Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тошкент вилояти чирчиқ давлат педагогика институти тарих ва тиллар факультети ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ЧИРЧИҚ ДАВЛАТ ПЕДАГОГИКА ИНСТИТУТИ ТАРИХ ВА ТИЛЛАР ФАКУЛЬТЕТИ ТАРИХ КАФЕДРАСИ ЎЗБЕК ХАЛҚИ ЭТНОГЕНЕЗИ ВА ЭТНИК ТАРИХИ ФАНИДАН МАЪРУЗАЛАР МАТНИ 1-МАВЗУ:”ЎЗБЕК ХАЛҚИ ЭТНОГЕНЕЗИ ВА ЭТНИК ТАРИХИ” ФАНИГА КИРИШ. РЕЖА. 1. Мавзунинг долзарблиги. 2. Ўзбек халқининг этногенези ва этник тарихи фанининг мазмун ва моҳияти, унинг тарих фанида тутган ўрни. Мавзунинг долзарблиги. Ҳар бир халқнинг тарихи, унинг этногенез ива этник тарихи билан узвий боғлиқдир. Этногенез ва этник тарих эса тарих фанининг бош масаласидир. Ўзбек халқининг этногенез ива этник тарихи Ўзбекистон халқлари тарихининг таркибий қисмини ташкил этади. Этногенез, этник тарих ва миллат тарихининг ҳар бирини алоҳида олганда, уларнинг бошланғич ва якуний нуқталари бор. Ўзбек халқининг миллат сифатидаги тарихи XIX аср охири ХХ аср бошларида бошланди. Миллат шаклланиши ҳам халқнинг таркиб топиши каби узоқ давом этадиган тарихий ва этномаданий жараён бўлиб, миллат этник тарихининг энг юксак юқори чўққиси, камолот босқичидирки, бу босқичга кўтарилган халқнинг давлати миллат номи билан юритилади. У суверен давлат сифатида ички ва ташқи сиёсатни мустақил юритади. Миллат тили давлат тили мақомини олади, унинг давлат чегаралари қатъий, дахлсиз бўлиб, жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинади, миллатнинг ўзликни англаш даражаси юксак, миллий ғурур, ватанга фидоийлик, она замин ва халқига содиқлик миллат фуқаролари ҳаётининг мазмунига, кундалик турмуш тарзига айланади, миллатга хос менталитет шаклланади, давлат жамият томонидан бошқарилади, яъни давлат миллатнинг ҳохиширодасини бажарувчи механизмга айланади. Миллатнинг тил, территория ва этномаданий жиҳатдан бирлаштирувчи омил иқтисодий негиздир. Миллатнинг иқтисодий-хўжалик бирлиги асосида тил ва территория ҳамда этномаданий бирликлар пайдо бўлади. Миллатнинг иқтисодий ва сиёсий бирлашиши халқ сўзлашув тилининг яқинлашиши асосида ягона миллий адабий тилнинг пайдо бўлишига олиб келади. Жамиятда ҳар ким ўзига муносиб ўрин эгаллаши ва ҳаёт кечиришининг мезонлари ҳозир тамомила бошқачадир. Бундан буён инсоннинг жамиятдаги ўрнини, истиқболи ва келажагини фақат унинг билимигина эмас, балки ақл-идроки, ишбилармонлиги ва уддабуронлиги, меҳнат малакалари ҳам белгилайди. Жумҳуриятимиз бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтаётган ҳозирги шароитда оиладаги, мактаблар, ўқув бртлари ва табия муассасаларидаги меҳнат тарбиясининг аҳамияти айниқса катта. Мустақил Ўзбекистон учун ҳақиқий меҳнатсевар, малакали, ишбилармон, кўплаб хорижий инсонлар жумҳуриятимизни янада ривожланишига муносиб ҳисса қўшишлари мумкин. Инсоннинг ўзи ва ўз оиласининг бахт-саодати йўлида меҳнат қилишга шахсан тайёр эканлиги унинг ички имкониятларини ташкил этади. Билимни севиш ва ардоқлаш, олиму фузалоларни, устодларни ҳурмат қилиш, мардлик, одамийлик, камтарлик, адолат, ҳалоллик ва ҳақгўйлик каби инсоний фазилатларни улуғлаш борасида ҳам бошқалар ибрат олиши мумкин бўлган ажойиб қадриятларимиз ҳам бениҳоя кўп. Шулардан яна баъзи бирлари устида тўхтаб ўтишга тўғри келади. Миллий қадриятларимизда билим ва билимдонлик жуда улуғланади. Билим ва заковатнинг қадр-қиммати, жамият тараққиёти, шахснинг маданий-маънавий, ахлоқий камолоти учун аҳамияти ҳақида қанчадан-қанча китоблар битилганини, ривоятлар айтилганини, мақоллар тўқилганини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Билим энг катта бойлик эканлиги, дунёда ундан қадрлироқ нарса йўқлиги тўғрисида қадимги ҳинд халқининг “Калила ва Димна”, Низомулмулкнинг “Сиёсатнома”, Носир Хисровнинг “Саодатнома”, “Рўшнома”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билик”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул ҳақойиқ”, Аҳмад Яссавийнинг “Девони ҳикмат”, Алишер Навоийнинг “Хамса” каби машҳур асарларида бир-биридан муҳим, бир-биридан сермазмун фикрлар баён этилган. Бизнинг маданиятимиз ва тарихимизда инсонни илм асосларини билиб олишга даъват этмаган, билимнинг хосияти ҳақида куйиб-ёниб сўзламаган на биронта шоир ва ёзувчи, биронта олим бўлмаган, десак муболаға бўлмайди. Бунинг учун лоақал Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийнинг, Абу Наср Форобийнинг, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Синонинг муборак номларини эслашнинг ўзи кифоя қилади. Уларнинг қаламларига мансуб бўлган асарнинг ҳар бири инсоният учун мислсиз бойлик, битмастуганмас хазиналар конидир. Ўзларининг ақл-идроклари, тафаккур қуввати, зеҳн-заковати, буюк кашфиётлари, илмфани билан дунёни ҳозиргача ҳам лол қолдириб келаётган буюк мутафаккирлари, фузалою уламолари бениҳоя кўплиги билан ўзбек халқи ҳар қанча фахрланса, ифтихор қилса, бошини баланд кўтариб ғурурланиб юрса арзийди!! Ўзбеклар насл-насаби, ўтмиши ниҳоятда улуғ ва бақувват, илдизи жуда чуқур, қадимий халқлардан биридир. Биз тарих майдонида куни кеча пайдо бўлган халқ эмасмиз. Илм-фанга ўчлик, маърифатга томон талпиниш, маданиятга ташналик, одоб-ахлоқ қоидаларини чуқур ўзлаштириб ҳаётга татбиқ этишга интилиш, китоб мутолаасини ҳеч қачон канда қилмаслик, зеҳнини ўткирлаб, фикрини бойитиб, тафаккур қувватини оширишга доимо шай туриш-буларнинг ҳаммаси ўзбек халқига авлод-аждодларидан ўтиб келаётган буюк анъана, ажойиб мерос бўлиб, булар унинг қон-қонига чуқур сингиб кетган. Ушбу курс ишини ўрганишдан мақсад қуйидагилардан иборат: - Ўзбек халқи генезиси ҳақидаги ғояларни аниқлаш; - Ўзбек халқининг шаклланиш тарихини ёритиш; - Миллат, миллий менталитет тушунчаларининг мазмун-моҳиятини ёритиш; - Ўзбек миллий менталитети ва унинг ўзига хос хусусиятларини очиб бериш; - Мустақил Ўзбекистон давлати – Ўзбек миллатининг узил-кесил шаклланишида бош омил эканлигини ёритишдан иборат. 2-МАВЗУ:ЎЗБЕК ХАЛҚИ ЭТНОГЕНЕЗИ ВА ЭТНИК ТАРИХИНИНГ БАЪЗИ БИР НАЗАРИЙ ВА ИЛМИЙ-МЕТОДОЛОГИК МАСАЛАЛАРИ Этногенез ва этник тарихнинг босқичлари ва асосий тушунчалар (этногенез, этник бирлик, этнос, этнографик гуруҳ ва бошқалар). Фаннинг тарихшунослиги ва илмий-методологик асослари. Ўрта Осиё халқларининг келиб чиқиши ҳақидаги қарашлар ва назариялар (пантуркизм, панисломизм, панэронизм, миллий автохтонизм назариялари). Ўзбек этногенезининг бошланғич нуқтаси ҳақида фанда мавжуд нуқтаи назарлар. Тарих фанидаги мавжуд илмий ишланмага кўра, ҳар бир халқнинг келиб чиқиш тарихи икки босқичдан иборат бўлади. Биринчи босқич — этногенез, иккинчи босқич — этник тарихдан иборат. Халқ тарихининг этногенез қисми унинг элат, халқ бўлиб шакллангунига қадар бўлган даврни ўз ичига олади. Халқ этногенези жуда узоқ давом этадиган тарихий ва этномаданий жараён. Унинг ибтидоси қабила ва қабила иттифоқидан бошланади. Қачонким, айнан ўрганилаётган халқнинг этногенези якунлангач, унинг этник тарихи бошланади. Этник тарих ҳам жуда узоқ давом этадиган тарихий ва этномаданий жараён бўлиб, этник тарих ўз ривожининг маълум нуқтасига етгач, унинг миллат бўлиб шаклланиш жараёни бошланади. Мана шу илмий — методологик асосдан келиб чиққан ҳолда халқларнинг этногенези ва этник тарихи ўрганилади. Халқларнинг келиб чиқиши масаласида, яъни этногенез ва этник тарихни ўрганишда махсус назарий ва илмий методологик ишланмалар борки, уларга асосланмай туриб, бирор халқнинг келиб чиқиши ҳақида тўғри тасаввурга эга бўлиш қийин. Биринчидан, ҳар бир халқ ҳозирда яшаб турган ҳудудлари билан азалдан боғликдир. Дунёда бирор халқ йўқки, ўзининг этногенез босқичида минтақадаги бошқа этник бирликлар билан аралашмаган бўлса. Бу ҳақда Ўрта Осиё халқлари тарихининг билимдони проф. С.П.Толтов шундай деган эди: «Ҳозирги замон Ўрта Осиё халқларининг биронтаси ҳам қадимги этник гуруҳларга бевосита бориб тақалмайди. Аксинча, уларнинг шаклланишида, ерли халқлар ва теварак-атрофдан кўчиб келган халқлар ҳар хил нисбатда ўз аксини топган»[1]. Бундан ўзбек халқи ҳам мустасно эмас. Шундай экан, Моварауннаҳр ва қадимги Хоразм ҳудудлари азалий ватани бўлган ўзбек халқининг илк аждодлари икки тил — туркий ва эроний тиллар туркумидаги қабила ва элатлар бўлиб, уларнинг узоқ йиллар давомида аралашуви, қоришуви жараёнида ўзбек элати халқ бўлиб шаклланди. Демак, ўзбек халқи икки хил тилларда сўзлашувчи аждодлардан, яъни этник бирликлардан таркиб топган. Иккинчидан, этногенез ва этник тарихни ўрганишда тадқиқотчи биринчи навбатда ўрганаётган халқ этногенезининг қачондан бошланганлигини аниқлаб олмоғи керак бўлади. Чунки, этнос фақат кишилик тараққиётининг маълум бир босқичида пайдо бўлади[2]. Этногенезнинг бошлангич нуқтаси эса этноснинг қадим замонларда яшаган «аждодлари»га бориб тақалади[3]. Ўзбек халқининг қадимги аждодлари кимлар эди? Улар Моварауннаҳр ва қадимги Хоразмнинг туркий ва эроний тил лаҳжаларида сўзловчи туб жойли ўтроқ ва чорвадор аҳолисидир. Бу икки хил тилда сўзлашувчи қабила ва элатларнинг биринчи бор бир-бирлари билан аралашиш жараёни ўзбек этногенезининг бошланиши, дастлабки нуқтаси ҳисобланади. Таниқли шарқшунос олим, проф. А.Ю. Якубовский 1941 йилда Тошкентда чоп этган «Ўзбек халқининг юзага келиши масаласи ҳақида» номли рисоласида ана шу илмий принципдан келиб чиқиб, ўзбек этногенези Турк хоқонлигидан бошланади, — деган эди[4]. Мана шу хулоса асосида Ўзбекистон тарихининг дастлабки нашрлари чоп этилди. Фанда бу фикр ўз ўрнини топди. Лекин, қадимги Хоразмда кенг кўламги археологик ва этнографик тадқиқотлар олиб борган ва Ўзбекистон тарихини яратишда беқиёс илмий изланишлар ўтказган забардаст олим С.П.Толстов ўзбек халқи этногенезининг бошланиши Қанғ давлати доирасида содир бўлди, «Қанғ давлатининг таркибида ва у эгаллаб турган минтақаларда ўзбек халқининг илк аждодлари яшаган, буларнинг этник таркиби ва тили бир хилда бўлмаган» деган ғояни кўтариб чиқди[5]. С.П. Толстов ўртага ташлаган бу ғоя Ўзбекистон ҳудудларида олиб борилган кенг кўламли археологик ва антропологик материалларда ўз исботини тўлик топган[6]. С.П.Толстов ғоясининг кенг кўламли илмий исботи академик К.Шониёзов асарларида келтирилган[7]. Шунингдек, К. Шониёзов С.П.Толстов фикр-мулоҳазаларига баъзи бир аниқликлар киритиб, «Қанғ давлати ўрамида мураккаб этник жараён юз берган. Аммо бу жараён ўзбек аждодларига хос этногенетик жараён эди. Шу жараён туфайли Қанғ давлати ичида милоддан олдинги II — милодий I асрлар давомида мутлақо янги, туркий тилли халқ — қанғар элати вужудга келади. Бу элат эрон тилли халқлар билан туркий тилли қабилаларнинг аралашиб, қоришиб бориши натижасида ташкил топди», — деган хулосага келади[8]. Таъкидлаш жоизки, XX асрнинг 70-80 йилларида Ўрта Осиё республикалари ҳудудларида, Қозоғистон даштлари, Тоғли Олтой ва Жанубий Сибирда катта масштабда археологик ва антропологик тадқиқотлар олиб борилди. Мутахасис олимлар қўлида бой фактик материаллар тўпланди. Бироқ, бу ҳудудларнинг қадимда яшаган аҳолисининг тили масаласида чиқарилган хулосалар объективлик, тарихийлик ва холислик тамойилларидан анча узоқ эди. Чунки, Совет тарихшунослиги эронпараст лингивистлар таъсирида (улар Совет даври тарихи ва тилшунослигида нуфузли мавкега эга эдилар) Қора денгизнинг шарқий соҳилларидан то Бойкалгача чўзилган чўлларда қадимда эрон забон аҳоли яшаган, бу географик кенгликнинг фақат Тоғли Олтой қисмидагина туркийлар яшарди, деган нотўғри тасаввур фанда ўрнашиб қолган эди[9]. Бундай тасаввур ҳозир ҳам нафақат Россия олимлари, балки Ўрта Осиё, жумладан Ўзбекистонлик археолог ва тарихчилар орасида ҳам хукмронлик қилади. Совет даврида тўпланган археологик ва антропологик материалларни қайта кўриб чиқиш, улар таҳлилига холислик асосида янгича ёндашиш, мустақиллик берган ғоявий эркинликдан фойдаланган ҳолда ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб, ўзбек халқи этногенезининг бошланғич нуқтаси роса минг йилга қадимийлаштирилди. Ўзбек халқи тарихи 3 минг йилдан кам эмас дейилди. Ўзбекларнинг икки хил тилда сўзлашувчи илк аждодларининг нафақат иқтисодий ва маданий, балки этник жиҳатдан ҳам бир-бирларига яқинлашиш, аралашиш, қоришиш жараёни сўнгги бронза давридан бошланди, — деган хулосага келинди[10]. Бундай ўта масъулиятли хулосага келишимизда Хитой ёзма манбалари катта рол ўйнади. Маълумки, Совет даври қадимшунослигида хунларни туркий забон қабилалар эканлиги тан олинган. Хунларнинг илк аждодлари бутун Сибир бўйлаб кенг тарқалишига қарамай, Хитой ёзма манбаъларининг Н.Я. Бичурин чала таржималарига асосланиб, туркий халқларнинг ватани фақат Тоғли Олтой деб келинди. Бироқ, Қозоғистон даштлари, жанубий ва жанубий-шарқий Ўрол орти районлар, Жанубий Сибир ва Тоғли Олтойдан топилган бронза даврига оид археологик ва антропологик материаллар айнан бирбирларига ўхшаш, яқин, бир хил моддий маданият ва бир хил антропологик типдаги қабилалар эканлиги Совет даври илмий адабиётларида қайд этилсада (гап андронова маданияти қабилалари ҳақида кетаяпди), андронова маданиятининг Тоғли Олтойда яшаган жамоалари туркий тилли эди, қолган минтақаларда яшаган қабиладошлари эса эрон забон бўлган, — деган ғайри илмий фикр хукмрон эди[11]. Кейинги йилларда Хитой ва Япон олимлари бу масалага қатор аниқликлар киритишдилар, яъни қадимги Хитой подшоликларида «ши» деб аталган йилномачилар қадимги шимолий ҳитой подшоликларининг ғарбий ва шимолий чегараларида чорвадор туркий забон қабилалар яшаганликларини тақъдлайдилар, яъни «ши»лар мил. аввалги 2205 йилдан бошлаб Шимолий Хитойдаги кичик ҳокимликлар тарихини ёзабошлаганлар. Ана шу кичик ҳокимликлардан бири «Шя» подшолиги бўлиб, у шимолий Хитойда мил. аввалги 2205-1766 йилларда хукмронлик қилган. Сўнг, мил. аввалги 1766-1122 йилларда «Шонг» номли кичик ҳокимлик хукм сурган. Уларнинг ҳар иккаласи девонида «ши»лар фаолият кўрсатиб, нафақат ўз ҳокимликлари тарихини тошга, суякка ва хитой қамишига ёзиб борган, балки у ҳокимликларга чегарадош қабилалар ва элатлар ҳақида ҳам маълумот қолдирганлар. Тарихда ана шундай «ши»лардан Са Же ва Рюй Сунг исмли нилномачиларнинг номи бизгача етиб келган. Мил. аввалги 1 — минг йилликда «ши» лавозимидаги йилномачиларнинг сони кўпаяди, улар ёзадиган иш хажми ҳам кенгайган. Хотиралар ҳукмдорлар истаги асосида битилиб, ҳукмдорлар «Тангри фарзанди» сифатида илоҳийлаштирилади. Уларнинг фаолияти қонун, аҳлоқ нормалари ва Тангри амри сифатида қабул қилинади. Сима Цян ана шу хотиралар асосида ўзининг «Тарихий хотиралар» асарини ёзган. Милодий 319 йилдан бошлаб нафақат тарихга оид хотиралар, балки тарихшуносликка доир асарлар ҳам пайдо бўла бошлади. Танг сулоласи даврида (618-907 й.) тарихий воқеаларни ёзиш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу иш давлат монополиясига айланади. Йилномачи «ши»лар ёзиб борган расмий сулолалар 24 та бўлганлиги учун сулолалар тарихи 24 тарих, яъни «Эрши си ши» номини олган. 24 тарихнинг биринчи жилди Сима Цян қаламига мансуб «Тарихий хотиралар» бўлса, унинг охиргиси Минг сулоласи (1368-1644) тарихидан иборат. Хронологик жиҳатдан ушбу 24 тарих 3,5 минг йиллик тарихни ўз ичига олади. Ана шу тарихнинг X асргача бўлган воқеаларни ўз ичига олган жилдлари хитойшунос олим Аҳаджон Хўжаевнинг гувоҳлик беришича, бевосита Туркистон тарихи учун кўп қимматли маълумотлар беради[12]. Сима Цяннинг «Тарихий хотиралар»ида мил. аввалги 2205-1766 йилларда Шимолий Хитойнинг «Шя» кичик ҳокимлигини ғарбий ва шимолий томонида «ху» ёки «хулу» деб аталган халқлар яшайди дейилган (Хитой тили катта иероглифлар луғати. 3-жилд, 2057 бет; Сиюан. Сўзлар этимологияси. 1218 бет). Хитойшунос олим А.Хўжаевнинг айтишича, «ху» ва «хулу» туркийча «хўр» атамасининг хитойча талаффусидир. «Хўр» қадимий туркийда эркин, озод, бир жойга боғланиб қолмаган, кўчманчи халқ маъносини aнглатган. Хитой тилида ундош «р» товушини талаффуз этиш мумкин бўлмаганлигидан хитойлар «хўр»атамасини «ху» иероглифи билан ифода этишган. Кейинроқ шарқий «ху»лар хитойчада «дунгху» деб аталиб, ушбу атама рус адабиёти орқали ҳозирги замон тилимизга «тунгус» талаффуси билан кириб келган. «Ху»ларнинг ғарбий қисми эса «рунг» ва «ди» деб аталган иккита қабилага бўлинган. «Ди»лар ўз навбатида қизил ди («чи ди»), катта ди («жонг ди»), оқ ди («бай ди») ларга бўлинган. «Рунг»лар эса ғарбий рунг-«ши рунг», тоғли рунг-«шан рунг» ва ўрмонли рунг-«линг рунг» каби қисмларга бўлиниб яшаган. Хан сулоласи тарихининг хунлар тазкирасини иккинчи қисмида «жанубда буюк Хан мавжуд, унинг шимолида кучли «ху» мавжуд» деб хунларга ишора қилинган. Шарқий Хан тарихчиси Чженг Шюан «ху» ҳозирги сюнну», яъни хун деб ёзган (Хитой тили катта иероглифлар луғати, 3-жилд, 2057 бет). «Ди»лар баъзи қадимий ҳитой ёзма манбаъларида «динглинг» деб ёзилган. А.Хўжаевнинг таъкидлашича, қадимги хитой ёзма манбаъларида «д» товуши «т» товуши билан, «т» товуши эса «ч» товуши билан алмашиб, «динглинг» атамаси «тинглинг» деб талаффус қилинган. Кейинроқ, «нг» товуши ҳам тушириб қолдирилиб, «тинглинг», «тэле»,«чэле» ёки «чиле» бўлиб кетган. Демак, ди, динглинг, тинглинг, тэле, чэле, чилэ «ху»нинг авлодлари, милодий III-VI асрларда улар «туро» номи остида юритилган. «Тэле»- «туро» аслида битта қабиланинг номи бўлмай, балки VI асргача Марказий Осиёданинг Қозоғистон чўллари ва Жанубий Сибир даштларида, Тоғли Олтой ва жанубий-шарқий Ўрол орти районларида яшаган барча туркий қабилаларнинг умумий номи бўлган. Шимолий сулола тарихида келтирилган маълумотларга кўра, хунлар хоқонлиги емирилгандан кейин Атилла билан ғарбга кетмай ўз жойларида қолиб кетган туркий қабилалар туро (хитойча тэле) номи билан аталиб, улар таркибида 44 та қабила мавжуд бўлганлиги қадимги Хитой манбаъларида келтирилади (Кўхна Танг сулоласи тарихи. 199 боб, 2-қисм, 15393 бет). Шундай қилиб, юқорида келтирилган кадимги ҳитой ёзма манбаълари тахлилига кўра, Шимолий Хитой ҳокимликлари «ши»ларининг хотираномаларида номлари тилга олинган «Шя» ва Шонг» кичик подшоликларининг шимолий ва ғарбий чегараларида мил. аввалги III минг йилликнинг иккинчи ярми ва II минг йиллик давомида «Ху» ва «Ди» номлари остида чорвадор қабилалар яшаган. Айнан шу вақтда археологик тадқиқотлар натижаларига кўра, бу жойларда, яъни Шимолий Хитой кичик подшоликларининг шимолий ва ғарбий чегараларида андронова маданияти қабилалари кенг тарқалган эди. Улар хитой «ши»лари айтганидек, чорвадор қабилалар бўлиб, Шимолий Хитой ҳокимликларига тинчлик бермаганлар. Буюк Хитой деворининг пайдо бўлиши ҳам ана шу кўчманчи чорвадорларнинг шимолий Хитой кичик подшоликларининг экинзорларини тезтез пайхон қилаверганларидан бошлаб юз берган. Шарқий Хан тарихчиси Чженг Шюан айтганидек, «ху»- ҳозирги «сюнну», яъни хунлар эди. Демак, чорвадор «ху»лар туркийгўй қабилалар бўлган. «Ху»нинг авлодлари «ди»лар, «динглинг», «тинглинг», «тэле» ва «туро»лар ҳам туркий қабилалар эканлигига энди шубҳа қолмади. Шундай қилиб, ўзбек этногенезининг бошланиши милоддан аввалги IIминг йилликнинг оҳирларида юз берди[13]. Бу даврда эса Ўрта Осиё ҳудудларида, жумладан Моварауннаҳр ва Қадимги Хоразмда нафақат эроний тилли қабилалар, балки туркий тилли қабилалар ҳам кенг тарқалган эди. Уларнинг моддий маданият ёдгорликлари Ўрта Осиё ҳудудларининг барча минтақаларида очиб ўрганилган. Уларнинг Қадимги Хоразм ҳудудларида истиқомат қилган қабиладошлари нафақат чорвачилик билан, балки мил. авв. II минг йилликнинг охирги чоракларидан ўтроқлашиб, деҳқончилик билан шуғулланганлар[14]. Демак, Б.В.Андриановнинг Қадимги Хоразмнинг суғориш тарихини ўрганиш борасида ўтказган тадқиқотлари ўзбекларнинг сўнгги бронза даврида яшаган туркийгўй аждодлари ҳам ўтроқлаша бошлаганлигидан гувоҳлик берарди. Халқларни келиб чиқиши масаласидаги талаблардан учинчиси — ҳеч қачон этнос аждодларининг антропологик типи ва тили этнос тили ва типи билан бир вақтда юз бермаслигини унутмасликдир. Чунки, этногенез тарихининг илк босқичларида этник бирликлар, айниқса уларнинг тили ва типи ҳали шаклланмаган. Тил, тип ва этник бирлик тушунчалари ҳар хил давр воқийлиги бўлиб, уларнинг шаклланиш жараёни бир даврда юз бермайди[15]. Тўртинчидан, этнос, бу биологик ҳосила эмас, балки ижтимоий ҳодисадир. У кишилик тараққиёти маълум бир босқичининг ҳосиласидир. Этнос ўзининг шаклланиш жараёнида, яъни этногенез босқичида ва ундан кейин ҳам ҳар хил тарихий сабабларга кўра, унинг таркибига янгидан-янги этни қатламлар қўшилиб боради. Бу табиий ҳол. Дунёда ҳеч бир халқ йўқки, у ўз этногенез жараёнининг илк босқичларидан то миллат даражасига кўтарилгунича бошқа этник қўшилмаларсиз ривожланган бўлса. Демак, ер юзининг барча халқлари келиб чиқиши жиҳатидан кўп этник қатламлидир. Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи бунга яққол мисол бўлаолади. Дарҳақиқат, ўзбек халқи этногенезининг илк босқичларидан то халқ сифатида шаклланиб бўлгунига қадар унинг асосий таркибини ташкил этган автохтон суғду-хоразмий ва қадимги туркий забон этник қатламлардан ташқари ўзига турли даврларда ҳар хил миқдорда маҳаллий ва теварак-атрофлардан келиб қўшилган этник гуруҳларни сингдириб борди[16]. Бешинчидан, ҳар бир халқнинг этник тарихини ўрганиш этник бирликнинг шаклланиш жараёнини илк босқичдан бошлашни тақозо этади. Этник бирликни пайдо бўлиши, ривожланиши ва унинг этносга айланиши жуда қадим-қадим замонлардан бошланиб, то унинг халқ бўлиб шакллангунига қадар давом этадиган бутун бир тарихий жараёндир. Этнос тарихининг муҳим босқичларидан бири эса унинг узил-кесил шаклланиш жараёнини ниҳоясига етишидир. Агар этнос шаклланиши ниҳоясига етган бўлса, унга кейинроқ қўшилган этник компонентлар шаклланган этнос таркибини ўзгартириб юбора олмайди, балки унинг таркибида этнографик гуруҳлар сифатида узоқ вақтлар яшаб, маълум бир тарихий воқийлик таъсиридан сўнг этнос таркибига сингиб кетади. Масалан, шундай ҳолат ўзбек халқи тарихида юз берган, яъни XI-XII аср биринчи ярмида узилкесил шаклланган ўзбек халқи таркибига XIII аср биринчи ярмидаги мўғул истилолари ва XVI аср бошларида Ўрта Осиёга шайбонийларнинг кириб келиши муносабати билан ўзбек халқи таркибининг асоси ўзгариб қолмади, аксинча улар жанубий Сибир антропологик типининг тимсоли сифатида Зарафшон водийси, Сурхондарё ва Қашқадарёнинг тоғ олди ва чўл минтақаларида узоқ вақт алоҳида этнографик гуруҳлар бўлиб яшай бердилар. Уларнинг бадавлат аслзода табақаси шаҳарларга ўрнашиб, Ўрта Осиё ўзбек хонликларини бошқарсалар ҳам , уларнинг маҳаллий туб жойли аҳоли таркибига сингиши жуда секин кечди[17]. Олтинчидан, ҳар бир халқнинг этник тарихи билан шуғулланганда нафақат этник бирликнинг бошланғич жараёнини, балки унинг кейинги даврларини, унга ҳос этник белги ва аломатларни аниқлаб, ўрганиб боришлик талаб этилади. Чунки юқорида таъқидлаб айтганимиздек, этник бирлик белгилари бир вақтда пайдо бўлмайди, балки этногенез жараёни давомида босқичма-босқич таркиб топиб боради. Этнос белгилари орасида тил бирлиги, этномаданий бирлик ва ўзликни англаш бирлиги алоҳида аҳамият касб этади. Кўтарилган масалалар бўйича этнос шаклланишининг назарий асослари билан шуғулланган қатор олимлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирганлар. Масалан, археолог В.Ф. Генинг этник белгиларни этносни уюштирувчи этник омиллардан фарқ қилиб, этник белгиларнинг муҳим томони шундаки, улар доим этник маъно ва мазмун касб этади, дейди[18]. Этносни уюштирувчи объектив омилларга у ҳудудий бирлик, иқтисодий хўжалик бирлигини киритиб, булар этник муносабатлар ва этник онгни туғилишига асос беради, дейди. Этнограф Л.П. Лощук ва П.К. Козловлар тил этник бирлик шаклланишининг муҳим шартидир, тил нафақат этник омил, балки этник белги ҳамдир, — дейдилар[19]. Аммо этногенез масалалари билан шуғулланувчи қатор олимлар тилни этник омилга киритмайдилар, тил фақат этник белгидир, — дейдилар[20]. Этник белгилар ичида ўзликни англаш бирлиги ўта муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳақида этнографлар алоҳида такидлайдилар. Этнограф В.В. Мавродин тил ва ўзликни англаш бирлиги элатни халқ сифатида бирлаштирувчи муҳим омилдир, — дейди[21]. Шундай қилиб, этногенез ва унинг этник ривожланишини ўрганишда этник белгилар ва этник омилларнинг таркиб топиш жараёнини кузатиб бориш этногенетик илмий тадқиқотларнинг тўғри йўналишда эканлигини таъминлайди. Этник омиллар таркибини ҳудудий бирлик, иқтисодий хўжалик бирлиги, этномаданий бирлик, антропологик тип бирлиги ва сиёсий уюшма бирлиги, яъни этноснинг маълум бир давлат доирасида уюшқоқлиги ташкил этади. Этник белгиларга эса тил бирлиги, этник ном ва ўзликни англаш бирлиги, яъни тарихий қисматнинг умумийлиги киради. Юқорида такидлаганимиздек, уларнинг таркиб топиши бир даврда юз бермайди, балки улар узоқ давом этган тарихий жараёнда бирин-кетин шаклланиб боради. Қачонки, уларнинг асосий қисми таркиб топгач, элат халқ сифатида шаклланади, этногенетик жараён яқун топиб, этник тарих, халқ тарихи бошланади[22]. Еттинчидан, этногенетик жараённи ўрганишда масалага комплекс ёндашиш, яъни этногенезга алоқадор фан ютуқларидан фойдаланиш муаммо ечимига илмийлик бағишлайди[23]. Этногенез муаммоларини ҳал этишда фойдаланаётган бирламчи манбаъларнинг нисбати ва хусусиятини билиш муҳимдир. У бирламчи манбаъларни этнография, антропология, археология, лингивистика, ёзма ёдгорликлар, топонимика, нумизматика, эпиграфика ва бошқалар ташкил этади. Уларнинг ҳар бири этногенез ва этник тарих учун қимматли маълумот беради. Этногенетик жараённи ўрганишда учта масалага ойдинлик киритиб олиш зарур. 1) Ўрганилаётган этнос туб ерлими ёки келгинди? 2) Ўрганилаётган этнос асоси бир компонентлими ёки кўп компонентли? 3) Ўрганилаётган халқ этник уюшмасининг ўзаги дастлаб қаерда таркиб топган? Тадқиқотчи ўз олдига шу саволларни қўяр экан, доима бир нарсани ёдда тутиши керакки, ҳеч қачон этник уюшманинг «моногенези» бўлмайди. Дунёда бирор халқ йўқки, у кўп компонентли бўлмаса. Ўзбек халқининг этногенези ва этник тарихини назарий масалалари билан таниқли элшунос олим-академик К.Шониёзов ҳам шуғулланган. У ушбу масалада 1998 йилда «Ўзбекистонда ижтимоий фанлар» журналида «Ўзбек халқининг этногенезига оид баъзи назарий масалалар» номли мақола эълон қилди. Мана шу мақоласини тўлдирилган вариантини 2001 йилда чоп этилган «Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни» китобида қайта чоп этди[24]. Ўшбу мақолада этногенез ва этник тарихга доир қатор махсус атамаларга, жумладан этнос, этник бирлик, қабила, қабила иттифоқи, элат, халқ, этнографик гуруҳ (субэтнос) ва этник гуруҳларга тариф берилган ва уларнинг мазмун ва асл моҳияти яхши очилган. Афсуски, ишда миллат тарифи, унинг шаклланиши билан боғлик талабларни очиб бериш жавобсиз қолган. К.Шониёзов тушунчасига кўра, «элат билан миллат атамалари ҳали фанда обдан такомиллашгани йўқ»[25]. Албатта, биз бу фикрга қўшила олмаймиз. Чунки, миллат билан халқ таърифига қўйилган талаблар ташқаридан қараганда бир-бирларига ўхшаш кўринсада, аммо, моҳият жиҳатдан улар бир маънони англатмайди. Биринчидан, халқ узилкесил шаклланган феодализм жамиятининг ижтимоий маҳсули, миллат эса капиталистик жамиятнинг ижтимоий маҳсулидир. Иккинчидан, халқни уюштирувчи этник омилларданҳудудий бирлик чегаралари тарих тақозосига кўра, ўзгарувчанлик хусусиятига эга бўлади. Аммо, миллат давлат чегаралари — қатъий, мутлақо дахлсиз, жаҳон жамоатчилик ташкилотлари томонидан тан олинган ва муҳофазали бўлади. Учинчидан, халқ шаклланган пайтда ҳамма вақт ҳам унинг этник номи бўлавермайди, халқ миллат даражасига кўтарилганда эса унинг этник номи бўлиши шарт. Масалан, ўзбек халқи номи унинг элат сифатида шаклланиб бўлгандан анча кейин пайдо бўлди. Тўртинчидан, халқнинг сиёсий уюшмаси — давлат тарих тақозасига кўра, ҳамма вақт ҳам этнос номи билан аталавермайди, аммо, халқ миллатга айланганда давлат номи миллат номи билан юритилиши шарт. Бешинчидан, этноснинг халқ даражасида ўзликни англаш, миллий ғурур, ватан фидоиси бўлиш, ўз халқидан фаҳрланиш хисси ўша давр жамияти тартиб-қоидаларига кўра, кўпчилликда бир хил, юксак даражада бўлмайди. Аммо, халқ миллат даражасига кўтарилганда бу сифатлар юксак даражада бўлади. Олтинчидан, этноснинг тил бирлиги элатнинг халқ даражасида ҳамма вақт ҳам давлат мақомини олавермайди, халқ миллат даражасига чиққанда унинг тили албатта давлат мақомини олиши шарт. Еттинчидан, менталитет этноснинг халқ даражасида эмас, балки миллат даражасида шаклланади ва ниҳоят, саккизинчидан, миллат узил-кесил шаклланганда давлат жамият томонидан бошқарилади, яъни давлат халқ хизматчиси, барча соҳаларда миллат талаби ва хохиширодасини бажарувчи механизмга айланади. Демак, миллатнинг шаклланиши этногенетик жараён каби узоқ давом этадиган тарихий жараён бўлиб, миллат этник тарихнинг энг юқори юксак чўққиси, камолат босқичики, биринчидан, бу босқичга кўтарилган халқнинг давлати миллат номи билан юритилади; иккинчидан, миллат номи билан юритилган давлат чегаралари қатъий, даҳлсиз, жаҳон жамоатчилик ташкилотлари томонидан тан олинади; учинчидан, аниқ ҳудудий чегарада муомалада бўлган умум миллат тили давлат тили мақоми даражасига кўтарилади; тўртинчидан, аҳолининг ўзликни англаш даражаси фуқораларнинг ҳаёт мазмунига, кундалик турмуш тарзига айланади; бешинчидан, миллатга хос миллий минталитет шаклланади; олтинчидан, давлат жамият томонидан бошқарилади, яъни давлат миллатнинг ҳоҳиширодасини бажарувчи механизмга айланади. Юқорида айтилган фикр-мулохазалардан келиб чиқиб, ўзбек халқининг таркиб топиши ва унинг миллат мақомини олиш жараёни ҳақида, тезис тарзида қуйидаги хулосаларга келиш мумкин: Ўзбек халқи келиб чиқиши бўйича икки хил тилда сўзлашувчи қабила ва элатларнинг аралашиши ва қаришувидан таркиб топган экан, бу икки тилда сўзлашувчи жамоаларининг этник жиҳатдан дастлабки аралашуви археологик ва антропологик материалларга кўра, сўнгги бронза даврида юз берди. Бу даврни ўзбек халқи этногенезининг бошланиши, деб ҳисоблаш мумкин. Сўнгги бронза давридан бошланган ассимиляция жараёни антик даврига келиб, ўзбек халқига хос иқтисодий хўжалик, этномаданий ва антропологик тип бирликларини ўзида мужассамлаштирувчи, ўтроқ ҳаётга мослашган туркий ҳудудий майдон таркиб топди, ўзбек халқига хос антропологик типнинг мақон ва замони аниқланди. Бу ҳудудий майдон Сирдарёнинг ўрта ҳавзаси бўлиб, милодий II-I асрларда мана шу ҳудудда ўзбек халқига хос антропологик тип — «Ўрта Осиё икки дарё оралиги типи» шаклланди[26]. Бу ҳудудда туркий ва суғдий тилли қабилалар иттифоқи асосида Қанғ давлати ташкил топди. Ушбу минтақа иқтисодий- хўжалик ва этномаданий ҳаётидан гувоҳлик берувчи «Қавунчи маданияти» шаклланди[27]. «Қарунчи маданияти»ни шаклланишида туркий забон хун қабилалари ва қанғлилар катта рол ўйнаганлар. Оқибат натижада, милоддан олдинги II — милодий I асрлар давомида туркийгўй қанғар элати таркиб топди[28]. Бу даврга ўзбек этногенезининг иккинчи босқичи сифатида қараш мумкин. Ўзбек халқи этногенезининг учинчи босқичи илк ўрта асрлар даврини ўз ичига олади. Илк ўрта асрлар даври кушонлар империяси ва Қанғ давлатининг инқирози билан бошланди. Ўрта Осиё ҳудудларига туркийгўй хиёнийлар, кидарийлар, эфталийлар ва Турк хоқонлиги кириб келди ва улар билан бирга кириб келган қабилалар таркибида қарлуқ, чиғил, тухси, аргун, турк, калтатой, мусабозори каби туркий забон қабилалар қўп эди. Уларнинг кўпчиллиги маҳаллий туб жойли аҳоли билан аралашиб яшай бошлади, уларга хос анъанавий ҳаёт тарзи Ўрта Осиёнинг тоғ олди минтақаларида ярим ўтроқ ярим кўчманчилик билан кун кечираётган туркийларда давом этади, бадавлат чорвадорлар эса янги яйловлар қидириб, кенг даштларга қайтадилар. Илк ўрта асрларда туркий қабилаларнинг бу заминга кириб келишининг кети узилмайди. Бу ҳақда проф. А.Ю. Якубовский тарихий ёзма манба материалларини кўп келтиради[29]. Боз устига, бу ерда Турк хоқонлиги деярли 100 йил ҳукмронлик қилди. А.Ю. Якубовскийнинг такидлашича, бу даврда Ўрта Осиёнинг бирор жойи қолмадики, у ерларга туркий қабилалар кириб бормаган бўлса[30]. Бу даврни ўзбек этногенезининг учинчи босқичи дейиш мумкин. Моварауннаҳр ерларини араблар эгаллагач, улар бу заминга туркий қабилаларини мунтазам кириб келишини тўхтатиш йўлини қидирдилар. VIII аср давомида бу заминга олдинроқ кириб келиб ўрнашиб қолган туркийларнинг ўтроқлашиши жадаллашди. Натижада, бутун VIII аср давомида Моварауннаҳр ҳудудларида яхлит туркий этник қатлам, жонли туркий тил муҳити вужудга келади, маҳаллий суғдий забон аҳоли орасида туркийлашиш жараёни жадаллашди. Бу даврда нафақат шаҳар аҳолиси таркибига, балки қишлоқ аҳолиси ичига ҳам ўзбекларга хос тип — «Ўрта Осиё икки дарё оралиги типи» кириб борди. К. Шониёзовнинг кузатувларига кўра, IX-X асрларда ҳам бу этногенетик жараён, яъни туркийларнинг ўтроқ ҳаётга ўтиши жадал давом этади. Бу асрларда Моварауннаҳрда гарчи сиёсий ҳокимият сомонийлар қўлида бўлсада, Моварауннаҳр ва Хоразмда туркий этник қатлам кучли этник асосга эга бўлди. Бу кучли этник асосни аксарият кўпчиллигини ўтроқлашган турғун турклар ташкил этарди. Бу даврга ўзбек халқи этногенезининг тўртинчи босқичи сифатида қараш мумкин бўлар. Қорахонийлар даврида Моварауннаҳр ва Хоразмда сиёсий ҳокимият туркий сулолалар қўлига ўтиши муносабати билан ўзбек халқи этногенезининг якунловчи босқичи бошланади. Ўзбекка хос туркий этнос минтақада қарор топади. Элатга хос барча этник омиллар руёбга чиқади. Қардош туркий тилли халқлар олиму-фузалоларини ҳозиргача эътирозига сабаб бўлиб келаётган умумтуркий тил – Маҳмуд Қошғарий тили ичидан қарлуқ-чигил лаҳжалари асосида элатнинг жонли сифатида эски ўзбек тилига асос солинади. Бу жараён Ғарбий Қорахонийлар давлати доирасида юз берди. Демак, ўзбек элати халқ сифатида XI-XII асрнинг биринчи ярмида узил-кесил шаклланди. Ўзбек халқининг шаклланиши билан унинг этник тарихи бошланади. Ўзбек халқининг этник тарихи ҳам узоқ давом этадиган тарихий жараён бўлиб, бу жараён минтақада капиталистик ишлаб чиқариш муносабатларининг қарор топабошлаган давргача, яъни XIX асрнинг охири ва XX асрнинг бошларигача давом этди. XX аср бошларидан ўзбек миллатининг шаклланиш жараёни бошланди. Бу тарихий жараён ҳозиргача давом этмоқда. АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ. [1] Толстов С.П. Основные проблемы этногенеза народов Среденей Азии. СЭ, 1947. №VIVII. С.304 [2] Асқаров А. Ўзбек халқи этногенез ва этник тарихининг баъзи бир назарий ва илмий методологик асослари. «Ўзбекистон тарихи» журнали. 2002 й. №4 [3] Аскаров А. Некоторые аспекты изучения этногенеза и этнической истории узбекской народы. (Материалы к этнической истории населения Средней Азии). –Ташкент, 1986. С. 3 [4] Якубовский А.Ю. Ўзбек халқининг юзага келиши масаласи ҳақида – Тошкент, 1941. 67-бетлар [5] Толстов С.П. Основные проблемы этногенеза народов Среденей Азии. СЭ. 1947, №VIVII. С.303 [6] Аскаров А. Некоторые аспекты изучения этногенеза и этнической истории узбекской народы. (Материалы к этнической истории населения Средней Азии). – Ташкент, 1986. С.8,10.; Буряков Ю.Ф. Генезис и этапы развития городской культуры Ташкентского оазиса. — Ташкент. 1982. С.70-80.; Ходжаев Т.К. Палеоантропология Средней Азии и этногенетические робелмы. — М., 1981. С. 19, 37-38 [7] Шониёзов К. Қанғ давлати ва қанғарлар. — Тошкент. 1990 [8] Шониёзов К. Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни. – Тошкент, 2001. 19-бет [9] Смирнов К.Ф. Е.Е.Кузьмина. Происхождения индоиранцев в свете новейших археологических открытии. М., 1977 г. С.5-56; Кузьмина Е.Е. Происхождения индоиранцев в свете новейшых археологических данных. Сб. Этнические проблемы истории Центральной Азии в древности. М., 1981 г. С.101-125.; Кузьмина Е.Е. Откуда пришли индоарии?. Материальная культура племен Андроновских обшности и происхождения индоиранцев. М., 1994 г.; Дьяконов И.М. Прородина индоевропейцов (по поводу книги Е.Е.Кузминой «Откуда пришли индоарии ?» ВДИ. 1995 г. №1. С.123-130.; Грантовский Э.А. Раняя история иранских племен Передней Азии. М., 1970 г. С.351-358; Бонгард-Левин Г.М., Грантовский Э.А. От скифии до Индии. -М. 1983 г.; Оранский И.М. иранские языки в историческом освешении. -М., 1979 г [10] Асқаров А. Мустақиллик йиларида тарих, археология ва этнология. Ўзбекистонда ижтимоий фанлар журнали. 1996 й. №6. 71-бет.; Асқаров А. Ўзбек халқи этногенез ва этник тарихининг баъзи бир назарий ва илмий методологик асослари. «Ўзбекистон тарихи» журнали. 2002 й. №4 55-бет [11] Смирнов К.Ф., Кузьмина Е.Е. Происхождения индоиранцев в свете новейших археологических открытии. М., 1977; Кузьмина Е.Е. Происхождения индоиранцев в свете новейшых археологических данных // Этнические проблемы истории Центральной Азии в древности. М., 1981; Кузьмина Е.Е. Откуда пришли индоарии? // Материальная культура племен Андроновской обшности и происхождение индоиранцев. — М., 1994 [12] Хўжаев А. Қадимги Хитой манбаларидаги туркий халқларга оид этнонимлар. «Ўзбекистон ўрта асрларда: тарих ва маданият». – Тошкент, 2003. 178-184-бетлар [13] Асқаров А. Мустақиллик йиларида тарих, археология ва этнология. Ўзбекистонда ижтимоий фанлар журнали. 1996. №6 [14] Андрианов Б.В. Древние оросительные системы Приаралья. – М., 1969 [15] Асқаров А. Ўзбек халқи этногенез ва этник тарихининг баъзи бир назарий ва илмий методологик асослари. «Ўзбекистон тарихи» журнали. 2002,. №4. 55-бет [16] Ўша манба. 55-бет [17] Ошанин Л.В. Антропологический состав населения Средней Азии и этногенез его народов. Ч.1-3. Ереван. 1957-59. С.59 [18] Генинг В.Ф. Этнический процесс в первобытности. Свердловск, 1970. С.23 [19] Лощук. Л.П. О формах донациональных этнических связей // «Вопросы истории». №4. — М., 1967. С.80; Козлов В.И. Динамика численности народов. — М., 1969. С.26-28 [20] Крюков М.В., Софронов М.В., Чебоксаров Н.М. Древние Китайцы. Пробелмы этногенеза. — М., 1978. С.4 [21] Мавродин В.В. К вопросу о складывании Великоруской народности и русской нации. СЭ, №1. 1947. С.89 [22] Асқаров А. Ўзбек халқи этногенез ва этник тарихининг баъзи бир назарий ва илмий методологик асослари. «Ўзбекистон тарихи» журнали. 2002, № 4. 57-бет [23] Крюков М.В., Софронов М.В., Чебоксаров Н.М. Древние Китайцы. Проблемы этногенеза. — М., 1978. С.11 [24] Шониёзов К. Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни. – Тошкент, 2001. 74-102-бетлар [25] Ўша манба. 77-бет [26] Ходжаев Т.К. Палеоантропология Средней Азии и этногенетические пробелмы. — М., 1981. С. 19, 37-38 [27] Буряков Ю.Ф. Генезис и этапы развития городской культуры Ташкентского оазиса. – Ташкент, 1982. С.7080.; Филанович М.И. Ташкент. Зарождения и развитие города и городской культуры. –Ташкент, 1983. С.135-152 [28] Шониёзов К. Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни. – Тошкент, 2001. 19-бет [29] Якубовский А.Ю. Ўзбек халқининг юзага келиши масаласи ҳақида. -Тошкент. 1941 [30] Ўша манба 3-МАВЗУ:ЎЗБЕК ХАЛҚИНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ МАСАЛАСИДА ФАНДА МАВЖУД ИЛМИЙ КОНЦЕПЦИЯ ВА ҚАРАШЛАР Мустақил Узбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.Каримов 1998 йилда бўлиб ўтган бир гуруҳ тарихчилар билан бўлган суҳбатида, ҳар қандай цивилизация кўпдан-кўп халқлар, миллатлар, эллатлар фаолиятининг ва самарали таъсирининг махсулидир» -деб таъкидлар экан, «Биз ўзимизни миллат деб билар эканмиз, ўзбекчилигимиз ҳақида аниқ тушунчага эга бўлишимиз керак» деган муҳим масалани ўртага қўйди. Ҳар қандай халқнинг келиб чиқиши (этногенези) мураккаб ва долзарб муаммо бўлиб, умум тарих фанининг ютуқлари билан чамбарчас боғлиқдир. Шу кунларга қадар халқнинг келиб чиқиши ёки этногенези тўғрисидаги масала алоҳида фан сифатида шаклланиб етмаган, аммо яқин келажакда ўзида қатор ижтимоий ва табиий фанлар ютуқларини мужассамлаштирган этногенез фанининг юзага келишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Тарих, археология, тилшунослик, топономия, этнография каби фанларнинг жаҳон миқиёсида қўлга киритган ютуқларини, илмий жиҳатдан муҳим фикр мулоҳазалари ва хулосаларини менсимай, тор миллатчилик доирасидан чиқа олмай мулохаза юрити нафақат фанда, балки сиёсатда ҳам энг катта зарарли холатларга олиб келиши мумкин. Шу сабабли ҳам ўзбек, тожик, туркман, киргиз ва бошқа Марказий Осиё элат ва халқларнинг этногенези, яъни келиб чиқиши муаммоларини фақат жахон фани ютуқларига таянган холда тўғри, объектив ва холисона халқ этиш мумкин. Ўзбек халқининг келиб чиқиши (этногенези) нихоятда мураккабва жуда узоқ тарихга эга бўлган жараёндир. Бу сохада фан хозирги кунга қадар маълум ютуқларга эришган. Хусусан, Фарғона водийсидаги Селунғур ва Сурхондарёдаги Тешиктошдан топилган қадимги аждодларимиз қолдиқлари Ўзбекистонда, Африка ва Олд Осиё худудлари билан бир қаторда, хозирги замон одамларининг пайдо бўлиши жараёни юз берган худуд таркибига кириши фанда узил-кесил исботланган. Айрим олимлар томонидан билдирилган «Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон, қадимий даврлардаги монголоид ирқ шаклланган худудга киради», деган фикрнинг илмий асоссизлигини антропологик маълумотлар тасдиқлади. Ўзбек халқининг келиб чиқиши тарихини ўрганиш қанча узоқ яъни энг қадимги даврлардан бошланса, шунчалик унинг таркибига ҳозирги кунга қадар сақланиб келинаётган ирқий ва этник унсурларнинг маҳаллий халқ таркибига кирган даври ва унинг нисбий миқдори тўғрисида кенгроқ фикрга эга бўламиз. Кейинги даврда ўтказилган тадқиқотларда, Марказий Осиёда, жумладан хозирги Ўзбекистон худудида яшаган ибтидоий аҳолининг антропологик жиҳатдан европеоид ирқининг жанубий ёки Ўрта Ер денгизи пуштига яқин эканлиги исботланган. Ўзбекларнинг жанубий европеоид ирқининг ўзига хос пушти эканлиги жанубий Ўзбекистонда кашф этилган. Марказий Осиёдаги энг қадимий мустье даврига оид палеолит боланинг Тешиктошда топилган суяк қолдиқлари орқали исботлаш мумкин. Мазкур ирққа ўхшаш типларнинг Ўрта Ер денгизи, Олд ва Жанубий Осиёнинг айрим районларида топилганлиги диққатга сазовордир. Сурхандарё ва Фарғона водийсининг турли жойларидан топилган ҳар хил қурол ва буюмлар, маданий қатламлар бу ерда яшаган аҳоли, тешиктошликлар сингари, овчилик ва теримчилик билан шуғулланиб, оловдан кенг фойдаланганликлари тўғрисида хулоса қилишга имкон берди. Демак, археологик ва полеантропологик тадқиқотларга қараганда, тарихий-маданий ва этник жихатдан Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон инсоният тараққиётининг энг илк даврларидан бошлаб Олд Осиё билан боғлиқ бўлган. Балки палеолит даврида Марказий Осиёга ахоли Олд Осиёдан кучиб кела бошлаган ва кейинчалик овчи ва теримчи қабилаларнинг кўчиш жараёни давом қилиб тургандир. Бунга Мачой ғоридан топилган мезолит (эрамиздан аввалги УП-У! минг йилликлар) даврига оид одам суяги қолдиқлари ва жуда кўп моддий буюмлар далил бўлади. Бу макондаги маданий қатламларга ўхшаш топилмалар Тошкент вохасида, Туркистонда Жанубий Козоғистон ва Олд Осиё мамлакатларидаги мезолит обидаларидан топилган буюмларга ўхшайди. Палеонтропологик тадқиқотлар мазкур маконларда яшаган ахоли европеоид ирқига мансуб эканлигини тасдиқлаган. Топилмалар Марказий Осиё ахолисининг энг қадимий даврлардан қўшни элатлар, айниқса даврлардан жанубий ва ғарбий қабилалар билан алоқада бўлганлигини исботлайди. Археологик тадқиқотларнинг натижаларига қараганда Марказий Осиёда яшаган халқларнинг пайдо бўлиши мазкур хўжалик-маданий типларнинг тарихи билан бевосита боглиқ бўлиб, уларнинг этник хусусиятларини белгилаб берган. Марказий Осиёнинг жанубида, шу жумладан Фарғонада энеолит ва бронза (Мил. Авв. II минг йиллик бошларида (сунъий суғориш деҳқонлиги, тош қуроллар билан бирга илк металл қуролларининг ишлатилиши, ҳам эшитдан қурилган уйларнинг, чархда ясалган безакли сопол идишларининг пайдо бўлиши махаллий қабилаларнинг жойлашиши ва уларнинг алоқалари қандай бўлганлигидан далолат беради. Археологларнинг фикрича, эрамиздан аввалги II минг йиллик ўрталарида Амударё қўйи оқимида пайдо бўлган Тозабоғёб маданияти Жанубий Урал бўйи давлатларида шаклланиб, Хоразмга Шимол-Шарқ Оролбўйи орқали келган, деб фараз қилинади. Тозабоғёб маданиятининг тарқалган даври Хоразмда энг қадимги иригациянинг пайдо бўлишига тўғри келган. Эрамиздан аввалги II минг йиллик ўрталарида Хоразмга Тозабоғёб маданиятига оид қабилаларнинг келиши ҳинд-европа ва хинд -эронлик қабилаларнинг шимоли-ғарбдан катта кўчиши билан боғлиқ бўлиши эхтимолдан холи эмас. Кейинги вақтда ўтказилган қазилмалар ҳам Марказий Осиёнинг жанубий минтақаларида Тозабоғёб маданиятининг таъсири кучайганлигидан, дашт қабилаларининг Марказий Осиёга йирик кўчишлардан дарак беради. Бундай қабилаларнинг жануб, жануби-шарк томон кучли ҳаракати эр. Аввал. II минг йиллик охири 1 -минг йиллик бошларида рўй берганлиги тарихдан маълум. Бу харакатда суерғон маданиятига эга қабилалар ҳам иштирок қилган. Археологик материаллар мазкур чорва қабилаларининг (мил.авв. ХМХ асрларда) Ўзбой, Атрек, Тежен, Мурғоб, Амударё, Сирдарё каби дарёлар бўйлаб кўчиб ўтганлигини тасдиқлайди. Палеонтропологик маълумотларга қараганда, палеолит даврида Олд Осиёдан шимоли -ғарб томон, яъни Ўрта Осиёга очилган кўчиш йўли кейинги неолит ва жез (бронза) даврига келиб янада кучаяди. Янги даврда мазкур тарихий -маданий ва этник алоқалар янада кучайганлигини археологик қазишмалар ҳам тасдиқлайди. Айниқса жез (бронза) даврига оид топилган кўп сонли қабрлар ўша вақтда яшаган аҳолининг антропологик тузилишини аниқлашга ёрдам беради. Антрополог олим Т.К. Хўжайов таърифича, Ўзбекистонга шимолий-ғарбий томондан Европанинг юқори палеолит, мезолит ва неолит аҳолиси вакиллари кела бошлаган, жанубда эса, жанубий европеоид типлар келиб, Ўзбекистон ахолисининг кўпчилик қисмини ташкил қилган. Унинг тахминича, ўша даврдан бошлаб ўзбек халқининг шаклланишида ўзига хос европеоид компонентлар асос бўлган. Мазкур фикрни археологик кашфиётлар ҳам тасдиқлайди. (И.Жабборов. Ўзбек халқининг этнографияси. _Т., «Ўқитувчи», 1994,58-бет). Эрамиздан аввалги I минг йилликда Марказий Осиёда ижтимоий иқтисодий ўзгаришлар рўй берди. Ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиши, шахар-қалъаларнинг пайдо бўлиши, йирик суғориш ва мудофаа иншоотларининг қурилиши даставвал текин кўл мехнатисиз мумкин эамас эди. Милодийдан аввалги УШ-УП асрларда ташкил топган қадимги Бақтрия ва Хоразмда яшаган хозирги ўзбек, тожик ва қисман туркманларнинг аждодлари асосан эроний тилларнинг шарқий шахобчаси ва қисман туркийлашган сак ёки скиф тилларида гапиришганлар. Ўзбек халқига хос Марказий Осиё икки дарё оралиғи ирқининг шаклланиш даври, макони ва тарихи масалаларида фанда яқин-яқингача ягона фикр йўқ эди. Бир гурух олимлар бу ирқ бундан 6-8 минг йил илгари, иккинчи гурух мутахасислар 3 минг йил илгари шаклланган деса, учинчи гуруҳ олимлари эса XVI асрларда шаклланди, деб ҳисоблар эдилар. Антропологик изланишлар натижасида муаллифлар икки дарё оралиғидаги ирқнинг шаклланиши, жуда бой антропологик маълумотлар асосида, бундан 2200-2300 йил илгари бошланганлигини исботладилар. Қатор илмий асарларда ўзбек халқининг шаклланишида бир қатор муҳим дарлар санаб ўтилган. Булар қаторида Аҳамонийлар, Искандар Зулқарнайн Араб халифалиги, муғуллар истилоси тилга олинади. Ҳақиқатан, бу босқинчиликлар Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон халқлари маданиятига тилига, турмуш тарзга, табиийки, ўз таъсирини ўтказган. Аммо бу юришларнинг маҳаллий халқларнинг брқий ва этник тарихига таъсири ўта кам бўлганлигини алоҳида таъкидлаш керак! Антропологик нуқтаи назардан қараганда, улар маҳаллий халқ қонини ёки гегетикасини тубдан ўзгартираолмаганлар, ўзгартиришлари ҳам мумкин эмас эди. Чунки ҳеч қачон келгиндилар маҳаллий аҳолидан устун бўлиши мумкин бўлмай, балки кўпсонли маҳаллий ахоли таркибига улар кетиб, маҳаллий аҳоли, хусусан, Ўзбекистон ҳудудида барча тарихий даврларда (махсус антропологик тадқиқотларнинг кўрсатишича (маҳаллий халқ келгинди аҳолидан ҳамиша устун бўлган. Ўзбек халқининг этник шаклланиш тарихи асосан учта тарихий даврга бўлинади: Биринчи давр: Милоддан аввалги биринчи минг йилликдан милодий VIII асрга бўлган даврни ўз ичига олади. Мил. Авв. III-II асрларда Марказий Осиё дашт минтақаларида ҳозирги ўзбек халқига хос антропологик қиёфа шакллана бошлаган. Бу эса фанда яқингача кенг тарқалган фикрлар,яъни ўзбекларга хос Марказий Осиё икки дарё оралиғи ирқи аввало Волга дарёси бўйларида ва Уралда сармот қабилалари таркибида шаклланиб тарқалди, деган ёки бир ирқ Байкал кўли атрофида шаклланиб тайёр холда маҳаллий аҳолига ўз ирқини тарқатди, деган фикрлардан воз кечишни тақозо этади. Тадқиқотларга кўра, Хоразм, Бақтрия, Суғдиёна, Паркана, Тохаристон, Чоч худудларида ўтроқ ва кўчманчилик билан шуғулланиб келган аждодларимизнинг турмуш тарзи бир бирига чамбарчас боғлиқ бўлганлиги аниқланган. Шу худудларда асрлар давомида яшаб келган массагетлар саклар, хоразмийлар, бахтрлар, суғдийлар, тохарлар, давонликлар ўзбек халқининг асосини (этногенези) ни ташкил этади. Олиб борилган тадқиқотлар ўзбекларга хос антропологик қиёфаси, даставвал, Сирдарёнинг ўрта хавзаси туманларида, яъни Тошкент вохаси, Фарғона водийси, қисман Хоразмда ва жанубий Қозоғистоннинг Чимкент вилояти, Еттисув минтақасида мил. Авв. I минг йиллик охирида шакллана бошлаганлиги аниқланади. Мил. Авв. III-II асрларда бу ахоли бир неча йўналишда Марказий Осиёнинг марказий ва жанубий вилоятларига кириб борган. Бу антропологик тадқиқот натижалари ёзма манбаларда маълум бўлган халқларнинг жанубга юриши ва Юнон -Бақтрия давлатининг тор-мор этилиши ва Буюк Кушон салтанатининг барпо бўлиши даврига мос келади. Ўзбекларнинг келиб чиқиши қадим тарихида сақлар, массагетлар, тохарлар номи билан машхур бўлган ва қадим замонларда Марказий Осиё ҳамда унинг теварак атрофида кўчиб юрган халқларга Суғд, Хоразм, Бақтрия, Паркана (Фарғона) ва Шошнинг қадимий халқларига бориб тақалади. Ўшанда улар яшаб турган воха номи билан суғдийлар, хоразмийлар, бақтрияликлар, парканаликлар, тошкентликлар деб аталиб тарихда қолган. Ўзбек ва тожикнинг халқ бўлиб шаклланишида мил. Авв. Биринчи минг йилликнинг охирлари ва милодийнинг дастлабки асарларида Жайхун ва Сайхун оралиғига кўчиб ўтган бир қатор туркийзабон халқлар ва Жайхуннинг жанубидан кўчиб ўтган форс тилида сўзлашувчи қабилалар, шунингдек IV-V асрларда бу ерга шимол тарафдан кўчиб ўтган хионит кидарит ва эфталит деб аталувчи халқлар ва нихоят, УГУП асрларда Марказий Осиёда ўз ҳукмронлигини ўрнатган Ғарбий Турк ҳоқонлигининг туркийзабон халқи катта роль ўйнайди. Ўзбек халқининг этник шаклланишидаги иккинчи мухим давр бу IХ-ХII асрлар ҳисобланади. Бу даврда Марказий Осиёда, жумладан Ўзбекистон ҳозирги ўзбекларга хос қиёфа маҳаллий аҳолининг асосий қисмини ташкил этган. Илгарилари бу жараённи фақат ХIХII аср этник жараёнлари билан боғлаб қурилган. Кейинги йиллардаги топилган шу давр материалларини икки тарихий даврга яъни IХ-Х ва ХI-ХII асрларга бўлиб ўрганиш мақсадга мувофиқ деб ҳисобланмоқда. IХ асрда Ўзбекистон худудида, тадқиқотлар натижасига қараганда, ахолининг антропологик қиёфасида кескин ўзгаришлар юз берган. Бу ўзгаришлар археологик қазишмалар натижасида ҳам кузатилган. Ўзбекларнинг элат сифатидаги шаклланиш даври фанда ХI-ХII асрлар билан изланиб келинар эди. Тадқиқот натижалари бу жараённи IХ-Х асрларга оид дейилишига асосдир. Ўзбекларнинг этник таркиби IХ-ХII асрларда бойиди ва такомиллашди. Х асир охири - ХI аср бошларида қорахонийлар билан бирга Олтой, Еттисув ва Шарқий Туркистондан Мовароуннахрга кўчиб келган бир талай аҳолининг этник жиҳатдан такомиллашувига таъсир қилди. Қорахонийлар даврида ўзбек тилига асос бўлган қорлуқ-чиғил лаҳжаси ривожланди ва ёзма адабиёт даражасига кўтарилди ва ушбу лаҳжа ўзбек халқининг умумий тилига айланди. Юсуф Хос Хожибнинг «Қутадғу билик», Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғат ат -турк», Ҳожа Аҳмад Яссавийнинг «Ҳикматлари» асарлари ўша даврнинг ажойиб маҳсулидир. ХШ аср бошларида юртимизга Чингизхон катта қўшин билан бостириб кирди. Бу қўшин таркибида мўғуллар билан бир қаторда кўплаб турклар ва турклашган мўғуллар билан бир қаторда кўплаб турклар ва турклашган мўғуллар ҳам бор эди. Бу қабилалар, шубҳасиз, ўзбек халқининг этник таркибини бойитди. Афсуски, фанда мўғул истилоси Марказий Осиё ахолисини кескин мўғуллаштириб, ўзгартириб юборди, деган фикр ҳам бор. Лекин олимларимизнинг олиб борган махсус тадқиқотлари бу масалага ойдинлик киритди. Мўғул истилоси Ўзбекистон ахолисининг ташқи қиёфасига сезиларли изларини қолдирмаганлигини таъкидламоқ керак. Сабаби, Чингизхон ХП аср охирида ташкил этган йирик Мўғул давлатида мўғуллар сони тахминан 0,7 миллион кишидан иборат бўлган. Агар ҳар 6 кишидан биттаси аскарликка олинган бўлса. Унда мўғул қўшинлари сони 100-110 минг кишидан иборат бўлган. Лекин ўша даврдаги 80 миллион ахолиси бўлган Хитойга юриши даврида мўғуллар ўз қўшинларининг кўп қисмини йўқотганлар. Улар Мовароуннахрнинг бостириб келганида қўшинларнинг кўпчилиги туркий халқлардан ташкил опгани маълум. Бу даврда Мухаммад Хоразмшох давлатида 20 миллион ахоли яшаган. Табиийки мўғул қўшинлари кўп сонли махаллий ахоли таркибига ўз асоратини ўтказа олмаган. Шунинг учун ҳам маххаллий ахолида мўғул ирқи аломатлари деярли намоён бўлмаган. Ўзбек халқининг этник шаклланишида учинчи давр ХУ аср охири - ХVI аср хисобланади. Бу даврда сиёсий ва иқтисодий жихатдан анча бўшашган Марказий Осиёда махаллий ҳоким ва подшолар орасидаги тахт талашишлар, халқ оммасининг оғир ахволга тушиб қолиши қўшни кучланчи ўзбекларга қўл келган эди. Темурийлар сулоласининг охирги ҳокимлари, жумладан Фарғона ҳокими Бобур ва Хирот ҳокими Хусайн Бойқаролар Дашти Қипчоқдан келган қудратли Шайбонийхон бошчилигидаги кўп сонли қўшинлар олдида ожизлик қиладилар. Шундай қилиб, ҳозирги Ўзбекистоннинг Зарафшон, Сурхандарё ва Қашқадарё водийларида, Хоразм вохаси ва бошқа районларда Шайбонийхон билан келган «ўзбек» номли туркий тилдаги қабилалар ҳам ўрнаша бошлайди, махаллий ахоли билан аралашиб кетади. Улар янги заминдор (феодал) ларни барпо этиб, кўп ерларни зўрлаб мусодара қилиб олганлар, Амир Темур йиллар давомида тўплаган барча бойликларни ўз қўлларига киритганлар. Ўша даврда адабий ва тарихий асарлар, хусусан, «Шайбонийнома», «Нусратнома», «Абдулланома», «Алпомиш» каби асарлар ўзбек тилида кенг тарқалади. «Ўзбек» атамаси илмий жихатдан ҳали тўлиқ аниқланмаган. Дастлаб бу сўзнои араб муаллифи Усам ибн Мунқиз (ХП аср охирлари) асарларида учратамиз. Кейин Рашидиддин солномаларида Жалолиддиннинг харбий навкарларидан бири ҳам «ўзбек» исми билан тилга олинади. Атоқли тарихчи Ҳамдуллоҳ Казвиний (ХУ аср) Олтин Ўрда Ўзбекхон бўлгани, тегишли ўлкани эса «Мамлакати ўзбек» деб атайди. Низомиддин Шомий ва Шарафуддин Али Яздийлар ўбекларни Олтин Ўрда номи билан боғлиқ деган фикрни билдирадилар. Бошқа манбаларга қараганда, ХУ асар охири - ХУ! аср бошларида Абдулхайрхон ва унинг набираси Шайбонийхон қармоғидаги барча қадила ва элатлар бирикмасига умуман «ўзбеклар» деб ном берилган. Абдулғозининг «Шажараи турк» асарида ёзилганидек, Оқ ўрда подшоси Туктагухон ўлганда сўнг ўн уч ёшли ўғли Ўзбекхон тахтга келган. У отабобосининг дастури билан элни забт этиб, ҳар кимни мартабасига лойиқ ҳурмат қилиб, инъомлар берган. «Барча халқ уч сохиби давлатнинг сабабиндин шарафи ислом мушарраф билдилар. Андин сўнг барча Жучи элин ўзбек эди дедилар» (Абулғози Шажараи турк»). Биринчи Президентимиз И.Каримов бир гурух тарихчи олимлар, зиёлилар билан бўлган сухбатида ўзбек номининг қачон пaйдо бўлганлиги тўғрисидаги масалани қўйди. «Совет тарихшуносларининг ёзишича - деди И.Каримов - гўё ХVi асрда бизнинг заминимизни қипчоқ хонлари ишғол қилгандан кейин ўзбек номи пайдо бўлган эмиш. Ахир, биз Мовароуннахр деб атайдиган икки дарё оралиғида унгача ҳам халқ яшаган-ку!» Биз Совет замонидан қолган бу ақидани қабул қилсак, миллатимиз тарихи мана шу навбатдаги босқинчилар давридан бошланган деган нотўғри хулоса келиб чиқмайдими? Унда бизнинг неча минг йиллик тарихимиз қаерда қолади? Самарқанд, Хива ҳам, Бухоро ҳам ўзбекларники экан, бу ерларда ўзбек давлати бўлган экан, неча энди ўз тарихимизни ХУ! асрдан, кимдир келиб-кетиб, номини қолдириб кетган даврдан бошлашимиз керак? Унгача ҳам бу ерда ўтроқ халқ яшаганку! Бу ерда ана шу ўтроқ халқнинг маданияти бўлганку! Ким келмасин, масалан, мўғуллар келган, ХШ асрнинг 20 йилларида ХIV асрнинг 70йилларига қадар ҳукмронлик қилганлар ва уларнинг маданияти махаллий маданиятига сингиб кетган. Бунда махаллий халқнинг маданияти албатта, асос бўлган, устунлик қилган. Биз халқни номи билан эмас балки маданияти, маънавияти орқали биламиз, тарихининг тагтомиригача назар ташлаймиз. (И.Каримов Тарихий хотирасиз келажак йўқ» 17 бет) ХУ!-ХГХ асрлар давомида ўзбекларнинг этник шаклланиши давом қилиб, ўзларининг уруғқабилавий номларини то бизнинг асримиз бошларигача сақлаб келганлар. Улар нафақат этник жихатдан балки турмуш тарзи ва ижтимоий тузуми билан ҳам ўзаро оз фарқ қилганлар. Айрим ўзбек қабилалари ўтроқ деҳқончиликка тўла ўтмаган кўчманчилик хўжалиги ва турмуш анъаналарини сақлаб ярим ўтроқ холатда яшаганлар. Улар тилларидаги (шевасидаги) фарқ жихатдан ҳам анча ажралиб турганлар. Аммо Турки стон ўлкаси ва ўзбек хонликлари рус мустамлакаси туфайли жахон капиталистик муносабатлари гирдобига тортила бошланади. Шу даврда аста-секин миллий уйғониш куртак отабошлайди. Миллий буржуазия пайдо бўлади. Улар ўзларининг мафкурачилари бўлмиш жадидлар орқали миллий ғурур ва хис-туйғулар, анъанавий турмуш тарзи ва маданият равнақи учун жиддий кураш бошлайдилар. Чор ҳокимиятининг мустамлакачилик сиёсати мазкур жараёнга тўсиқ бўлиб, ўзбек элининг жахон миқиёсидаги ижтимоий чиқишини чеклаб қўяди. Бутун Марказий Осиёнинг чоризм даврида сунъий равишда Туркистон генерал-губернаторлиги, Хива хонлиги ва Бухоро амирлигига бўлинганлиги ҳам махаллий элатларнинг, шу жумладан ўзбекларнинг миллий бирлигига жиддий тўсиқ бўлди. ХХ аср бошларига келиб хозирги Ўзбекистон худудида 2,8 млн. га яқин ўзбеклар яшаган бўлиб, шулардан тахминан 82 фоизи қишлоқларда, 18 фоизи шахарларда жойлашган. Шуни алохида қайд қилиш лозимки, ўзбекларнинг анча қисми қўшни мамлакатларда яшаб, ўзларнинг этник хусусиятларини сақлаб қолганлар. Ўзбекларнинг Х1Х аср иккинчи ярмидан то Ўзбекистон ўз давлат мустақиллигини қўлга киритганда қадар тарихи, ҳаёти мустамлакачилик асорати остида кечди. Дастлаб ўзбеклар, Марказий Осиёлик бошқа халқлар билан бирга, Х1Х асрнинг 60-йилларида чор Россияси томонидан қурол билан бўйсиндирилди. Шу вақтдан бошлаб Турки стон ўлкани Россиянинг мустамлакасига айлантирилди. Деҳқончилик маданияти ривожланган бу бой ўлка Россиянинг учун ривожланиб келаётган саноати учун ҳом ашё манбаига, қулай ва мумай фоида келтирувчи бозорига айлантирилди. Ок подшонинг Туркистондаги маъмурияти ва рус саноатчилари миллатфуруш махаллий феодалларнинг кўмагига таяниб, ўлканинг захматкаш, муте халқини беармон таладилар. Туркистоннинг тақдири 1886 йили чор ҳукуматини қабул қилган «Турки стон ўлкасини бошқариш тўғрисида Низом» деб аталган махсус қонун билан белгиланади. Ана шу қонун асосида чор Россия ҳукумати Туркистонда бир қатор мустамлакачилик тадбирларини амалга оширди. Шулардан бири: Россия қишлоқларида вужудга келган тенгликни бартараф қилиш ва рус деҳқонларининг ғалаёнларини бостириш мақсадида уларнинг бир қисмини Россиянинг ички нихояларидан Туркистоннинг Еттисув, Сирдарё ва Фарғона вилоятларига жойлаштирилди. Махаллий деҳқонларнинг азалдан фойдаланиб келган ерлари тортиб олиниб, кўчиб келганларга тақсимлаб берилди. 90-йиллар бошларига келиб Сирдарё вилоятининг Авлиёота (хозирги Жамбул)ва Тошкент уездларида 20 га яқин, Хўжанд уездига 6-та рус қишлоқлари мавжуд эди. Шахарларни ҳам «руслаштириш» бошланди. Масалан, Тошкентнинг бир қисмига рус ахолиси жойлаштирилиб, шахар иккига бўлиниб («янги шахар», «эски шахар») кетди. Марғилоннинг ёнида руслар учун алохида шахар бунёд этилиб, унга Скобелев номи (хозирги Фарғона) берилди. Турки стон ўлкасининг шахарларида Русия саноат корхоналарининг асосан, тўқимачилик фирмаларининг ваколатхоналари, агентликлари, омборхоналари ташкил этилди. Ўлка Россия саноати учун зарур ҳом ашё (пахта, пилла, жун, тери ва х.к) лар ни йиғиш, Россия корхоналари ишлаб чиқарган газлама ва бошқа молларни қўллаш бозорига айлантирилди. Туркистон ўлкасида Россия саноатининг эҳтиёжларини қондириш ва бошқа харбий-сиёсий мақсадларни кўзлаб темир йўллар қурилиши бошланди, Россия тўқимачилик корхоналари тараққиётининг муҳим хом ашё манбаи ҳисобланган пахтачиликни ривожлантиришга алохида эътибор берилди. Ерли халқ ўз эркини ҳимоя қилиб чиққанда чор ҳукумати уларни аёвсиз бостирди, чор ҳукумати уларни аёвсиз бостирди, чоптирди, «Сибирь» қилди. Шўролар истибдоди даврида Ўрта Осиёда миллий -давлат чегаралаш ўтказилди. Бу жараёнда жиддий сиёсий хато-камчиликларга йўл қўйилди. Туркистон ўлкаси худудий ва этник жихатдан янада парчаланиб кетди. Шундай қилиб, ўзбекларнинг ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан то Ўзбекистон ўз давлат мустақиллигини қўлга киритганда қадар тарихи, ҳаёти мустамлакачилик асорати остида кечди. Шўролар ҳокимияти даврида бизнинг юртимиз авторитар марказга бўйсинувчи ҳом ашё етказиб берадиган карам ўлкага айланади. Мамлакатимиз, халқимиз сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жихатдан мутелик холатига тушиб қолди. Мустақиллигимизни қўлга киритганимизда бизга собиқ Иттифоқдан, эски мустабид тузумдан қолоқ бир ёқлама ривожланган, пахта яккахокимлиги ва бой минерал-хом ашё ресурсларидан назоратсиз аёвсиз фойдаланиш асосига қурилган иқтисодиёт оғир мерос бўлиб қолди. «Шундай қилиб, ўзбек халқи Ўзбекистоннинг маҳаллий туб аҳолиси қиёфасида Ўрта Осиё Фарғона антропологик типи белгилари етакчидир. Ўзбек халқининг тарихи Аму ва Сирдарё оралиғида яшаган барча қадимий уруғ, қабила, элатлар ва ўша даврларда кечган этник ва маданий жараёнлар билан узвий боғлиқдир. 4-МАВЗУ:ЎРТА ОСИЁ ҲУДУДИНИНГ ҚАДИМГИ ТУБ ЖОЙ АҲОЛИСИ ВА УНИНГ ҚАДИМГИ ЁЗМА МАНБАЛАРДА АКС ЭТИШИ. 1. Ўрта Осиёнинг қадимги тарихи ҳақида илк ёзма манбалар. 2.Ўрта Осиёнинг қадимги тарихини Хитой манбаларида ёритилиши 3. Ўрта Осиёнинг қадимги аҳолиси ҳақида юнон-рим муаллифлари 4. Ўрта Осиёнинг қадимги халқлари этник тарихининг маҳаллий ва аҳмоний подшолари ёзма манбаларида акс этиши Жаҳон халқлари тарихидан маълумки, Ўрта Осиё жуда қадим-қадим замонлардан Шарқнинг Ғарбга томон дарвозаси, иқтисодий ва маданий алоқалар узатувчи узели ролини ўйнаб келган. Шарқ халқлари Ғарбга томон турли мақсад сари интилишларида ҳеч қачон Ўрта Осиё ҳудудларини четлаб ўтмаганлар. Қадимда ва ўрта асрларда Евразия даштлари аҳолиси, айниқса Олтой, Жанубий Сибир, Шимолий Хитой ҳудудлари нафақат иқтисодий, балки этномаданий жиҳатдан ҳам Ўрта Осиё билан ўзаро узвий алоқада бўлган. Бу ҳақда археологик манбалар кўп фактологик материаллар беради. Археолог А.В. Виноградов бу алоқа натижаларини неолит ва энеолит даври Ўралорти, шимолий ва шарқий Қозоқистон ёдгорликлари билан қадимги Хоразмнинг калтаминор маданияти материаллари мисолида яхши кузатади. Бронза даврига келганда, айниқса йилқичилик ривожланиб, от ва туядан тез юрувчи транспорт ҳайвони сифатида фойдаланиш кашф этилгач, жанубий Сибир ва Ўрта Осиё қабилалари ўртасидаги алоқалар жонланиб кетди. Милоддан аввалгиII – минг йилликнинг ўрталарига келганда Марказий Осиёнинг чўл ва дашт минтақаларида, айниқса унинг Жанубий Сибир, Тоғли Олтой, жанубий– шарқий Ўрол орти районларида, Қозоқистон даштларида чорвадор қабилалар ҳаётида туб социал-иқтисодий ва этномаданий ўзгаришлар юз бердики, дашт аҳолиси орасида мулкий табақаланиш жадал кечди, дашт аҳолисининг асосий бойлиги ҳисобланган чорвага бўлган мулкчилик ўша даврнинг ҳарбий аслзодалари– сардорлар: қабила ва уруғ бошлиқлари қўлида тўплана бошланди, ўша давр жамиятининг аристократия табақаси, озод ва эркин мулк эгалари пайдо бўлди. Ем-хашак заҳиралари етарли бўлган минтақаларда чорва молларини тез кўпайиши бу табиий ҳол. Биз юқорида такрор-такрор таъкидлаганимиздек, ўзбек халқи этник асосини эронзабон ва туркийгўй компонентлар ташкил этган экан, тарихий жараённи шундай кечиши табиий ҳол эди. Ўрта Осиёда араблар босқинига қадар ҳам қадимги ёзувлар бўлган.Улар асосан археологик изланишлар давомида турли йилларда топилган маҳаллий аҳолининг хоразмий, боҳтарий, суғдий, қадимги туркий ва “номаълум ёзув” деб аталмиш ноёб ёзма ёдгорликларидир. Улар Парфия давлатининг пойтахти Эски Нисадан топилган подшо архиви, Тупроққаладан топилган қадимги Хоразм подшоларининг архиви, Муғ қала қасридан топилган суғд хужжатлари, Бақтрия ҳудудларидан топилган диний, аҳлоқий-фалсафий мазмундаги ибодатхона жужжатларидир. Улардан ташқари қадимги самарқандликларга тегишли Дўнхуандан топилган оилавий хатлар, Афрасиёбдан топилган савдо қарз тилхати ва элчилик номалари, тангаларга ёзилган ёзувлар, “номаълум ёзув” сифатида бизгача етиб келган қадимги туркий ёзувлардир. Улар тошга, сополга, чармга, ёғочга, металга, қоғозга ва бошқа буюмларга битилган текстлар, шахсий мактублар, хўжалик, ҳуқуқий ва дипломатик хужжатлар, диний, ахлоқий-фалсафий текстларнинг парчалари ҳамда кўплаб нумизматика материаллари, яъни танга ёзувлари бўлиб, улар қисқа ва жуда кам бўлишидан қатьий назар, Ўрта Осиё халқлари, жумладан ўзбек халқи тарихи ва маданиятини ўрганиш учун қимматли маълумотлар беради. 2.Дарҳақиқат, Марказий Осиёнинг қадимги аҳолиси Хитой ёзма манбаларига кўра туркийгўй бўлган. Бу икки тилли аҳолининг учрашув нуқтаси, чегара ҳудудлари қадимда Сирдарёнинг куйи ҳавзалари бўлса, илк ўрта асрлардан бошлаб бу чегара Амударёнинг ўрта ҳавзаларига кўчди. Бу тарихий жараёнда туркий кабилаларнинг фаоллиги, уларнинг мунтазам равишда давом этган миграцияси бош ролни ўйнаган. Туркистон тарихининг қадимги даврлари, унинг халқи ва хўжалиги,турмуш тарзи ва урф-одатлари ҳақида, айниқса Қанғ давлати ва қадимги Фарғона-Даван ҳақида ҳамда Дахя тўғрисида Хитой ёзма манбаларида бизгача қизиқарли маълумотлар етиб келган. Бу маълумотлар қадимги Хитой тарихчилари Си Ма Цяннинг(милоддан аввалгиII-I асрлар) “Тарихий хотиралар” ва Бан Гунинг(милоддан аввалгиI аср) “Биринчи Хан династиясининг тарихи” асарлари орқали етиб келган. Биринчи асар(“Ши Жи”) милоддан аввалги138-90 йилларда бўлиб ўтган воқеаларни ўз ичига олган бўлса, иккинчи асар(“Ханшу”) милоддан аввалги138-23 йилларда бўлиб ўтган вокеаларни қамраб олган. Унинг муаллифи ўз асарини ёзишда “Ши Жи” да баён этилган маълумотлардан тўлиқ фойдаланиб, уни янги воқеалар баёни билан бойитган. Чжан Цян маълумотларига асосланиб, Си Ма Цян ўзининг “Тарихий хотиралар” асарида қанғлиларнинг турмуш тарзи ҳақида фикр юритиб, “улар урф– одатлари бўйича юечжиларга ўхшаб кетади”, деб ёзади. 3. Қадимги дунё тарихида Шарқ билан Ғарбни бир-бирлари билан боғлаб турган карван йўллари(улар тарихда“Ложувар йўл”, “Шоҳ йўли”, “Буюк ипак йўли”, “Нефрит йўли”ва бошқалар) мамлакатлар иқтисодий ҳаётида катта ўрин тутган. Ана шу йўлларнинг муайян қисмини назорат қилиш (чунки ундан катта даромат келарди) ва назорат ҳудудларини кенгайтириш мақсадида турли баҳоналар ва сабаблар қидирилиб, асосий мақсад йўлида мамлакатлар аро урушлар бўлиб турган. Ана шундай жангу-жадаллардан бири милоддан аввалгиVI-IV асрларда қадимги форслар билан юнонлар ўртасида олиб борилган урушлар эди. Қадимги дунёнинг бу икки буюк империялари(Аҳамонийлар ва Юнонистон) ўртасида бошланган урушларда Ўрта Осиёнинг қадимги халқлари ҳам қатнашганлар. Шу муносабат билан юнон муаррихлари Ўрта Осиё халқлари ҳақида тарих учун қимматли маълумотлар қолдирганлар. Айниқса, қадимги Юнонистоннинг юксак илмий ва маданият марказларидан бўлган Кичик Осиё шаҳарлари, улардан чиққан олиму-фузалолар: тарихчилар, географлар ва тарих билан қизиққан турли соҳа йилномачилари Эрон ва Туронзаминнинг қадимги халқлари ҳақида кўп қизиқарли маълумотлар берадилар. Манбаалардан маълум бўлишича қадимги юнонлар тарихи Иониянинг Милет шаҳрида шаклланиб, тарих сўзи иония тилида“тадқиқот”, “изланиш” маъносини беради. Милет тарих мактабининг милоддан аввалгиVI асрда ўтган вакилларидан бири Гекатей бўлиб, у ўзининг“Ер қуррасининг тасвири” асарини Осиёга бағишланган қисмида ҳорасмийлар ҳақида биринчи бор маълумотлар берган. Шунингдек, Гекатей маълумотларига асосланиб, хорасмийлар ва уларнинг Амударё куйи ҳавзаларига кўчиб борган авлодлари ҳақидаги илк хабарларни Кичик Осиёлик“Тарихнинг отаси” (Цицерон баҳоси) деб аталган Геродот асари “Тарих”да ўқиймиз . Бу ҳақда Афиней, Степан ва бошқалар ҳам ёзишган. Масалан, Афиней ёзади: “Милетлик Гекатей Осиёни тасвирлаб шундай дейди: “... парфларнинг шарқида текисликлар ва тоғларни ишғол қилган хорасмийлар яшайди. У тоғларда ёввойи дарахтлар, тол, юлғун, тиканлик кинара ўсади”. Геродот(милоддан аввалги484-425 йиллар оралиғида яшаган) Кичик Осиё шаҳарлари, Вавилон, Финикия, Кипр ороли, Македония, Марказий Греция(Афина), Қора денгиз соҳиллари, Эгей денгизи ороллари, умуман қадимги дунё мамлакатлари ва шаҳарларининг кўпчиллигида бўлган. У ўзининг10 йиллик саёхати давомида(мил.авв.455-445) Ливия, Миср, Оссурия, Бобил, Экбатанда бўлиб, тўплаган барча материаллари асосида жилдли“Тарих” асарини ёзган. Геродотнинг Ўрта Осиё халқлари тарихи ҳақидаги маълумотлари“Тарих” асаринингI, III, VII, IX жилдларида ўз аксини топган. У ўзининг“Тарих” асарида бутун эьтиборини Афинага қаратган, кўп вокеа ва фактлар Афина сиёсати нуқтаи назаридан ёритилган. Асарда Европа ва Осиё, Юнонистон ва Эрон ўртасидаги урушлар воқеаси ёритилган. Асарда тарихий воқеа ва ҳикоялар кетма-кет, афсона, миф, нақл, ривоят, эртак, масал ва уларнинг асосий мазмуни орасига киритилган қистирма ҳикоялар тарзида берилади. Геродотнинг“Тарих” асарида бизни қизиқтирган масала сак(скиф), массагет, хорасмий ва Хоразм, исседон ва дай, фарф ва маргуш, суғд ва парикан каби Ўрта Осиёда қадимда яшаган ўтроқ ва кўчманчи халқлар ҳақидаги маълумотлардир. У Кирнинг массагетлар устига юриши ва ҳалокати сабабларини ёритади. Ктесий асарида тарихий вокеалар ривоятлар денгизида омухталашган бўлсада, айниқса Бақтрия, бақтрия халқи, унинг тарихига қизиқувчилар кўламининг кенглиги билан қимматлидир. Ктесий Оссурия подшоси Нин ва Бақтрия подшоси Оксиард(бошқа манбааларда Заратушра) урушлари ҳақида, КирII нинг бақтрияликлар билан тўқнашуви тўғрисида ҳиқоя қилади. Ўрта Осиёнинг қадимги халқлари ҳақида аниқ ва ишонарли маълумотлар Искандар тарихчилари ва улардан кейин ўтган юнон муаррихлари қаламига мансубдир. Милоддан аввалги 329 йилда Македониялик Искандарнинг Бақтрия ва Суғдиёна ерларига ҳарбий юришларида, унинг қўшини билан бирга бўлажак тарихчилар-Птолемей, Аристовул, Онесикрит, Каллисфен ва Харесслар хизмат қилиб, турли хил сиёсий ва маданий вокейликларни ёзиб борганлар. Аммо, бу маълумотлар уларнинг ўзлари томонидан ёзилган махсус асар сифатида бизгача етиб келмаган бўлсада, у маълумотлардан сўнгги давр юнон тарихчилари ва географлари кенг фойдаланганлар. Масалан, Диодор(мил. авв. 90-21 йиллар) «Тарихий кутубхона», Страбон(мил. авв. 64-24 йиллар) «География» , Помпей Трог(мил. авв. 1-милодий1 аср) “Филипп тарихи” асарларини, Плутарх(милодий46-127 йиллар), Клавдий Птолемейлар(милодийII аср) ўз ҳикояларини, Плиний(милодийI аср) “Табиий тарих” номли китобини яратдилар. Аммо, Искандар ҳарбий юришлари ҳақида кенг ва тўлиқ маълумотлар римлик Квинт Курций Руф(милоддан аввалгиI асрнинг охири – милодий1 аср ўрталари) ва юнон Арриан(милодий90/95-175 йиллар) асарларида бизгача етиб келган. Арриан“Искандар юришлари”, Квинт Курций Руф эса“Македонияли Искандар тарихи” асарларини яратган. 4. Ўрта Осиёнинг қадимги халқлари ҳақида Аҳамоний подшоларининг қоя тошларга битилган битикларида ҳам тегишли маълумотлар учрайди. Ўрта Осиё халқларининг турмуш тарзи, урф-одатлари, кийим-кечаги ва кўп қиррали ҳаёти ҳақида қизиқарли материаллар юнон муаллифлари ва Хитой ёзма манбааларида кўпроқ учрайди. Булардан ташқари археологик изланишлар давомида турли давр ва йилларда топилган маҳаллий аҳолининг хоразмий, боҳтарий, суғдий ва “номаълум ёзув” деб аталмиш ёзма манбаалари ҳам борки, улар қисқа ва кам бўлишидан қатьий назар, Ўрта Осиё халқлари, жумладан ўзбек этногенези учун ноёб маълумотлар беради. Араб, форс ва турк ёзма манбаларида ҳам ўзбек халқи этногенези ва этник тарихи учун қимматли маълумотлар учрайди. Ўрта Осиё халқларининг келиб чиқиши масалаларини ёритишда уларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Бу ёзма манбаалар ичида энг қадимгиси, қадимда Ўрта Осиёда яшаган халқлар номини илк бор тилга олган ёзма манбаа– бу Авестодир. Авесто зардуштийлик динининг муқаддас китоби бўлиб, шу диндаги халқарнинг ахлоқ, одаб, диний қонун ва қоидалар мажмуасидир. Дастлаб Авесто 21 китобдан иборат бўлган. Бизгача унинг айрим қисмларигина сақланиб қолган. Масалан, Ясна, Виспарат, Яшт, Видевдат. Ясна китоби72 бобдан иборат бўлиб, улардан17таси- “Готалар” пайғамбар Заратуштранинг“муқаддас мадҳиялари” ва диний насихатларидан иборат.”Готалар” Авестонинг энг қадимги қисми бўлиб, ундаги Заратуштранинг архаик ибора ва терминлари сўзма-сўз Ясна китобига киритилган. Шунинг учун тадқиқотчилар“Готалар” қадимги эроний тилларнинг қайси лаҳжасида ёзилганлигини аниқлаш ва уларнинг маъноларини чақиш қийинлигидан нолийдилар. “ Виспарат” китоби21 бобдан иборат. Унда зардуштийларнинг байрам ва диний маросимларда ижро этиладиган айрим мадҳиялари тўпланган. 21 бобдан иборат“Яшт”китобида ёзувсиз замонларга оид эроний қабилаларнинг диний тасаввурлари, афсонавий қаҳрамонлар ва улуғ худоларга бағишланган мадҳиялар тўпланган. Демак, Яшт боблари қадимги қабилалар оғзаки ижоди асосида пайдо бўлган. Видевдат улар ичида бирмунча ёш, лекин тўлиқ сақланган китобдир. У22 бобдан иборат бўлиб, унда“девларга қарши кураш” қоидалари ҳақида гап боради. 5-МАВЗУ: ТУРКИЙГЎЙ ҚАБИЛАЛАРНИНГ ИЛК ВАТАНИ ВА ОРИЙЛАР МУАММОСИ. Собиқ совет даври тарихий тилшунослик фанида Тоғли Олтой туркий халқларнинг ватани, туркийгўй аҳоли айнан ана шу ўлкада таркиб топиб, сўнг бошқа юртларга тарқалган, деган тасаввур шаклланган. Бундай тасаввурни пайдо бўлишида турк этноними остида Тоғли Олтой ҳудудларида ҳоконликнинг илк бор таркиб топиши ҳам катта роль ўйнаган. XVIII-XIX асрлар давомида Тоғли Олтой минтақасида олиб борилган этнолингвистик тадқиқотлар ҳам бундай илмий фаразни асосли эканлигини тасдиқлайди. Шундай қилиб, Тоғли Олтой туркий халқларнинг илк ватани сифатида тилга олиниб, жаҳон тарихий тилшунослигида “Олтой тиллар оиласи” деган термин пайдо бўлади. Бундай тушунчани илмий асосланишида этнограф ва тилшуносларнинг бу ерда олиб борган изланишлари ва улар томонидан туркларнинг келиб чиқиши ҳақида тўпланган ривоятлар ҳам катта роль ўйнайди. Масалан, Олтой турклари орасида ўзларининг келиб чиқишлари ҳақида ҳозиргача оғиздан оғизга ўтиб келаётган ривоятлардан иккитаси оғзаки ва ёзма адабиётларда тилга олинади. Шундай қилиб, дастлаб княз Ашиннинг ёш ҳарбийлар гурухи турклар деб аталган. Қачонким Асан шод, унинг ўғли Туу ва набираси Тумин даврида Ашина уруғи ўзига теле, жужан ва бошқа қабилаларни бўй сундиргач, нафақат Тоғли Олтой, балки бутун Марказий Осиёда яшовчи туркий тилли қабилалар ўзларини турклар деб атайдиган бўлдилар. Тоғли Олтой районларида олиб борилган этногингвистик материаллар ва Олтой туркларини келиб чиқишини бўри уруғи билан боғлашга қаратилган ривоятлар таъсирида тарихий тилшунослик фанида, менимча, бир ёқламали тасаввурлар пайдо бўлдики, бунга кўра, Тоғли Олтой қадимги туркларнинг илк ватани бўлиб қолди, кейинчалик (антик давридан бошлаб-А.А.) туркий халқлар Тоғли Олтойдан чиқиб, Марказий Осиёнинг барча ҳудудларига, жумладан бутун Жанубий Сибир, жанубий-шарқий Ўролорти минтақалари, Қозоқистон даштлари, куйи Волга, Дон, Днепр дарёларининг куйи ҳавзалари, Ўрта Осиёга ёйилди. Совет тарихшунослигида унга қадар бу ҳудудларда (Шимолий-шарқий Қора денгиз бўйларидан то Байқалгача) эроний тиллар лахжаларида сўзлашувчи қабилалар яшар эдилар, деган тасаввур хукмрон. Арьянам Вайчаҳ атамасининг туб маъноси ҳам орийлар мамлакати демакдир. Олимлар ҳар хил даврларда Авесто мадхиялари тахлили асосида Арьянам Вайчаҳни эрон ҳудудларидан (Ариана), Қадимги Бақтрия, Қадимги Хоразм, Хилменд ваҳоси, Эрон Азарбайжонидан қидирдилар. Бироқ, Арьянам Вайчаҳ табиати, табиий-географик иқлим шароитлари, аҳолисининг турмуш тарзи, машғулоти ва асосий бойлиги ҳақида гувохлик берувчи ҳамду-санолар, таърифлар Арьянам Вайчаҳ кўпроқ Евросиё чўллари эканлигини эслатади. Чунки бу юрт аҳолиси чорвадорларга хос сахрои турмуш кечирганлар, уларнинг маъбудлари“кенг яйловлар эгаси”, “ажойиб отлар юбарувчи илоҳлар”бўлган. Улар худоларга илтижо қилиб, улардан яйловларга осмондан ёмғир юбаришни, кўплаб отлар ва хукизлар ато этишни сўрайдилар, маъбудларга атаб отлар, новвос ва қўйларни қурбонлик қиладилар. Уларда Тваштар биринчи губчакли аравани яратгувчи илоҳ ҳисобланган.Ғилдиракли транспорт турининг барчаси, икки ғилдиракли арава (золотая колесница), унинг қисмлари, от абзали, даштликларнинг барча кийим-бошларини номларигача чорвадор аҳолига тегишли бўлиб, аммо, уларни“европацентризм” тарфдорлари булар ҳинду-эроний қабилалари эди, деб ҳисоблаб келганлар. Евраосиё дашт ва чўлларининг чорвадор қабилаларини эроний тилли халқлар эканлиги ҳақидаги лингвистик фаразлар Евраосиёнинг дашт минтақаларида Тоғли Олтой ҳудудларидан бошқа жойларда турк этносига ўрин қолдирмайди. Хатто, унинг теварак-атроф районлари аҳолиси ва ундан Ғарбда то Қора денгиз шарқий соҳилларигача, Шарқда то Байқалгача чўзилган минтақаларнинг дашт аҳолиси ҳам эрон забон эди, деган тасаввур шаклланиб, у ҳозиргача давом этмоқда. Савол туғилади, орийлар ўзи кимлар? Улар эроний тили этносларга тегишлими ёки туркий этнос вакилларими? Ёзма манба-Авестога кўра, улар ижтимоий ҳаётда жамоанинг эркин, озод,жанговар мулкдорлар табақаси бўлиб, мана шу табақа ва унинг оила аъзолари ўз уруғ-аймоқларидан фарқли ўлароқ Авестода«озодлар» (“азады»), яъни«орийлар» деб юритилган. Улар яшаган юрт орийлар ватани, орийлар кенглиги (арийский простор), яъни «Арьянам Вайчаҳ» деб номланди. Бу юрт халқининг асосий бойлиги чорва, яъни майда ва йирик шохлик ҳайвонлар, от, туя ва эшак ҳисобланади. Авесто ва Ригведага кўра, дастлаб орийлар маҳаллий аҳолига нисбатан “бегона”, “бошқа ерлик”, “босқинчи” маъносини англатган. Кейинчалик, улар“хўжайин”, “аслзода” маъно ва мазмунни касб этган. Чорвадорларнинг деҳқонларга нисбатан тезда бойиб кетишига чорвачиликда йилқичиликнинг таркиб топиши, яъни от, туя, хўкиз ва эшакдан транспорт воситаси сифатида фойдаланишга ўтиш асосий ролни ўйнади. Айнан шу вақтда кўчманчи чорвачиликка ўтишга кенг имкониятлар яратилди. Бу жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётида туб ўзгаришлар юз беришига олиб келди. Ана шу туб ўзгаришларнинг меваси сифатида ибтидоий чорвадор жамоалари таркибида бадавлат мулк эгалари: ўнлаб, юзлаб атар мол-қўйга эга жамоа сардорлари етишиб чиқади. Демак, орийлар Марказий Осиё чорвадор қабилаларнинг иқтисодий юксалишидаги кўчманчилик ҳаёт босқичининг ижтимоий маҳсули, уларнинг ташаббускор ва тадбиркор ишбиларманд қатлами, туғилиб келаётган дастлабки синфий жамиятнинг аслзодалар табақаси эди. Ёзма манбаълардаги орийларга берилган бу тавсифлар археологик ёдгорликлар мисолида ҳам ўз аксини топган Орийлар масаласига келсак, куйидаги хулосага келиш мумкин: Орийлар Евраосиё чўл ва дашт минтақалари чорвадор қабилаларининг иқтисодий юксалишидаги кўчманчилик ҳаёт босқичининг ижтимоий маҳсули, уларнинг ташаббускор ва ишбиларманд тадбиркор жангавор қатлами, туғилиб келаётган дастлабки синфий жамиятнинг аслзодалар табақасидир.Улар тарихий тилшунослик ва археологик тадқиқотларга кўра, аслида келиб чиқиши жиҳатидан эроний тиллар соҳиблари эмас, балки қадимги хитой кичик подшоликлари “ши”ларининг йилномалари тахлилига кўра, туркийда сўзлашганлар. Уларнинг милоддан аввалгиII- минг йилликнинг ўрталаридан ҳаёт тақозасига кўра, жанубий ўлкаларга, айниқса Ўрта Осиё минтақаларига оммавий равишда кириб келганликлари археологик материалларда ҳам кузатилади. Улар кенг кўламда тарқалган ва доимий кириб келиб ўрнашиб қолганҳудудларда(жанубий Туронда) илк ўрта асрларга келиб турко-суғдий ижтимоий этномаданий майдон таркиб топди. Оқибат натижада, бу тарихий майдон доирасида ўзбек ва тожик халқлари шаклланди. Эрон, Афғонистон, Покистон ва Шимолий Ҳиндистон ҳудудларига орийларнинг кириб бориши археологик материалларда яхши кузатилмасада, баъзи бир олимлар (С.П.Толстов, М.А.Итина) ҳинд водийси цивилизациясининг ҳалокатини орийларнинг хужуми билан асослашга уринадилар. Бошқа гурух олимлар эса (Г.М.Бонгард-Левин, Г.Ф.Ильин) хараппа цивилизацияси ҳалокати билан орийларнинг Ҳинд водийсига кириб келиш вақтига тўғри келмаслигини таъқидлайдилар. Бизнингча, милоддан аввалги II-минг йилликнинг иккинчи ярми давомида орийларнинг қайси бир бўлаги Эрон, Афғонистон ва Шимолий Ҳиндистон ҳудудларига кириб борганлар. Буни қадимги ёзма манбаълар-Ригведа ва Авесто ҳам тасдиқлайди. Аммо, орийлар на Ҳиндистон, на Шарқий Хуросон ва умуман Эроннинг маҳаллий аҳолиси тилини ўзгартириб юбара олмаган. Аксинча, Жанубий-Ғарбий ЭронПарсда маҳаллий асосда таркиб топган қадимги форс-дарий тили орийларнинг маҳаллий жамоалар устидан ўрнатган ҳукмронлик сиёсати туфайли ўсиб ва ривожланиб борган ва унинг географик доирасини кенгайишига кейинги тарихий жараёнлар кенг имкониятлар яратган. Демак, Эрон учун эроний тил ташқаридан кириб келмади, аксинча ўзга юртларнинг истилочилари тили маҳаллий аҳоли тили томонидан ютиб юбарилди, ассимиляция қилинди. 6-МАВЗУ: ЎЗБЕК ЭТНОСИНИНГ АНТРОПОЛОГИК ТИПИ ВА У ДАСТЛАБ ТАРКИБ ТОПГАН МАКОН ВА ЗАМОН Режа. 1. Ўрта Осиё ҳудудларида яшаб турган маҳаллий аҳолининг сиймоси 2. Жанубий орол бўйининг қадимий аҳолиси 3. Суғдиёнанинг қадимги аҳолиси. 4. Тошкент воҳасининг ўтроқ ва чорвадор аҳолиси. 5. Қадимги Фарғона аҳолисининг антропологик типи. Ҳозирги кунда Ўрта Осиё ҳудудларида яшаб турган маҳаллий аҳолининг сиймосини ўрганиш, биринчи навбатда уларнинг бош чаногини биологик ва антропологик жиҳатдан ўрганиш туфайли уларнинг антропологик типлари аниқлаган. Улар асосан 3 типни ташкил этади. Масалан, қоғоқ, қирғиз ва қорақолпоқлар асосан “жанубий сибир” типига кирадилар, тоғли тожиклар, туркманлар эса “закаспий” типининг вакилларидир. Ҳозирги замон ўзбеклари ва воҳа тожиклари “ўрта Осиё икки дарё оралиги “ типига кирадилар . Бу типларнинг ҳар бирига алоҳида тавсиф берадиган бўлсак, уларнинг юз тузилишлари куйидагича таърифланади: 1). Жанубий сибир типи мўғул башара ирққа мансуб: кўзлари қисик, юзлари юмалоқ, танаси оқ сариқ малла, пучук бурун, панжалари қалта, жуссалари майда, бош чаноги брахикефал (думалоқ). Бепоён даштликлар, от-улов, туя уларнинг жону-дили; эркин, озод ҳаёт турмуш тарзи билан суяги қотган. 2). Закаспий типи мутадил табиий-географик муҳитда шаклланган европеоид ирқига мансуб: бодом кўз, пешоналари кенг,юзи узунчоқ, қирра бурун, ияги кичик, бош чаногининг тузилиши долихокефал (узунчоқ), жуссаси йириқ.. Бу тип маҳаллий аҳолининг энг қадимги шарқий ўрта ер денгизи типи билан туркий европеоид типлари қаришувидан ташкил топган. Унинг таркибида шарқий ўрта ер денгизи типининг таъсири кучли. 3).“Ўрта Осиё икки дарё оралиги типи” асосан европеоид ирқининг вариантларидан бирини ташкил қилади. Унинг таркиби маҳаллий туб жойли аҳолининг шарқий ўрта ер денгизи типига қарашли протоевропеоид типи билан қаришувидан таркиб топган. “Ўрта Осиё икки дарё оралиги типи”нинг асосий белгилари: кўзлари қўй кўз, танаси буғдой ранг, юз тузилиши думалоқроқ, юз чаноқлари бироз бўртиб чиққан, ияги овал шаклда, сочлари қора, бош чаноги брахикефал(думалоқроқ), жуссаси ўртача.Мавзуимиз талабига кўра бизни қизиқтирган тип-“Ўрта Осиё икки дарёоралиги типи” бўлиб, бу тип антропологик олимлар юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳозирги замон ўзбеклари ва ваҳо тожикларига хосдир. Дастлаб ўзбек ва тожикларга хос тип сифатида антрополог Ярхо “Помир-Фарғона” типини таклиф қилди. Аммо, ҳозирги замон ўзбеклари антропологик жиҳатдан ваҳо тожиклари билан бир бўлсада, аммо, улар антропологик тип жиҳатидан Помир тожикларидан фарқ қиларди. Ўрта Осиё антропологиясининг чуқур билимдонлари Л.В.Ошанин ва В.В.Гинзбурглар ўз тадқиқотларида ҳозирги замон ўзбеклари билан ваҳо тожиклари бир типни ташкил этишларини исботлади ва бу типни “Ўрта Осиё икки дарё оралиги типи” деб атадилар 2.Жанубий орол бўйининг қадимий аҳолиси. Бу минтақанинг неолит даври аҳолиси (калтаминор маданияти) европеоид бўлиб, маҳаллий ирқ белгиларини ўзида мужассамлаштирган, яъни долихокефал бош чаноқлидир. Бу минтақага бронза даврида(тозабоғёб маданияти) маҳаллий аҳоли типидан фарқ қилувчи ўзга этнос вакиллари кириб келадилар. Ўзга юрт аҳолисиининг (Кўкча3 материаллари асосида) қиёфаси ҳам европеоид бўлиб, уларнинг бош чаноги брахикефал шаклда бўлган. Кўкча3 одамлари икки хил бош чанокка эга. Биринчиси ўзларининг ирқий хусусиятлари бўйича Куйи Волга, Қозоқистон, Олтой ва Минусинск пастекислиги даштлари бронза даври аҳолисига яқин турса, иккинчи гурух одамлар ўз ирқий белгиларига кўра, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон ва Ўрта Осиёнинг қадимги деҳқончилик маданиятлари аҳолиси типига ўхшаб кетади. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам европеоид ирқининг турли типларини ташкил этади Илк темир даври Жанубий Орол бўйи аҳолиси таркибида ҳам бронза даврига хос ирқий белгилар сақланади. Бироқ, бир серия краниологик(калла суяги) материалларида икки хил ирқ вакиллари эмас, балки бир индивидиумда ҳар хил ирқ белгиларини мужассамлашган вариантлари учрай бошлайди. Аммо, маҳаллий анъанавий ирқ белгилари ҳали кучли. 3.Суғдиёнанинг қадимги аҳолиси. Суғдиёна Ўрта Осиёнинг Зарафшон ва Қашқадарё ҳавзаларида таркиб топган тарихий-маданий цивилизация марказларидан бири бўлиб, тарихий манбаъларда милоддан аввалгиI- минг йилликнинг биринчи ярмидан тилга олинади. Археологик изланишлар натижаларига кўра, бу минтақа аҳолиси қадимдан суғорма деҳқончилик, кўп тармоқли хунармандчилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келадилар. Ёзма манбаъларга қараганда ўлканинг ўтроқ аҳолиси эроний тилларнинг суғдий лахжасида сўзлашганлар. Антропологик тип жиҳатидан унинг ўтроқ аҳолиси долихокефал европеоидлар бўлган. Аммо, Суғдиёнанинг қадимги чорвадор аҳолиси ирқий жиҳатдан ҳар хилдир. Чорвадор аҳолининг мозор-қўрғонлари асосан Бухоро воҳасида кўпроқ ўрганилган. Масалан, милоддан аввалгиV-III асрларга тегишли қалқансой мазорқўрғонларидан топилган краниологик материаллар 5 та антропологик типларга бўлинади. Улар европеоид ва монголоид ирқларининг турли вариантларини ташкил этади. . Милоддан аввалги II-I асрларга оид Лавандак қабристони эса европеоидлар типини беради. Чорвадор қабилаларнинг мелодий эранинг бошларига тегишли Хазара ва Қизилтепа ёдгорликлари аралаш краниологик материал берди. Милодий III-IV асрларга оид Қизилқир мозорларидан Ўрта Осиё икки дарё оралиги типининг брахикефал бош суяклари ва мўғулий тип аралашмали шарқий ўрта ер денгизи типи учратилди. Пенжикент атрофидан, юқори Зарафшондан эса милодийI-минг йилликнинг биринчи ярмига тегишли Ўрта Осиё икки дарё оралиги типининг брахикран европеоид варианти учратилди.Улар ўзларининг ирқий белгиларига кўра, Ўрта Осиё икки дарё оралиги типининг брахикафал европеоид тпини ташкил қилар эди 4.Тошкент воҳасининг ўтроқ ва чорвадор аҳолиси. Қовунчи маданияти Сирдарё ўрта ҳавзаси антик даври ўтроқ ва чорвадор қабилалари учун характерлидир. Унинг марказий вилоятлари Тошкент воҳаси ва Жанубий Қозоқистоннинг Чордара сув омборига қадар бўлган ҳудудлар бўлиб, унинг таъсири шарқда Еттисув ва Шимолий Фарғонагача, ғарбда Бухоро воҳаси, жанубда Қашқадарё ҳавзаларигача ёйилган. Археологлар унинг хронологик сана доирасини (милоддан аввалги II- милодий VI-асригача) аниқлаганлар. Қабрларининг тузилиши айвон ва лаҳатли бўлиб, этномаданий ривожининг сўнги босқичида мозор-қўрғонлар билан бирга оилавий хилхоналар (новуслар) ҳам учрайди. Қадимги давр мозор-қўрғонлари Охангарон воҳасида кўп, айниқса унинг юқори қисмида. Мозор-қўрғонларни археологик жиҳатдан ўрганиш ўтган асрнинг30-йиллариданоқ бошланиб кетган. Дастлабки қозишмалар Тўйтепада, Пскент районларида олиб борилди. Ўтган асрнинг 50-йилларида Туябўғиз мингтепа науслари ўрганилди. Бироқ, уларни қозиш жараёнида олинган краниологик материаллар ўрганилмай йўқолган. Сўнги бронза ва илк темир даври материаллари ҳам етарли эмас. У давр аҳолисини брахикефал европеоид ва долихокефал европеоидлар деб тахмин қилиш мумкин. Милодий I-асрга тегишли калла суяклар орасида шарқий ўрта ер денгизи типи, андроноид ва мўғул башара одам суяклари учрайди. Антик даврига оид калла суяклар Бўзсув бўйлари, Ниёзбоши (Янги йўл) қабристонидан топилган. Улар деформацияли брахикефал бош чаноқлардан иборат. Умуман олганда Тошкент воҳасининг ҳам ўтроқ, ҳам чорвадор аҳолиси орасида турли тип вакиллари учрайди. Айниқса воҳанинг чорвадор аҳолиси суяклари Козокистон чўлларининг сак ва усун қабилалари серияларига ва Бухоро воҳаси брахикефал европеоидлари билан кўпоқ ўхшашликка эга. Ўтган асрнинг70 - йилларида«Тошкент денгизи» теварак атрофидан қовунчи маданиятига тегишли йирик қабристон очиб ўрганилди. Краниологик материаллар милодий I-II асрларга оид . Бош суяклардаги ирқий белгилар брахикран европеоид типли бўлиб, уларда мўғулий ирқий белгилар ҳам бор. Милодий I-II асрларга тегишли 30 дан ортиқ қабрлар Кавардан қабристонида очилди. Уларнинг барчаси европеоид– монголоидга хос ирқий белгилар билан характерланади. Кавардандаэркакларга нисбатан аёлларда европеоид типига хос белгилар кучли. Тошкент воҳасиги мўғулий башара типнинг кириб келиши тахминан милодий I-асрдан кучайган кўринади.1977 йилда қадимги Тункет шаҳар ҳаробалари яқинидан милодий I-асрларга тегиши Кульота қабристони ўрганилган. Унинг краниологик серияси брахикран, бош чаноқнинг орқа қисми эзилган, калла суякларда мўғулий ирқий белгилар кучли. 5.Қадимги Фарғона аҳолисининг антропологик типи. Фарғона водийси Ўрта Осиёнинг йирик суғорма деҳқончилик маданияти ривожланган минтақаларидан бири бўлиб, қадимда турли хил хўжалик соҳиблари ўртасида олиб бориладиган алоқа зонаси бўлган. Милоддан аввалги II- асргача ёзма манбаълар водий ҳақида деярли маълумотлар бермайди. Аммо, милоддан аввалгиII- асрдан бошлаб қадимги Фарғонани Қанғ давлати билан иқтисодий ва сиёсий ҳамда этномаданий алоқалари ривожланиб кетганлиги ҳақида Хитой ёзма манбаълари маълумотлар қолдирган. Археологик тадқиқот натижаларига кўра, қадимги Фарғонанинг шарқий ва шимолий минтақалари (Андижон ва Наманган вилоятлар территорияси), яъни Қора дарё ҳавзаси ва тоғ сойлари этакларида бронза ва илк темир даврида деҳқончилик маданияти (Чуст маданияти) ривожланганлиги, унинг жанубий ва ғарбий қисмининг адирли минтақаларида асосан чорвачилик хўжаликлари ривожланганлигидан далолат беради. Аммо, милоддан аввалги IV асрдан бошлаб, қадимги Фарғонанинг жанубий—ғарбида ҳам суғорма деҳқончилик хўжаликлари таркиб топа бошлади. Антик даврида бутун водий бўйлаб, оазисларда деҳқончилик, тоғ олди ва адирли минтақаларда ярим кўчманчи чорвачилик тараққий этади. Шу муносабат билан водий ўтроқ аҳолисининг аксарият кўпчиллиги долихокефал европеоид бўлса, дашт аҳолисининг этник таркиби турлича эди. Масалан, милоддан аввалги V-III асрларга тегишли Оқтом қабристонидан топилган калла суяклари асосан маҳаллий мезо-брахикран европеоид аҳоли бўлиб, улар бронза даврининг долихо-мезокран қабилаларнинг авлодлари эди. Улар анронова маданияти аҳолиси таъсирида брахикефаллашган. Ўзган теварак-атрофи аҳолиси эса (мил. авв. III-I асрлар) мўғулий ирқий белгили европеоидлар бўлиб, улар билан бир типли аҳоли эрамизнинг бошларида Еттисув ва Тян-Шанда кенг тарқалган. Ғарбий Фарғонанинг милодий II-IV асрларига тегишли Ширинсой қабристони аралаш краниологик материал берди. Унинг таркибида Хуросон, Ўрол-Олтой ва европеоид дравидоидлар аралашиб кетган. Хўжанд яқинидаги Кайрагач қабристонидан топилган суяклар эса Ўрта Осиё икки дарё оралиги типини эслатади. Исфара атрофидан 6 та қабристон мўғулий элементларисиз соф Ўрта Осиё икки дарё оралиги типини берган. МилодийI-III асрларга тегишли Қувасой аҳолиси маҳаллий ўтроқ аҳолининг долихокефал ва брахикефал бош чаноқлардан ташкил топган европеоид типини берди. Шимолий Фарғона чорвадор аҳолиси таркиби (антик давр) мўғулий қўшилмали европеоидлар бўлиб чиқди. Шундай қилиб, қадимги Фарғонанинг асосий аҳолиси Ўрта Осиё икки дарё оралиги типининг мезо-брахикран европеоид варианти билан характерланади. http://fayllar.org