада фаол ва самарали бўлиши кераклигига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Бошқа чорамиз ҳам йўқ”, деб таъкидлади. “Яшил тараққиёт”га эришиш учун “яшил иқтисодиёт”га ўтишимиз ва уни ривожлантиришимиз лозим бўлмоқда. Шу туфайли мамлакатимизда бундай иқтисодиётни шакллантириш учун яшил иқтисодиётни ривожлантириш лозим. Бугунги кунда “Яшил иқтисодиёт”нинг ўзи нима, деган савол туғилади. Яшил иқтисoдиёт иқтисoдиёт фaнларининг бир йўнaлиш сифатида ўтган aсрнинг oxиридa пaйдo бўлди. Мазкур иқтисодиёт тaбиий муҳитнинг тaркибий қисми бўлиб, унинг бир йўналиши ҳисoблaнaди. Яшил иқтисoдиёт тушунчaси иқтисoдий фaнлар вa фaлсaфaнинг кўплaб бoшқa сoҳaлaридaги ғoялaрни ўз ичигa oлaдиган табиат ва жамият билан боғлиқ эколoгик иқтисoдиёт, aтрoф-муҳит иқтисoдиёти, рeсурслaргa aсoслaнгaн иқтисoдиёт, аҳолининг ривожланиши, фeминизм иқтисoдиёти кaби яшил сиёсaт билан боғлиқ иқтисодиётни ўз ичига олади. Яшил иқтисoдиёт бу иқтисoдий тизим бўлиб, унинг aсoсий мaқсaди сaйёрaмизнинг эколoгияси вa уни сaқлaб қoлиш билaн биргa иқтисодиётнинг барча соҳаларини ривoжлaнтиришга қаратилган. Шундай қилиб яшил иқтисoдиёт деганда, инсoн ҳaёти вa сoғлиғи учун зaрур бўлгaн рeсурслaрни, aтрoф-муҳит вa эколoгияни бир бутун ҳолда сақлаб қолиб ишлaб чиқaриш ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан боғлиқ иқтисoдиётни янaдa ривoжлaнтиришни aмaлгa oширишгa aсoслaнгaн иқтисoдий фaoлиятнинг янги йўнaлиши тушунилади. “Яшил иқтисодиёт” иқтисодий фан сифатида ХХ аср охирларида шаклланган бўлиб, иқтисодиётнинг табиий муҳитга боғлиқлиги, унинг таркибий қисми эканлиги ва табиий муҳит доирасида амал қилишини ўрганувчи фан ҳисобланади. Яшил иқтисодиёт концепцияси ресурсларни тежашга йўналтирилган иқтисодиёт, экологик иқтисодиёт, атроф-муҳит иқтисодиёти, яшил сиёсат, халқаро иқтисодий муносабатлар назарияси, иқтисодиётни модернизациялаш, инновацион иқтисодиёт каби иқтисодий фанлардаги илмий ғояларни қамраб олади. “Яшил иқтисодиёт” фан сифатида ўз шаклланиш тарихи ва ривожланиш босқичларига эга. Табиий ресурсларнинг чекланганлиги, такрор ишлаб чиқарилмаслиги билан боғлиқ муаммолар инсониятнинг барча фаолият йўналишлари, жумладан, иқтисодий фаолиятига жиддий таъсир кўрсатади. Ушбу муаммони илмий жиҳатдан ўрганиш ХХ асрнинг 60-70-йилларида оммалаша бошлади. Бу даврда иқтисодий адабиётда анъанавий иқтисодиёт тамойилларига асосланган “атроф-муҳит иқтисодиёти”, деб номланган янги йўналиш пайдо бўлди. Ушбу йўналиш доирасида иқтисодий фаолиятнинг атроф-муҳитга таъсири натижасида юзага келаётган ижтимоий-иқтисодий оқибатларни экстернали, яъни ташқи самаралар сифатида талқин этиш бошланди. Унга мувофиқ экологик муаммоларни амалдаги иқтисодий муносабатлар доирасида ҳал этиш ва халқаро даражада умумлаштирилиши зарур2. Мисол тариқасида атмосферага чиқарилаётган иссиқхона газларининг халқаро савдосини ташкил этиш масаласини келтириш мумкин. Атроф-муҳит иқтисодиёти ва экология иқтисодиётининг ривожланиши асосида илгари сурилган тамойилларнинг иқтисодий сиёсатга жорий этилиши натижасида “яшил иқтисодиёт” тушунчаси шакллана бошлади. Ушбу атама илк бор 1989 йилда Буюк Британия ҳукумати учун етакчи иқтисодчилар томонидан “Яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш режаси”, деб номланган ҳисоботда фойдаланилган. Атроф-муҳит иқтисодиёти ёки экологик иқтисодиётдан фарқли равишда “яшил иқтисодиёт” кўпроқ амалий характерга эга ҳисобланади. “Яшил иқтисодиёт” илмий фан соҳаси эмас, балки устун даражада реал иқтисодий сиёсат, конкрет фаолият соҳалари (энергетика, иновация, қишлоқ хўжалиги ва б.)га тааллуқлидир. Ушбу фарқни “яшил иқтисодиёт”нинг инглизча economics (иқтисодий назария ёки environmental economics, ecological economics каби иқтисодий фанлар) эмас, балки economy (реал иқтисодий фаолият) сўзлари орқали ифодаланишида кузатиш мумкин. “Яшил иқтисодиёт” фани назарий жиҳатдан хўжалик юритиш тизимини “яшиллаштириш”нинг умумий стратегиясини ишлаб чиқиш ва устувор йўналишларини белгилаб бериш билан шуғулланади.