Ўзбекистон Республикасининг Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдаги ўрни Демократик ривожланиш йўлини танлаган ҳар қандай жамиятда иқтисодий, ижтимоий, маданий-маънавий асосларни такомиллаштириш билан бир равишда сиёсий жараёнларни ҳам юқори босқичга кўтариш талаби етакчилик қилади. Давлат ва жамиятнинг барқарор тараққиётини белгилайдиган сиёсий жараёнлар ўз-ўзидан шу мамлакат ички ва ташқи омиллари билан бевосита боғлиқдир. Айнан шу омиллар ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этмагунча, ривожланмагунча, инсон феномени, унинг тақдири, миллий манфаатлар, миллий ва диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик масалалари бир ёқлама, ёки бўлмаса, юзаки қарашлар гирдобида қолиб кетади. Шу маънода Ўзбекистон жамиятида ҳам минтақавий масалаларни ривожлантириш, ўзаро қўшничилик алоқаларини ривожлантириш, бир макон – муштарак мақсад сари қадриятлар ва манфаатлар ягоналигини эътироф этиш борасида охирги беш йилликда Марказий Осиё мамлакатлари билан самарали ва кенг қамровли ҳамкорлик алоқаларига кенг тус берилди. Давлатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти учун муҳим ҳужжат – 2017 йил 7 февралда тасдиқланган «2017–2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси»нинг «чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар»и белгилаб берилган 5.2-бандида айнан ташқи сиёсат масаласи – «Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш» тамойили ўз аксини топди. Стратегия доирасида олиб қарайдиган бўлсак, 2017 йилнинг ноябрь ойида мамлакатимизда, Самарқанд шаҳрида БМТнинг шафелигида ташкил этилган «Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш» масалаларига қаратилган халқаро доирадаги конференцияда ҳам минтақада хавфсизлик масалалари, ижтимоиймаданий ва сиёсий жабҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасида стратегик муҳим дастурлар қабул қилинади. Бу борадаги учрашувлар, аҳдлашув меморандумлари, бир сўз билан айтганда, сиёсий барқарорликни таъминлашга қаратилган юқори даражадаги учрашувлардан бири 2018 йилнинг март ойида мамлакатимиз Президенти, айни бу сингари узоқ муддатли стратегик келишувлар бунёдкори Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви ташкил этилади. Айни бу сингари маслаҳат учрашувлари, доимий равишда бўлиб турган ҳамкорлик келишувлари ва меморандумлар ўз самарасини бермасдан қолмади. Хусусан, ўша йилнинг июнь ойида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюцияси қабул қилинди. Бу ўз-ўзидан минтақа мамлакатлари ўртасида самарали ва кўп укладли ҳамкорлик масалаларини барқарорлаштириш, қолаверса, соҳалар бирлигида интеграциялашув тамойилларини ҳам янада ривожлантириш, узоқ даврга мўлжалланган стратегик чора-тадбирлар ишлаб чиқиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлди. Агар рақамлар кесимида солиштирадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитасининг таҳлилларига кўра, охирги беш йилликда Марказий Осиё мамлакатлари ташқи товарлар айланмаси динамик тарзда ўзгариб турганлигини кўриш мумкин бўлади. Хусусан, Марказий Осиё давлатлари орасида умумий товар айланмаси йилда 2016 йилда 24232,2 млн. АҚШ долларини, 2017 йилда бу харажатлар 26566,1 млн. АҚШ долларини, 2018 йилда – 33815,3 млн. АҚШ доллари, 2019 йилда – 41751 млн. АҚШ доллари, 2020 йилда – 36299,3 млн. АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2021 йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 10322,4 млн. АҚШ долларини ташкил этган. Яъни, 2021 йилнинг январь-апрель ойлари якунларига кўра, Марказий Осиё мамлакатларига экспорт ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоиз ошди. Шунингдек, «Экономическое обозрение» журнали расмий сайтидаги таҳлилларга эътибор қаратсак, шу даврда Ўзбекистоннинг умумий экспортида Марказий Осиё давлатлари улуши сезиларли – 19,9 фоиз ошди, яъни экспортнинг деярли бешдан бир қисми минтақа мамлакатларига тўғри келди. Мазкур рақамлардан ҳам англашилиб турибдики, Марказий Осиё давлатлари ўзаро ҳамкорлик суръатлари, хусусан, товар айланмаси динамикаси йилдан йилга ортиб бормоқда. Тан олиш керакки, ўтган йилда халқаро миқёсда кенг авж олган эпидемик талафот – Коронавирус пандемияси сабабли бироз сусайиш ҳолатлари юз берди. Лекин йил якунига келиб шундай оғир шароитда ҳам давлатлар ўртасидаги иқтисодий-ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўзини қайта ўнглаб олди. Шунингдек, давлатимизнинг Марказий Осиё мамлакатларига экспорт динамикаси ҳам йилдан йилга ижобий аҳамият касб этиб бормоқда. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитаси таҳлилларига кўра, бу минтақалардаги умумий экспорт ҳажми 2016 йилда – 12094,6 млн. АҚШ доллари, 2017 йилда – 12553,7 млн. АҚШ доллари, 2018 йилда – 14257,9 млн. АҚШ доллари, 2019 йилда 14758,7 млн. АҚШ доллари, 2020 йилда – 15127,7 млн. АҚШ долларини ва 2021 йил биринчи чорагида эса 3482 млн. АҚШ долларини ташкил этган. Минтақа мамлакатлари ўта хавфли эпидемия бўлган COVID-19 пандемиясининг иқтисодийижтимоий оқибатларини имкон қадар енгиб ўтишга бел боғлаган бир шароитда ўзаро узоқ муддатли ҳамкорлик ва минтақавий муҳим соҳаларда интеграциялашув ва барқарорликни таъминлаб бориш долзарб, ва қолаверса, стратегик аҳамиятга эга бўлган масала эканлигини ҳис қилмоқда, етарли чораларни кўришга интилмоқда. Мисол учун, агар ўтган йилга назар ташлайдиган бўлсак, «Экономическое обозрение» журнали расмий сайти берилган маълумотларга кўра, Марказий Осиё мамлакатларига қарийб 150 миллион долларлик енгил автомобиллар экспорт қилинган, бу эса барча автомобиллар экспортининг 85 фоизидан ортиқдир. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари бозорларига экспорт қилиш ҳажмини янада ошириш истиқболлари улкан. Таъкидлаш жоизки, 2020 йилда минтақа давлатларининг умумий ташқи савдо айланмаси 142,6 миллиард долларни ташкил этди, шундан 12,7 миллиард доллари ёки 8,9 фоизи ички минтақавий савдо улуши ҳисобланади. Бу каби товарлар айланмаси, хом ашё ва маҳсулотлар экспорт балансининг йилдан йилга кенгайиб бориши минтақа мамлакатлари учун минтақавий макон ва бир осмон остида ижтимоий фаолият олиб боришнинг замонавий усул ва воситаларини кенгайтиришни юзага чиқармоқда.Бу бир томондан муштарак мақсадни баҳоли қудрат амалга оширишга хизмат қилса иккинчидан барқарор тараққиёт кафолатидир. 2020 йил 10 декабрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги раислиги доирасида Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги видеоконференция шаклида бўлиб ўтган йиғилиши иштирок этган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Комилов Ўзбекистон Республикасининг МДҲдаги раислиги доирасида эришилган ижобий натижаларга тўхталиб, аъзо давлатлар ҳамкорлиги, тузилма фаолияти кўламини янада кенгайтириш билан боғлиқ янги йўналишларни белгилаб берадиган ҳужжатлар имзоланганини таъкидлайди. Жумладан, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги маълумотларига кўра, МДҲни янада ривожлантириш концепцияси янгилангани, Ҳамдўстликнинг 2030 йилгача Иқтисодий тараққиёт стратегияси, ҳарбий ва чегара ҳамкорлиги, инновация, транспорт, маданият, спорт, туризм ҳамда ёшлар бўйича 9 та дастурий ҳужжат қабул қилингани алоҳида қайд этилди. Йиғилиш қатнашчилари эътиборига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш ташаббусининг аҳамияти ҳақида маълумот ҳам бериб ўтилади. Мазкур таклиф инқирозларга биргаликда жавоб қайтариш бўйича ишончли тизимни жорий этиш учун концептуал ва ҳуқуқий асос яратиши мумкинлиги таъкидланади. Минтақавий хавфсизлик, фуқаролар манфаатлари ва қадрқиммати, соғлиги масаласи бугун Марказий Осиё мамлакатларини бирдек қизиктирадиган ва уни амалда таъминлаш ўта зарур бўлган вазифалардан ҳисобланади. Хусусан, минтақада стратегик режалаштириш тизимини такомиллаштириш, институтлараро муносабатларнинг уйғунлигини таъминлаш, бошқарув органлари ва корпоратив бирлашмалар, уюшмаларнинг шаффофлиги масаласи, бундан ташқари, давлат хизматлари олиб бориш тизими оптималлаштириш ва соддалаштириб бориш, давлат ва жамоат қурилиши тизимини такомиллаштириш, хусусан, жамоатчилик фикри, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик назорати бўйича минтақавий келишувларни амалга ошириш янги Ўзбекистон ташқи сиёсати ва минтақавий муносабатларининг марказида турибди. Бу борадаги масалалар шиддатли ҳал этилиши ва минтақавий аҳамияти қай даражада юқори эканлиги KAZINFORM Халқаро ахборот агентлигининг хабар беришича, жорий йилнинг 3 августида Халқаро экспертлар ҳамжамияти Ўзбекистонда давлат ва жамоат қурилиши тизимини такомиллаштириш бўйича ўз фикрлари билан бўлишди. Давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Қозоғистон ва Ўзбекистондаги Фридрих Эберт жамғармаси, Астана давлат хизматлари маркази томонидан ташкил этилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, шунингдек, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россиядаги давлат бошқаруви академиялари раҳбарлари, Қозоғистон ва Ўзбекистондаги Фридрих Эберт жамғармасининг минтақавий ваколатхонаси раҳбари масала юзасидан маъруза қилди. Улар давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти соҳасидаги Ўзбекистоннинг ютуқларини қайд этдилар. Ўз навбатида, Астана давлат хизматлари хаблари Бошқарув қўмитаси раиси Алихан Байменов ўз нутқида Ўзбекистон хабнинг фаол иштирокчиларидан бири эканлигини таъкидлади. Шунингдек, у комплекс амалиётни амалга оширишда ва халқаро амалиётга мувофиқ давлат бошқаруви сифатини ҳисобга олиш керак бўлган омилларни қайд этди. Хусусан, у стратегик ва бюджет режалаштириш тизимининг яхлитлигини таъминлаш, институтлараро муносабатларнинг шаффофлиги, ахборот оқимларини оптималлаштириш, давлат аппарати ичидаги бизнесжараёнлар ва давлат хизматларини соддалаштириш, жамоатчилик иштироки ва фуқаролик фаоллигига алоҳида эътибор қаратди. Юқоридаги масаладан ҳам англашилиб турибдики, бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муҳим бўлган масалалар, кенг кўламли ва узоқ муддатли лойиҳалар, шериклик дастурлари марказида – инсон, унинг шаъни ва жамиятдаги фаоллиги масаласи ётади. Агар минтақа маданияти, тили, урф-одатлари, тарихий генизисига назар ташланса, улардаги мавжуд имкониятлар ва яратилган ижтимоиймаданий, иқтисодий-сиёсий мезонлар муштараклик ҳосил қилиб келган. Шу омилларни ҳисобга олганда, мақсад ва талаблар, стратегик режалар ҳам ягона макон, ягона ҳудуд, ягона истакдан келиб чиқади. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги расмий сайти берилган таҳлилда Совкомбанк бош таҳлилчиси, эксперт М.Василевнинг фикр шундай бериб ўтилади: «ХХ аср ўрталаридан бошлаб Осиё минтақасидаги бир гуруҳ мамлакатлар қисқа вақт ичида иқтисодий ва технологик тараққиётда мисли кўрилмаган ютуқларга эришиб, жаҳон ҳамжамиятини бир неча бор ҳайратда қолдирди. Ҳолбуки, айрим давлатлар ўз тарихида бундай юксалишга эриша олмаган. «Осиё йўлбарслари» алоҳида иқтисодий феномени аллақачон иқтисодиёт дарсликларидан ўрин олган. Осиё йўлбарсларининг биринчи тўлқини – Жанубий Корея, Сингапур, Тайван ва Гонконг 1960 йилдан 1990 йилларгача энг юқори чўққига эришди, уларнинг жадал ўсиши 1998 йилда содир бўлган Осиё инқирозидан сўнг барқарорлашди. Иккинчи тўлқин йўлбарслари – Индонезия, Малайзия, Вьетнам ва Таиланд модернизацияни 1990 йил охирларидан бошлашди ва айни пайтда ушбу давлатлар осиёлик «тўнғич» шерикларининг технологик занжирларида тўлақонли иштирок этмоқда ҳамда иқтисодиёт тузилмаси бўйича уларга яқинлашмоқда. Энди учинчи тўлқиннинг вақти келди, Марказий Осиёнинг вакили – Ўзбекистонни ишонч билан унинг локомотиви деб, аташ мумкин». Ҳақиқатда ҳам, охирги беш йиллик ижтимоий-сиёсий жараёнлар янги тарихига назар ташласак, Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон жамияти феноменал стратегик лойиҳаларни амалга оширишда етакчилик қилмоқда. Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг бир неча бор таъкидлаганидек, минтақа мамлакатлари ҳамкорлиги, умумий саъй-ҳаракатлари бошида Марказий Осиёни барқарор тараққиётга эришувини таъминлаш, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантириш мақсади етакчилик қилади. Юқоридаги мақсадга эришиш, минтақада ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Бу ташаббус қардош халқлар манфаатларига мос келгани боис у кенг равишда қўллаб-қувватланди. Яъни, Биринчи саммит 2018 йил март ойида Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида, Иккинчи саммит эса 2019 йилнинг ноябрида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Айни юқори мақсадлардан келиб чиқиб, 2021 йил 6 августда Туркманистоннинг «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида ташкил этилган навбатдаги – учинчи Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувида мезбон тараф – саммит бошчиси Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Қозоғистон Президенти ҚасимЖомарт Тоқаев, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, шунингдек, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиё бўйича пренвентив дипломатия минтақавий марказ раҳбари Наталя Германлар иштирок этишди. Мазкур учрашувда минтақада барқарорни таъминлаш, изчил тараққиётга эришиш, минтақада товар айланмаси – савдони ривожлантириш, энергетика соҳасида шериклик учун қулай шароитларни яратиш, қолаверса, транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, пандемияга қарши курашиш борасидаги ижтимоийиқтисодий саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдек кўплаб долзарб масалалар ўртага ташланади. Мазкур саммит ҳақида Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувларининг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканлиги, олий даражадаги бундай учрашувлар мунтазамлик тусини олаётгани минтақамизнинг ноёб ва улкан салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга имкон яратаётганлиги борасидаги фикрни таъкидлаб ўтади. Учрашув кун тартибини долзарб ва замонавий талаблардан келиб чиқиб, мамлакатимиз Президенти бу борада Ўзбекистоннинг қуйидаги таклиф ва мулоҳазаларни илгари суради: Биринчидан, Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантириш йўлида қатъий қадамлар ташлаш, узоқ муддатли истиқболда янги ўсиш нуқталари ва тараққиётнинг янги драйверларини белгилаб олиш, ҳудудлараро савдо-сотиқни янада кенгайтириш, хусусан, эркин савдо тартибига тўлиқ ўтиш мақсадида мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, саноат кооперацияси, инновациялар ва рақамли технологияларни ривожлантириш орқали минтақа ичида мустаҳкам қўшимча қиймат занжирларини яратиш, бунинг учун, аввало, тадбиркорларни минтақа бўйлаб тўғридан-тўғри бизнес алоқалари ўрнатишини рағбатлантириш ҳамда мунтазам равишда инвестицион ва иқтисодий форумлар ўтказишни йўлга қўйиш; Иккинчидан, минтақада муштарак стратегик манфаатлардан келиб чиқиб, минтақанинг транспорт ва транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, натижасида Марказий Осиё мамлакатларини ривожланган ва бир-бирига интеграциялашган транспорт тизимлари минтақани Евроосиё қитъасининг муҳим транспорт хабига айлантириш имконини беради. Шу нуқтаи назардан, мавжуд транспорт йўлаклари ва инфратузилмаларидан, жумладан, Каспий денгизи портлари, йирик трансчегаравий логистика марказларидан тўлиқ фойдаланиш, қолаверса, келажакда Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар трансафғон коридори, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон автомобиль ва темир йўлларининг имкониятларидан фойдаланишни режалаштириш, мамлакатларимиз ўртасида тўлақонли транспорт қатновларини тиклаш; Учинчидан, минтақанинг энергетик хавфсизлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этишини инобатга олиб, «яшил» энергетика ва энергия соҳасидаги самарадор технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиб, бу борадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш, бунинг учун Марказий Осиё мамлакатлари электр энергиясини мувофиқлаштириш кенгашининг фаолиятини кучайтириш, унинг мандат ва ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, минтақа мамлакатларининг ушбу тузилмадаги вакиллик даражасини ошириш; Тўртинчидан, пандемия шароитида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш муаммолари кескин тус олмоқда, жаҳоннинг маълум бир минтақаларида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошиши ва уларнинг етишмовчилиги кузатилмоқда. Қардош мамлакатлар қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашувларини доимий равишда ўтказиб бориш ҳақидаги ташаббусни қўллаб-қувватлаш, унинг биринчи йиғилишида озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш бўйича минтақавий тизимни жорий этиш ҳақидаги масалани киритиш, бу озиқовқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва уларнинг сифатини назорат қилиш, жумладан, халқаро бозорларга етказиб бериш бўйича аниқ йўналишлар ва қўшма дастурларни белгилаб олишга хизмат қилади; Бешинчидан, бугунги пандемия ҳамон аҳоли саломатлигига жиддий зарар етказиб, иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти прогнозларига кўра, унинг оқибатларини яқин йилларда ҳам ҳис қилишга тўғри келади. Бу ўз навбатида, яқин минтақавий ҳамкорликни ва бир-бирига ўзаро ёрдам кўрсатиб боришни талаб қилади. Шу боис вакцинация сертификатлари ва тест натижаларини тан олиш мақсадида ягона ахборот тизимини ишга тушириш, юқумли касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволашда тажриба алмашиш ҳамда тиббиёт ходимларини тайёрлашни кенгайтириш, ҳаётий муҳим дори-дармонларни ишлаб чиқариш учун фармакология ва кооперация соҳасида илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш; Олтинчидан, минтақадаги экологик муаммолар доимо минтақа халқлари диққат-эътибори марказида бўлиб келган. Орол денгизининг ҳалокати оқибатларини юмшатиш учун барча зарур чораларни кўриш, ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, шунингдек, минтақа мамлакатларининг иқлим ўзгаришларига мослашуви, шу билан бирга, ресурсларни тежайдиган технологияларни кенгроқ татбиқ этишга кўмаклашадиган «Марказий Осиё учун «Яшил кун тартиби» минтақавий дастурини ишлаб чиқиш. Қолаверса, мазкур Маслаҳат учрашувида Давлатимиз раҳбари Марказий Осиё мамлакатлари учун зарур бўлган «Минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг умумий йўналишлари тўғрисидаги Битим»ни қабул қилиш ҳамда Тошкент шаҳрида Минтақавий парламент форумини ўтказиш таклифларини илгари суради. Негаки, минтақадаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантирмасдан туриб жаҳон бозорига чиқиш, гигант қутблар орасида ўзига хос савдо базаларига эга бўлиш, биринчи навбатда, минтақада бу борадаги ишларни тизимлаштирган ҳолда кенг товар айирбошлаш ва зарур товарлар ишлаб чиқиш талабидан келиб чиқади. Мамлакатимиз Президенти, минтақавий ҳамкорлик жараёнларига барқарор ва ортга қайтмас, мудом мазмун бахш этиш, «халқ дипломатияси» имкониятларини кўпроқ ишга солиш, парламентлар ва медиа соҳани жалб қилиш ғоят муҳим ҳисобланишини уқтириб ўтиш ҳам юқоридаги фикримизни асослайди. Иккинчи муҳим масала, бугун минтақада парламентаризмнинг роли ортиб бораётганини четда қолдириб бўлмайди. Жамият юзи, кўзгуси, қонунчилик асослари таъминланишининг шаффофлиги, ижро интизоми, халқ ва бошқарув органлари ўртасидаги кўприк, мувозанатни, таъбир жоиз бўлса, фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришда жонбозлик кўрсатувчи сектор вазифасини ўтайдиган мазкур тизим фаолиятини минтақа шароитида кенг ўрганиш ва такомиллаштириб бориш давр талабига айланиб улгурди. Давлатимиз раҳбари мазкур Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учинчи Маслаҳат учрашувида, яна бир масала, Марказий Осиё мамлакатлари аёллари мулоқотини янада ривожлантириш, гендер тенглик соҳасидаги глобал мақсадларга эришиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ҳаракатларини олқишлаймиз, деган фикрни ҳам билдириб ўтади. Ҳозирги кунда гендер масаласи, жамиятда аёлларнинг ўз ўрнини топиши, жамият фаол аъзоси бўлиши учун давлат дастурлар, керакли бўлган меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда. Бугун нафақат янги Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё минтақасида ҳам гендер масаласи етакчи бўлган масалалардан бирига айланиб улгурди. Табиийки,бугунги кунда халқаро доирадаги экспертлар ҳам гендер масаласи минтақага ечимини топиш зарур бўлган масалалар сирасига киришини таъкидлашмоқда. Хусусан, uzdaily.uz интернет нашри таҳлилларига кўра, Осиё Тараққиёт Банки Вицепрезиденти Шисин Ченнинг таъкидлашича, Марказий Осиё ҳудудида катта ютуқларга эришилганига қарамай, аёллар учун гендер тенглигига ҳали тўлиқ эришилгани йўқ ва аёлларнинг оммавий ва хусусий соҳалардаги иштироки ҳанузгача суст бўлиб келмоқда. Унинг айтишича, 2018 йилда ОТБ томонидан Марказий Осиё ҳудудда амалга оширилган лойиҳанинг 57% да гендер компоненти мавжуд бўлди ва бу 2009 йилдаги 28%га нисбатан катта силжиш бўлиб ҳисобланади. У Ўзбекистон Ҳукуматининг гендер тенглиги борасидаги саъй-ҳаракатларини ва Барқарор ривожланиш мақсадлари борасидаги ютуқларини ижобий баҳолади. Бугун Марказий Осиёни аёллар дискриминациясидан холи ҳудудга айлантириш орқали бу минтақада мазкур йўналишда ижобий ижтимоий-сиёсий муҳитнинг юзага чиқаётганлиги минтақада гендер масаласи, уларнинг манфаатлари муштараклигини исботлаб турибди. Мавзу долзарблигидан келиб чиқадиган бўлсак, минтақа ижтимоийиқтисодий, маданий ва сиёсий масалалар тизимли ижобий аҳамият касб этаётганлиги билан бир қаторда, ечимини топиш лозим бўлган, Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодий-хавфсизлик мезонлари учун муҳим бўлган айрим масалалар ҳам кўндаланг турибди. Мисол учун, ҳозирги пайтда буни қуйидагича изоҳлаш мумкин. Д.Аҳроровнинг таҳлилига кўра: Марказий Осиёдаги сув ресурсларининг 90 фоизи суғорма деҳқончилик учун ишлатилмоқда. Сув қишлоқ хўжалигининг асоси ҳисобланади ва бу тармоқ Марказий Осиёдаги бешта мамлакат иқтисодиётида ҳам муҳим роль ўйнайди, чунки қишлоқ хўжалиги соҳаси бу мамлакатлар ЯИМнинг 10 фоизидан 45 фоизигача бўлган қисмини ташкил этади. Келажакда Марказий Осиёда сув манбаларининг камайиб бориш тенденцияси рўй бериш эҳтимоли мавжуд. Демак, минтақа мамлакатлари доимий ташкил этиладиган стратегик келишувларда, маслаҳат учрашувларида, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитларида бу борадаги масалани жиддий муҳокама қилган ҳолда зарур бўлган лойиҳалар ва стратегик режаларни ишлаб чиқиши лозим бўлади. Бугун ҳар соҳада ҳамкорлик қилаётган ва янги дастурларни ишлаб чиқаётган Марказий Осиё мамлакатлари ўз хавфсизлиги, минтақа барқарорлиги, ижтимоий-сиёсий тамойиллар муштараклиги билан бир равишда, минтақада юқоридаги сингари иқтисодий, ижтимоий вазиятларни барқарорлаштириш ва экологик-энергетик муаммоларни бартараф этишнинг истиқбол режаларини ишлаб чиқиш зарур ҳисобланади. Хулоса ўрнида қайд этиш лозимки, янги Ўзбекистонда олиб борилаётган шаффоф ва ўзаро манфаатли-стратегик ҳамкорлик тамойили барча Марказий Осиё давлатлари томонидан тенг равишда, сўзсиз қўллабқувватланмоқда ва ўзаро хайрихоҳлик билдирилмоқда. Бугун Ўзбекистон жамияти илгари сураётган ташаббуслар, янги ғоялар фақат ўзининггина эмас, балки қўшни ҳудудлар, қардош халқлар маданияти, урф-одатлари ва ижтимоий характерини уйғунлаштириш масаласи эканлигини, яқин қўшнилик асосларини мустаҳкамлаш стратегияси ётганлигини Марказий Осиё мамлакатлари юқори баҳоламоқда ҳамда ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамламоқда. Бу эса, ўз навбатида, минтақий ижтимоий-иқтисодий интеграциялашув масалаларини юқори босқичга кўтаришга муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Марказий Осиё давлатлари кўзлаган мақсад – тинчлик ва хавфсизлик орқали бугунги жаҳон ижтимоий-сиёсий жараёнлари тобора кескинлашиб бораётган, минтақалараро манфаатлар тўқнашувлар кескин тус олаётган шиддатли даврда стратегик режаларни амалга оширишга қодир тараққиёт омилларини белгилаб олишдан иборат. Бу айни пайтда, минтақа давлатлари ўртасида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнларнинг тезкор тараққиётини таъминлашга астқатади.