МАЪРУЗА 2. ИЛМИЙ УСЛУБНИНГ АСОСИЙ ХУСУСИЯТЛАРИ, УНИНГ ВАЗИФАЛАРИ, ТУРЛАРИ ВА ЖАНРЛАРИ ИЛМИЙ ТАДКИКОТ ИШЛАРИНИ РЕЖАЛАШТИРИШ 1. Илмий ижод ҳақида тушунча. 2. Ижод ва унинг турлари. 3. Илҳом, талант, гениаллик. 4. Метод, методология. Таянч иборалар: фан, ривожланиш, жараён, янгиликнинг яратилиши, метод, тажриба, иқтидор, амалиёт, фаолият, диалектика, узвийлик, бирлик, тафовут, алоҳидалик ва умумийлик, муаммо, кўп қирралик, мажмуийлик. Ижод - бу инсоннинг сифат жиҳатидан янги моддий ва маънавий қадриятларни яратишга қаратилган руҳий ва амалий фаолияти. Инсон ўз ижоди билан меҳнат қуролларини, меҳнат воситалари, меҳнат предметлари, саноат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, қурилиш техникаси материаллари, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг янги турларини, турар жойлар, транспорт, алоқа, ахборот воситаларини ва бошқаларни яратади. У табиий муҳит ичида “сунъий муҳитни” вужудга келтиради. Кенг маънода жамият ҳам инсоннинг ижодий маҳсулидир. Ҳамма ижтимоий ҳодисалар, муносабатлар, алоқалар, қадриятлар инсон томонидан вужудга келтирилган. Инсон ўз онгли ижоди билан бадиий асарларни, санъат, аҳлоқий муносабатлар, қадриятлар, динни ва фанни яратган. Ижоднинг ишлаб чиқариш, техник, ихтирочилик, илмий, сиёсий, ташкилотчилик, фалсафий, бадиий, афсонавий, диний, кундалик турмуш ва бошқа турлари мавжуд. Ишлаб чиқариш ижоди янги моддий бойликларни яратишга қаратилган. Ихтирочилик ижоди—бу инсоннинг табиат ва жамият қонунларини очиш, билиш, ва ўрганиш асосида машина, асбоб-ускуналар, мосламалар, қурилмалар, иншоотлар яратишидир. Ташкилотчилик ижоди эса инсоннинг жамиятда кишиларни бошқариш, уларни уюштириш, бирлаштириш, улуғ ишларга бошлаш ва бошчилик қилиш, хуллас бир бутун жамият ишларини ташкил қилиш қобилиятидир. Бадиий ижод эса, инсоннинг санъат ва маданият соҳаларида табиат ва жамият ҳодисаларини, инсоннинг ўзини нафосат қонунлари ва принциплари асосида бадиий ифодалаш фаолиятидир. Илмий ижод инсоннинг табиат, жамият ва ўз тафаккурида амал қиладиган қонун ва қонуниятларни кашф қилиш, билиб олиш билан боғлиқ бўлган яратувчилик фаолиятидир. Илмий ижодни муаммони ечишни топишдангина иборат қилиб қўядиган қарашлар ҳам бор. Аммо бунда ижодий жараённинг бошланиши, уни авж олдиришнинг бошланиши ҳисобга олинмаган. Эҳтиёжларни англаб етиш, муаммони қўйиш ва уни ифодалаш— муаммони ҳал қилишни излаш жараёнининг бошланғич нуқталари, асосларидир. Конкрет муаммоли вазиятни аниқлаш, қўйиш, тадқиқотнинг мақсадини белгилаш билан муаммо натижани олишга қаратилган мураккаб ҳаракатнинг бутун ижодий жараёнига қаратади. Ижодий жараённинг марказий звеноси бўлган идеаллик муаммоликнинг бевосита таъсири натижасида пайдо бўлади ва субъектнинг муайян эҳтиёжларини қондириш учун вужудга келади. Илмий ижоднинг бир неча босқичлари бор. Д. Маккинен илмий ижоднинг қуйидаги 5та босқичи бор деб ҳисоблайди: 1. Муаммони аниқ таърифлаш учун билимлар тўплаш, маҳорат, малакалар ҳосил қилиш; 2. “Куч тўплаш” босқичи, бу босқичда баъзан муаммо ҳал қилинади, баъзан чарчашга, ҳафсаланинг пир бўлишига олиб келади; 3. Муаммо билан шуғулланмай қўйилади, бошқа нарсалар билан машғул бўла бошланади; бу босқич инкубация (яширин) даври деб аталади. 4. Бирданига эсига (ақлига) келиш, фикрнинг равшанланиши ёки “инсойт”; 5. Верификация (ишонч билан ҳал қилиш). А. М. Селезнев фикрича ижодий жараёнда қуйидаги босқичлар бўлади: 1. Илмий муаммони аниқлаш, тадқиқот мавзуини, мақсад ва вазифаларини белгилаш; 2. Информация (ахборот) тўплаш, тадқиқот методологиясини танлаш; 3. Илмий муаммони ҳал қилиш йўлларини қидириш, янги илмий ғояларни илгари суриш; 4. Илмий кашфиёт, илмий ғоянинг туғилиши, олим томонидан кашф этилган ҳодисанинг идеал моделининг вужудга келтирилиши; 5. Қўлга киритилган илмий маълумотларнинг мантиқан аниқ изчил тизимга солиниши. Канадалик олим И. Тейлор фикрича илмий ижод жараёнининг қуйидаги босқичлари бор: 1. Муаммони аниқлаш; 2. Муаммони истафора (истиора, киноя, мажоз), аналогия, “реврслаштириш” (фикрлаш йўналишини ўзгартириш) орқали бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўзгартириш; 3. Ижоднинг натижаларини жорий қилиш, улардан фойдаланиш, яъни ташқи муҳитнинг муайян қисмини ўзгартириш. Илмий ижодни рағбатлантириш самарали бўлади. Бу ҳақда ҳам турли қарашлар бор. Масалан, А. Осборн илмий ижодни рағбатлантириш учун “брейнсторминг—мияни штурм қилиш” ёки “мия зарбасини” уюштириш зарур, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, муаммо индивидуал тарзда ҳал қилинмаганда олимлар гуруҳининг индивидга таъсири натижасида “брейнсторминг” сессияси даврида ҳал қилиниши мумкин. Унинг фикрича, илмий ижодни рағбатлантириш учун қуйидаги принципларга амал қилиш зарур: 1. Танқид қилмаслик принципи, ҳар қандай фикрни қўрқмасдан, ёмон деб ўйламасдан айтиш; 2. Ғалати, ғайритабиий ғоя, ақлга сиғмайдиган ғояни ҳам қўллаб-қувватлаш; 3. Илгари суриладиган ғояларнинг сони мумкин қадар кўп бўлишини талаб қилиш; 4. Илгари сурилган ғоялар бирор кишиникигина бўлмаслигини, уларни ҳеч ким фақат меники деб ҳисобламаслигини эътироф қилиш; ижоднинг ҳар бир иштирокчиси бошқалар томонидан илгари сурилган ғоялардан фойдалана олиши, уларни ўзгартира олиши, уларни “яхшилай олиши” ва такомиллаштира олиши лозим. Бу метод асосида ижодий фикрлаш эркинликни талаб қилиши, ҳар қандай ташқи тўсиқларни бартараф этилишига ишонч ётади. Ҳар бир кишида ғояларни илгари суриш ва уларни танқидий баҳолаш қобилияти бор. Танқидий баҳолаш ғояларни ишлаб чиқишга тўсқинлик қилади, фикрлашга ҳалақит беради. Шунинг учун ҳам А. Осборннинг фикрича, ғоянинг “туғилиш” моментида танқидий баҳолаш қобилияти бўлмаслиги лозим. Ғояларга танқидий қараш ва баҳолаш кейинроқ бўлиши лозим, бу кейинги босқичларда амалга оширилиши керак. Илмий ижод билан техник ижод ҳам узвий боғланган. Техник ижод инсоннинг янги техника, технология, механизмлар яратиш соҳасидаги фаолиятидир. Техник қуйидаги босқичларни ўз ичига олади: техник зиддиятни аниқлаш, техник вазифаларни белгилаш, техник ғояларни ишлаб чиқиш, идеал моделни барпо этиш, идеал образни моддийлаштириш, ишлашга қобил техник объектни яратиш ва ишлаб чиқаришга жорий қилиш, уни янада такомиллаштириш. Илмий, техник ва бошқа ижодлар инсондаги ижодий фаолиятга бўлган қобилият билан боғланган. Бу ижодий қобилиятнинг дастлабки асоси кишида юзага келадиган кўра билишдир. Ижодий қобилиятнинг етакчи хусусияти эса ижодий тасаввур қилишдир. Бу рассомга ҳам, физик олимга ҳам, ҳар қандай омилкор кишига ҳам хос хусусиятдир. Руҳшунослар қобилиятнинг икки даражасини кўрсатадилар: унинг биринчи даражаси репродуктив акс эттириш бўлиб, иккинчиси - ижодий акс эттиришдир. Қобилиятнинг ана шу икки даражаси, одатда, ижодий қобилият дейилади. Фақат ана шу ижодий қобилиятгина ижодий жараённи тутдиради. Ижодий қобилиятнинг дастлабки кўриниши зеҳн қилишдир. Зеҳн кишининг ташқи таъсирларга нисбатан танлаб таъсирланиш хусусиятини, унинг ишчанлигидан ифодаланадиган кучни характерлаб, муайян бир фаолиятга нисбатан қизиқувчанликда, унга нисбатан мойиллик ва интилишларда намоён бўлади. Бирон бир фаолиятга нисбатан пайдо бўлган қизиқувчанлик ёки майл эса ижодий қобилиятнинг ривожланиш стимулидир, чунки улар кишини муайян фаолиятга ундайди. Бу фаолият жараёнида мавжуд майл ва қизиқувчанлик муайян ҳис- туйғулар ва кечинмалар ижоднинг “энергетик” ресурслариниташкил қилади. Умуман, ижодий қобилият ижодкор шахсининг шаклланиши ва ривожланишида муҳим роль ўйнайди, у ижодкорнинг маънавий образини белгилайди. Ижодий қобилиятни фаоллаштирувчи, унинг рўёбга чиқиши учун энг қулай шароит яратувчиижобий эмоционал ҳолат - бу илҳомдир. Илҳом (илҳомланиш) - инсоннинг ақлий-ижодий фаолиятида юз берадиган эмоционал руҳий ҳолатдир. Ижодий жараёнда илҳомланишдан иборат бўлган эмоционал руҳий ҳолат ҳамма вақт ижодкор қобилияти салоҳиятини фаол яратувчи кучларга айланишига ёрдам беради. Илҳом деганда, ижодкор фавқулотда катта ижодий яратувчилик фаолиятини рўёбга чиқариши мумкин. Илҳом аслида, ижодкорнинг барча маънавий кучлари ва қобилиятлари муайян ижод объектида батамом тўпланганлигини, кишининг ҳиссий ва руҳий кўтаринкилигини (ижод қувончини, ижодий туғёни, ижодий эҳтиросни) билдиради. Илҳом ҳар қандай ижодий жараёндаги зарурий руҳий ҳолатдир. Шунинг учун илҳом поэзияда қанчалик керак бўлгани сингари автоматикада ҳам, информатикада ҳам, энергетикада ва механикада ҳам керакдир. Ижод кишидаги барча руҳий кучларнинг зўр беришини талаб қилади. Ижод билан шуғулланиш, ижодий иш бир лаҳзалик иш эмас. Ижод билан шуғулланишни, бирон янгилик яратишни, одатда халқ игна билан қудуқ қазишга қиёслайди. Ижод билан шуғулланишнинг ўзига хос қувончлари, ташвишлари, қийинчиликлари ва машаққатлари бўлади. Ижод ижодкордан узоқ давр муайян тартибда бирон соҳа юзасидан зўр бериб меҳнат қилишни, қунт билан ўқиб – ўрганиб боришни, катта диққат – эътиборни, улуғ жасорат ва фидойиликни, ўз устида тинмай ишлашни, изланишни талаб қилади. Бунда ижодкорга ижодий фаолиятни ниҳоясига етказишда дуч келадиган қийинчиликларни енга оладиган кучли ирода, сабр- бардош ҳам керак бўлади. Ҳар қандай соҳадаги ижодий фаолият олдин жуда кўп хомаки ишларни бажаришни талаб қилади. Бунда муайян йўналишда вунт билан шуғулланиш, материал тўплаш, уларни умумлаштириш, турларга ажратиш, ниҳоят, уларни фикрга кўчириб, фикрни призмадан ўтказиб, қайта ишлаб чиқиш (ёзувчи); ёки ўнлаб, юзлаб, минглаб тажрибалар қилиш, кузатиш ва тажрибалар ўтказиш (тадқиқотчи); олинган ва тўпланган маълумотларни фикр лабораториясида қайта ишлаб чиқиш (олим) ва бошқалар талаб қилинади. Булар бир лаҳзалик, фақат илҳом келган қисқа вақт ичида бажариладиган ишлар эмас, аксинча, улар ижодкордан катта жасорат ва зўр ирода талаб қилади. Баъзан йирик кашфиётлар нисбатан қисқа муддатда қилиниши мумкин. Лекин, улар ижодкор миясида узоқ вақт давомида етилиб “пишиб” боради. Ижод билан шуғулланган кўпчилик ижодкор кишилар ўз ижодий муваффақиятларини баҳолашганда, ўзларининг меҳнатсеварлиги ва ишчанликларини биринчи ўринга қўйганлар. Масалан, бир қанча кашфиёт ва ихтиролар муаллифи Томас Альва Эдисон ўз ижодий муваффақиятларини баҳолар экан, ижоднинг 1 фоизи гениаллик бўлса, 99 фоизи меҳнат – қаттиқ тер тўкиб ишлашдир, деган экан. Меҳнатсеварлик ва ишчанлик ҳамма буюк ижодкорларга хос аҳлоқий сифатлар бўлиб, улар кишилар ижодий қобилиятини тараққий эттириш учун ўзига нисбатан юқори даражада талабчан бўлиши ва ўз фаолиятинидоимо танқидий баҳолаб бориши муҳим фазилат ҳисобланади. Том маънода ижодкорлар ўз истеъдодининг кўп қирралилиги билан ажралиб турадилар. Талант ва гениаллик ижоднинг муҳим томонларини ташкил қилади. Талант—бу кишининг бирор соҳа бўйича, масалан, математика, информатика, энергетика, механика, расм чизиш ёки шеър ёзиш, тилларни билиш ва шу кабиларга нисбатан бўлган табиий истеъдоди, юксак ижодий қобилиятидир. Энг юксак истеъдодга эга бўлган талантли кишилар гениал кишилар ҳисобланади. Генийлик—бу энг юксак талант ва ақлга эга, энг юксак истеъдод соҳибига хос бўлган буюк ижодий қобилиятдир. Социалогик тадқиқотларга кўра, жамиятдаги барча кишиларнинг тахминан 2 фоизи бир неча соҳада бирданига энг юксак истеъдодли гениал кишилар бўлишар экан. Талант ва гениалликнинг муайян жиҳатлари ирсий бўлиб, авлоддан авлодга берилиши мумкин. Аммо уларнинг юзага чиқиши ҳам ижтимоий тақозодан бўлиб, бунинг учун қунт билан ўз устида мунтазам шуғулланиши, ўқиб ўрганиши, тинмай ишлаб боришилозим бўлади. Талант ва гениалликнинг унсури бўлган истеъдоднинг илк куртаклари муайян шарт- шароит мавжуд бўлганда, кишининг ёшлигидаёқ кўрина бошлайди. Бу нарса боланинг у ёки бу ишга қаттиқ қизиқиши, у ёки бу ишни бажаришга муайян уқув ва қобилиятининг борлиги, ҳар хил ишларни бажаришга мустақил ёндашиши кабиларда намоён бўлади. Бу, айниқса, унинг ақлий риворжланишида, у ёки бу ишни, топшириқни, вазифани ўзича мустақил, ўз хоҳлаганидай тарзда қилишида, бунда унинг одатдагидан бошқача йўл тутишида кўзга ташланади. Аммо, талант ва генийлик билан боғлиқ бўлган истеъдод, барибир, доимо кишининг бирон бир тор соҳанинг ўзини чуқур эгаллаши, билиши билангина эмас, балки кўпчилик соҳалар юзасидан кенг билимга эга бўлишига, тасаввури чуқур, оригинал фикр юрита олишига боғлиқ бўлади. Инсон ижодининг имкониятлари доимо жамият талаб ва эҳтиёжлари билан боғлиқдир. Ижодкорнинг ижодий нияти ана шу талаб ва эҳтиёжлар таъсирида туғилади. Ижод, айниқса, илмий ижоднинг характери ва унинг натижалари кўп жиҳатдан ижодкорнинг ўз фаолиятида қандай методларни танлаганига, улардан қандай фойдаланганига боғлиқ бўлади. Метод деб илмий ижодда қўлланилиши зарур бўлган принциплар, усуллар, қоидалар, йўллар, талаблар ва воситаларнинг тизимига айтилади. Илмий ижодкор, тадқиқотчи тўғри методни танлаган бўлса, тадқиқот муваффақиятли якунланади. Агар тадқиқотчи нотўғри методни танласа ёки методни нотўғри қўлласа, ўз изланишларида боши берк кўчага кириб қолади, унинг тадқиқоти муваффақиятсиз, самарасиз бўлиб чиқади. Тўғри танланган илмий ижод методлари тадқиқотчиларнинг изланишларида тадқиқот йўлини ёритувчи бир машъалдир. Илмий ижодда тўғри танланган метод шу метод ёрдамида қилинган илмий кашфиётга нисбатан қимматлироқ аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Бундай метод билан тадқиқотчи бир эмас, балки бир неча илмий кашфиётлар қилиши мумкин. Илмий ижод методларини ўрганиш фалсафада методологиянинг пайдо бўлишига олиб келди. Методология илмий билиш, ижод методлари ҳақидаги фалсафий таълимот сифатида ўзида кишилар дунёқараши принципларини, уларнинг бир бутун амалий ва назарий фаолиятларига татбиқ этишни ўрганади. “Методология” атамаси фалсафада кўп маънолидир. У биринчидан, борлиқни илмий билиш ва ўзгартиришнинг методлари ҳақидаги назарияни ифодаласа, иккинчи ўринда у бутун илмий билиш, ижод методларининг йиғиндиси маъносини ифодалайди. Учинчи бир ўринда эса “методология” атамаси инсоннинг борлиқни илмий билиш ва ўзгартиришнинг энг умумий методи маъносида ишлатилади. Илмий билишда “метод” ва “методология” атамалари бир- бири билан жуда яқин ва ўзаро чамбарчас боғлиқдир. Методологияга кўра илмий тадқиқотларда қўлланиладиган методлар бир- биридан ўз табиати, характери, қўлланиш соҳалари, қўлланиш кўлами, даражалари жиҳатидан фарқ қилади. Улар бир- бирларидан илмий билишнинг эмпирик ва назарий даражалари жиҳатидан ҳам фарқ қиладилар. Айримлари ўз қўлланиш кўламига кўра илмий тадқиқотларда қўлланилса, бошқа бир хиллари кўпчилик фан соҳаларида олиб бориладиган тадқиқотларда, учинчи бир хиллари эса алоҳида, айрим фан соҳаларида олиб бориладиган тадқиқотлардагина қўлланилади. Шунга кўра илмий билишнинг методларини 3 турга бўлиш мумкин: 1. Илмий билишнинг энг умумий илмий методи. 2. Илмий билишнинг эмпирик даражасига оид умумий методлар. 3. Илмий билишнинг назарий даражасига оид умумий методлар. Илмий ижоднинг илдизлари бевосита инсон амалиётига бориб тақалади. Инсон амалиёти деганда ижодий, маърифий ва ўзгартирувчи жиҳатларнинг бирикмаси тушунилади. Антик даврдаги дастлабки билимлар амалий хусусиятга эга бўлган ва инсон фаолиятининг муайян турларига доир методик қўлланмалар ва кўрсатмалар вазифасини бажарган. Ўша даврда Қадимги Шарқ мамлакатларида (Бобил, Миср, Ассирия, Хитой, Ҳиндистонда) жуда билимлар жамланган. Антик давр шароитларида фаннинг вужудга келиши учун маълум ижтимоий шартшароитлар: ишлаб чиқариш ва ижтимоий муносабатлар анча ривожланган бўлиши талаб этиларди, зеро бу ақлий ва жисмоний меҳнатнинг ажралишига олиб келар, фанда сурункали ижод билан шуғулланиш имконини берарди. Фан турли халқлар ва маданиятларнинг ютуқларини онгли идрок этишни назарда тутадиган бой ва кенг маданий анъаналар негизида шакллана бошланади. Қадимги Грецияда тарихан биринчи натурфалсафа мактаби милоддан аввалги VII- VI асрлар оралиғида Милетда грекларнинг Кичик Осиёдаги йирик колониясида вужудга келди. Фалес (милоддан аввалги VII асрнинг охири VI асрнинг биринчи ярми), Анаксимен (милоддан аввалги 528-524 йиллар атрофида вафот этган), Анаксимандр (тахминан милоддан аввалги 610 йилда туғилган) Милет мактабининг вакиллари эди. Фалес ўз ижодида амалий кўникмаларни табиатни чуқур ўрганиш билан бирлаштирди. У савдогар ва саёҳатчи бўлиб, Шарқ мамлакатларининг билимлар тизими билан яхши таниш эди. Фалес грекларнинг Кичик Осиёдаги колонияларини форсларнинг истилоси таҳдидига қарши иттифоққа бирлаштириш ғоясини илгари сурди. У милоддан аввалги 589 йилда ўзининг астраномия соҳасидаги билимларини ишга солиб, қуёш тутилишини башорат қилди ва Грецияда довруқ қозонди. Фалес барча мавжудотлар қандайдир бирламчи намликдан ёки сувдан бино бўлган деб фараз қилар эди. Фалеснинг қарашлари – содда материализмдир. Анаксимандр устози Фалес каби оламнинг тузилиши, география, механика, физика, ҳаёт ва инсоннинг келиб чиқиши масалалари билан шуғулланди. Анаксимандр илмий ижодининг маҳсули “Табиат ҳақида” асари бўлиб, ундан бизгача фақат бир кичик парчалар етиб келган. Анаксимандр биринчи бўлиб жўғрофий хариталар тузди ва илк фазовий глобусни ясади. Анаксимандр олам чексиз ноаниқ бирламчи модда билан тўла, деган фаразни илгари сурди. Бу моддани у “апейрон” (“чексиз”) деб атади. Унинг фикрича, Ерда ҳаёт сербалчиқ денгиз тубида вужудга келган, барча тирик мавжудотлар— балиқлар, қушлар, ҳайвонлар денгиз тубидаги балчиқдан бино бўлган эди. Қадимги Рим файласуфи Тит Лукреций Кар атомлар ҳақидаги таълимотни ривожлантирди ва ўзининг “Нарсалар табиати ҳақида” номли ўлмас достонини атомистик, казуал ва материалистик фалсафага бағишлади. Антик дунёқарашда милоддан аввалги V асргача содда материализм етакчилик қилди. Платон (милоддан аввалги 427-347 йиллар) ўз асарларида дунёни тушунишни материализмга қарши қўйди. Бунинг асосларини у ўсмирлик пайтида ўз устози Суқротдан олган эди. Платоннинг таълимотига кўра, ҳиссий нарсалар олами чинакам борлиқ олами эмас: ҳиссий нарсалар тинимсиз вужудга келади ва ҳалок бўлади, ҳаракатланади ва ўзгаради, уларда мустаҳкам ва ҳақиқий ҳеч нарса йўқ.. ақл билан идрок этиладиган танасиз, сезгисиз шакллар нарсаларнинг асл моҳияти, уларнинг сабабларидир. Антик даврнинг буюк мутафаккири Аристотель (милоддан аввалги 384-322 йиллар) ўз устози Платоннинг қарашлари ва таълимотларини ижодий ривожлантирди. Инсон ижодини янги билим олиш шарти сифатида ўрганган Аристотель фикрлаш, хулоса чиқаришнинг тўғри, ҳаққоний методлари ва усуллари фан- мантиқ ҳақида таълимот яратди. Мантиқни Аристотель “органон”- ҳаққоний билимнинг универсал қуроли деб атади. Аристотелнинг фикрича, ҳар бир нарса қотиб қолган, пассив, ўзига нисбатан бефарқ материя билан фаол, ҳаракатчан, тирик шаклнинг бирлиги демакдир. Шакл ижодий фаол негиз сифатида қотиб қолган, инерт материяга таъсир кўрсатади, уни шакллантиради, расмийлаштиради, материяга тегишли тус беради, энг юксак шакл ёки шакллар шакли, борлиқнинг етакчиси эса Худодир. Шунинг учун ҳам Аристотелнинг фалсафаси объектив идеализмдир. Аристотелнинг фикрича, инсонни қуршаган олам унинг билиш, ўрганиш, тадқиқ қилиш объектидир. Минг йил давом этган ўрта асрлар ўрнига келган Уйғониш даври инсоннинг улкан ижодий имкониятлари пафоси билан суғорилган эди. Бу даврда асосан моҳияти ижодий мушоҳада юритишдан иборат деб қаралган бадиий ижод ривожланди. Ижодий асос ташувчиси сифатидадаҳо шахсига сиғиниш шаклланди, тарихга эса соф инсоний ижод маҳсули деб қаралди. Жумладан, Уйғониш даврида яшаб ижод қилган италиялик файласуф Ж. Вико инсонни тил, аҳлоқ, урф- одатлар, анъаналар, санъат ва фалсафа ижодкори деб эътироф этди. Уйғониш даврининг фалсафаси ва фани инсонпарварлик, илмий тафаккур, фан ва фалсафанинг ижодий синтезига ёрқин мисол бўла олади. Бу даврда Леонардо да Винчи (механика, физика, гидравлика), Николай Коперник (Қуёш системаси тузилишининг гелиоцентрик назарияси), Иоганн Кеплер (астрономия, космология, самовий механика қонунлари) сингари мутафаккирлар ўзларининг гениал табиий илмий асарларини яратдилар. XVI-XVII асрларда Ғарбий Европада янги буржуа бозор ишлаб чиқариш муносабатларининг жадал ривожланиши фан (математика, механика, физика, оптика, гидродинамика) ва техниканинг фаол ривожланишига олиб келди. Бу даврда Г. Галилей, И. Ньютон, Р. Гук, Л. Эйлер ва бошқа олимларнинг даҳо асарлари ва бетакрор ижодий фаолияти натижасида изчил, мантиқий, тажрибаларда кўп карра ўз тасдиғини топган классик механика вужудга келди. Янги даврнинг даҳо файласуфлари Ф. Бекон, Т. Гоббс, Ж. Локк, Д. Юм ижодга инсон томонидан янги механизмлар, машиналар, қурилмалар ва агрегатларнинг кашф этилиши деб қаради. Фан ва техника ютуқлари ҳамда кашфиётлари фалсафа ва фанда дунёнинг механистик манзараси, метафизик дунёқараш ҳукмронлик қилишига олиб келди. XVIII аср охири XIX асрнинг биринчи чорагида инсоният тарихидаги буюк мутафаккирлардан бири Иммануил Кант (1724-1804 йиллар) асос солган немис классик фалсафасининг ижодий фаоллиги ошди. Буюк немис файласуфи энг янги давр фалсафасининг асосларини классик идеализм шаклига солди. И. Кантнинг ижодий даҳоси нафақат фалсафада, балки фанда ҳам намоён бўлди. У Қуёш системаси улкан газ туманлигидан вужудга келган, ажойиб космогоник концепцияни яратди. Бу концепция ҳозирги замон астрофизикасида ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Бундан ташқари, у ҳайвонларнинг келиб чиқиши тартибига кўра тақсимлаш ғоясини, шунингдек, инсон ирқларининг табиий келиб чиқиши ғоясини илгари сурди. Геометрия, математика ва механика соҳаларидаги кўплаб оригинал ғоялар ҳам Кантга тегишлидир. И. Кантдан сўнг буюк немис файласуфи- идеалист ва деалектик Г. Гегель (1770-1831) билишни ўзининг алоҳида ички ташкилоти методлари, усулларига эга бўлган ўзига хос фаолият сифатида анализдан ўтказишни ижодий давом эттирди. Гегелнинг фалсафий тизими деганда моҳият эътибори билан абсолют руҳнинг ижодий- яратувчилик фаолиятининг ҳамда унинг ҳосиласи бўлган инсон билимининг ижодий фаолияти методологияси тушунилади. Илмий ижод методологияси соҳасида Гегелнинг асосий хизмати шундаки, у диалектикани билиш ва умуман маънавий фаолиятнинг умумий методи сифатида ҳар томонлама чуқур кўриб чиқди. XIX асрда ва XX асрнинг биринчи ярмида фан ва ижод, фалсафа ва илмий билиш эпистемологияси жадал ривожланди. Диалектика, илмий анализ объектининг ўзгарувчанлиги, қарама- қаршиликлар бирлиги ва кураши орқали ривожланиш, сон ва сифат ўзгаришларининг ўзаро ўтиши ғоялари, диалектик инкор этишнинг синтез деб олиниши, ўзгарувчи объектдан зиддиятларнинг олиб ташланиши табиатшуносликда ва умуман фанда чинакам инқилоб ясади. Бу даврда физикада энергиянинг сақланишива бир турдан иккинчи турга ўтиш қонуни (Жоул, Гельмогольц, Майер), биологияда тирик организмларнинг хужайра тузилиши (Шлейден, Шванн), кимёда даврий қонун (Д. И. Менделеев) кашф этилди, Ч. Дарвин биологияда турларнинг табиий келиб чиқиши назариясини илгари сурди. XX аср бошида, айниқса, физика жадал ривожланди. М, Планк квантлар ҳақида гениал гипотезани таклиф қилди, А. Эйнштейн эса махсус (кейинчалик умумий) нисбийлик назариясини яратди. Бу ва бошқа атоқли физикларнинг (Н. Бор, Л. Де Бройль, В. Гейзенберг, П. Дирак, Э. Шредингер, В. Паули, Э. Ферми, Р. Фейнман, Ж. Уилер ва ҳозирги замон физикасининг бошқа яратувчилари) методологик ғоялари дунёнинг ҳозирги замон квант- релятивистик илмий манзарасининг шаклланишига олиб келди. Ҳозирги замон илмий билишнинг мутлақо янги соҳаси—глобалистика (Т. Де Шарден, А. Печчеи ва у ташкил этган Рим клуби ҳамда бошқаларнинг ғоялари ва қарашлари) вужудга келди ва жадал ривожланди. Ҳозирги замон илмий- техникавий тараққиётнинг бу ва бошқа кўплаб ютуқлари негизида ҳозирги замон илмий ижоди методологиясида сциентизм ва постпозитизм сингари йўналишлар вужудга келди. Ҳозирги замон фан методологияси сциенистик йўналишининг вакиллари ҳозирги замон фани ҳозирги замоннинг асосий ижтимоий муаммолари: экологик, демографик, озиқ- овқат ва бошқа муаммоларни ижобий ҳал қилишга қодир, деган ғояни илгари суради. Таниқли иқтисодчи, Нобель мукофоти соҳиби Ж. Гелбрейт ҳамда ижтимоий тарққиётнинг ҳозирги замон босқичини постиндустриал жамият даври деб таърифлаган гарвардлик социолог Д. Беллнинг асарларида сциенистик қарашлар ўзининг ёрқин ифодасини топган. Д. Беллнинг сциенистик қарашларига кўра, ҳозирги замон давлатларида сиёсий ҳокимият сиёсатчилар ва бизнесменлар қўлидан аста- секин илмий – тадқиқот ташкилотлари қўлига ўтиши, ҳозирги замон ижтимоий- сиёсий бошқарув тизимига фан фаол жалб этилиши лозим. Сциентизмнинг бошқа бир йўналиши – ҳозирги замон неопозитивистик фан фалсафаси фанга маданий дунёқараш андозаси деб қарайди. Постпозитивизм ҳозирги замон фан фалсафасидаги муҳим йўналишдир. Унинг таниқли вакиллари К. Поппер, Т. Кун, М. Полани, И. Лакатос, П. Фейерабенд, Ст. Тулмин ва бошқалар ҳозирги замон методолгик концепциялари ва ёндашувларини ижодий ва фаол ранг- баранглаштирди. Постпозитивизмнинг асосий методологик вазифаси қуйидаги саволларга жавоб топиш орқали илмий билимнинг ривожланиши ва ўсишини тушуниб етишдир: Янги назария қандай вужудга келади? У қандай қилиб ўзининг эътироф этилишига муваффақ бўлади? Рақобатлашувчи илмий назарияларни таққослаш ва танлашнинг мезонлари қандай? Бундан ташқари, постпозитивистларнинг фикрича, фалсафа ва фан ўртасида чегара омонат, ўзгарувчан, шартли ва нисбийдир. Марказий Осиё мутафаккирлари ўз ижодий фаолияти билан ислом ҳуқуқи ва жамиятшунослигини ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. Жумладан, буюк бобокалонимиз Имом ал- Бухорий энг мукаммал Ҳадислар тўпламини яратди. Бунинг учун у минг ортиқ одамлар билан суҳбатлашди, Муҳаммад (а. с.)нинг ҳаёти ҳақида 600 мингдан ортиқ ҳадисларни ёзиб олди, уларнинг орасидан энг ҳаққоний 7300тасини танлаб, ўз Ҳадисларига киритди. Баҳовуддин Нақшбанд ва Аҳмад Яссавий Марказий Осиёда сўфизмнинг энг йирик вакиллари, нақшбандия ва яссавия тариқатларининг асосчиларидир. Сўфизм инсонда илоҳий ва дунёвийнинг тажассумини кўради; инсон – универсумдаги энг баркамол борлиқдир, у ўзида бутун борлиқни мужассамлаштиради. Илоҳиёт сақловчиси бўлган Аллоҳ билан бирлашиш орқали ўзининг ҳақиқий “Мен”ига қайтишга қодирдир. Сўфизм психологик анализга катта эътибор беради, инсон қилмишларининг туб сабабларини очиб беришга ҳаракат қилади. Ижод ва билишга инсонга юборилган илоҳий ваҳий деб қаралади. Яссавий тариқатида мушоҳада юритиш ва медитация учун тарки дунё қилишга алоҳида эътибор берилган. Ўрта асрларда яшаб ижод қилган Шарқнинг буюк мутафаккири ал- Киндий, алФарғоний, ал- Хоразмий, ал- Форобий, Абу Али ибн Сино, Ғаззолий, ибн Рушд, уларнинг шогирдлари ваиздошлари фалсафада перипатетиклар, яъни буюк Аристотелнинг издошлари таълимотини, деизмни – оламнинг сабаби сифатида Худонинг мавжудлигини тан олувчи фалсафий таълимотни, “Худо” ва “Табиат” тушунчаларини яқинлаштирувчи пантеизмни, билиш назариясида дуализмни ривожлантирдилар, зеро, икки томонлама ҳақиқат – илоҳий ваҳий ҳақиқати ва илмий ижод ҳақиқати назариясига амал қиладилар. Шарқ перипатетиклари истеъдодли, ижодкор одамлар, ўз даврининг қомусий олимлари эди. Юқорида зикр этилган олимларнинг кўпчиликлари Марказий Осиёдан чиққан, яъни бизнинг бобокалонларимиздир. Ўрта асрларда яшаб ижод қилган буюк аллома Аҳмад ал- Фарғоний жаҳоннинг энг машҳур астрономлари қаторида тилга олинади. Унга бундай катта шуҳрат келтирган “Мадҳал ун- Нужум” (“Астрономия асослари”) асарида ўша даврдаги астрономия фанининг асослари баён этилган. Мазкур асар XII асрда араб тилидан лотин тилига ўгирилди ва уч юз йилдан ортиқ давр Европада астрономия бўйича асосий дарслик бўлиб хизмат қилди. Ал- Фарғоний ўз замондоши ал- Хоразмий билан бирга араб халифалигининг пойтахти Бағдодда, халифа ал- Маъмун ташкил қилган машҳур “Байтулҳикма” академиясида хизмат қилди. Ал- Фарғонийнинг “Мадҳал ун- нужум” асари қомусий хусусиятга эга. Унда астрономия фанининг асослари, дунёнинг тузилиш модели, самовий жисмларнинг ҳаракати назарияси, шунингдек, мусулмонлар, грексирия, копт ва форслар тақвими баён этилган. Ўз асарида олим Ер шарсимон шаклга эгалигини кўрсатиб ўтган. Ал- Фарғоний астрономик асбоб- астролябия, унинг тузилиши ва ундан фойдаланиш қоидалари ҳақида рисола ёзиб қолдирди. Ал- Фарғоний география фанининг тарихида ҳам чуқур из қолдирди. Ўзининг “Етти иқлим ҳисоби” деб аталган рисоласида у мамлакатлар ва шаҳарларни иқлимий ва жўғрофий шароитларга қараб санаб ўтган. У, шунингдек, қуёш соатини ясаш ва ундан фойдаланишга доир амалий қўлланма ҳам ёзиб қолдирган. Ўрта асрларда яшаб ижод қилган буюк мутафаккир, қомусий олим Муҳаммад ибн Мусо ал- Хоразмий математика, астрономия, тригонометрия, алгебра, география ва фалсафанинг ривожланишига катта ҳисса қўшди. У олим сифатида ўз Ватани – Хоразмда шаклланди, Марв ва Бағдодда ишлади, халифа ал- Маъмун даврида “Байтул - ҳикма”да илмий марказга раҳбарлик қилди. Ал- Хоразмий “Зиж” (икки таҳрирда), “Ҳинд ҳисоби ҳақида китоб”, “Тарихнома”, “Жўғрофий асар”, “Ер тузилиши ҳақида китоб” сингари кўплаб илмий асарлар муаллифидир. Ал- Хоразмий алгебрага ва алгоритмлар математик назариясига асос солди. Мазкур таълимотларнинг асосий қоидалари “Алгебра ва алмукабаллани ҳисоблашнинг қисқача баёни” китобида келтирилган. Мазкур китобда олти хил чизиқли ва квадрат тенгламаларни ечиш, ҳар хил учбурчаклар, тўртбурчаклар, пирамидаларнинг майдони ва томонларини ўлчашнинг методлари, усуллари ва алгоритмлари баён этилган. Ал- Хоразмий бу китобда фойдадан фоизлар ҳисоблаш, меросни ҳисоблаш, савдодан олинган даромадларниҳисоблаш усулларини, мерос билан боғлиқ турли масалаларни кўриб чиққан. Абу Али ибн Сино ўрта асрларда яшаб ижод қилган Шарқнинг буюк мутафаккири, қомусчи олими, “Фалсафа ва тиббиёт ҳоқони”дир. Ўзининг биринчи илмий асарини у 17 ёшида яратган. Ибн Синонинг дастлабки фалсафий асари – “Руҳий кучлар ҳақида тадқиқот” ҳам ўша даврда яратилган. Ибн Синонинг илмий мероси ўша даврдаги инсон билимининг барча соҳаларини қамраб олган. “Тиб қонунлари”, 22 жилддан иборат “Шифо китоби”, “Билим китоби”, “Паноҳнома”, “Тиббиёт ҳақида достон” ибн Синонинг энг йирик асарларидир. Бизгача унинг мантиқ, фалсафа, поэтика, этика, адабиёт соҳаларидаги асарлари етиб келган. Табиий ва ижтимоий муҳитни ибн Сино инсон тарбияси ва ҳаётида биринчи ўринга қўяди. Инсоннинг ақл- идроки унинг тақдирига таъсир кўрсатиши мумкин, зотан, инсон ҳайвондан фарқли ўлароқ, ўз ақли билан қилмишларини идрок этишга қодирдир, деб кўрсатади ибн Сино. У эзгулик ва ёвузлик, инсоннинг камтарлиги, маънавияти, иродаси, меҳнати сингари фалсафий- этик тушунчаларни кўриб чиқди. Фалсафада Аристотель ва ал- Форобийнинг йўлини давом эттирган ибн Сино табиатни, ташқи оламни боқий деб эътироф этди. “Материясиз абстрак жисм шакли мавжуд эмас”, деб кўрсатди у. Ҳаракат материяга хос, у жисмларнинг ўзгарган шаклидир. Оламнинг мавжудлиги боқий Худо билан боғлиқ, аммо илоҳдан вужудга келган моддий олам ҳам Худо каби боқийдир. Ўзининг илмий ижодида ибн Сино фикрни мантиқан қатъий тузишга, далиллаш ва исботлаш усулларининг аниқлигига катта эътибор берди, билишда ҳиссий идрок этиш катта роль ўйнайди, деб эътироф этди. Унингча, илмий билишда тажриба мантиқий фикрлаш, эксперимент ва ақл- идрокнинг бирлиги принципи муҳимдир. Темурнинг суюкли набираси Муҳаммад Тарағай Улуғбек буюк олим – астроном, математик, ҳуқуқшунос, тарихчи, сиёсатчи ва дипломат бўлиб етишди. У ўн беш ёшида Самарқанд тахтига ўтирди, отаси Шоҳруҳнинг вафотидан сўнг эса темурийлар салтанатини бошқарди. Улуғбек Самарқандда мадрасалар, кутубхоналар қурди, жаҳонга машҳур обсерваторияни барпо этди, йирик мутафаккирлар, олимлар, адабиётчиларга ҳомийлик қилди. Улуғбек ва унинг астрономия мактаби томонидан яратилган “Янги астрономик жадваллар” бутун жаҳонда эътироф этилди, лотинчага ўгирилиб, 1665 йили Оксфордда чоп этилди. Математик сифатида Улуғбек “Бир градуснинг синусини аниқлаш ҳақида рисола”ни ёзиб қолдирди. Улуғбекнинг тарихчи сифатидаги даҳоси “Тўрт улус тарихи” асарида ўз ифодасини топди. Улуғбек араб тилини яхши билар, ҳуқуқшунослик, мантиқ, адабий услуб назарияси, мусиқанинг назарий асосларига қизиқар эди. Улуғбек 55 ёшида ўз ўғли томонидан уюштирилган сиёсий фитна қурбони бўлди. Илмий ижод даражалари Илмий билиш одатий, оддий, бадиий билишлардан фарқ қилади. Фан билишнинг ўзига хос шаклидир. Илмий билиш билим билан фаолият бирлигидан иборатдир. Илмий объектив, асослаб берилган, муайян мавзуга эга бўлган билишдир. У актуаллиги ёки келажакда ўзлаштирилиши мумкинлиги туфайли фаолиятга жалб қилинадиган объектларни ўрганишга қаратилган. Улар мавжуд бўлиб туриш, ривожланишнинг объектив қонунларига бўйсунувчи объектлар сифатида тадқиқ қилинади. Бу ҳам илмий билишнинг энг муҳим хусусиятларидан биридир. Бу ўзига хос хусусият уни инсоннинг оламни билишга қаратилган фаолиятининг бошқа шаклларидан ажралиб туради. Чунончи, воқеликни бадиий равишда ўрганишда киритилган объектлар субъектив омиллардан ажратиб олинмайди, улар билан “чирмашиб”, “қўшилиб кетган” ҳолда олинади. Объектив олам нарсалари, ҳодисаларнинг санъатдаги ҳар қандай инъикоси, тасвири, шу нарсага, ҳодисага инсоннинг муносабатини, унга қадрият сифатида қарашини ифодалайди. Бадиий образ объектнинг инсон шахсининг жиҳатлари, қадриятлари ифодаланган ҳолдаги инъикосидир. Фанда билишларни вужудга келтирувчи шахснинг ҳаётий фаолиятининг ўзига хос томонлари, нарсалар, ҳодисаларга қадриятлар сифатида қараши, баҳолаши ишлаб чиқилаётган билимнинг таркибий қисмига бевосита кирмайди. Илмий ижодда олимнинг шахсий жиҳатлари, қадриятларга муносабати ҳам муайян роль ўйнайди, унинг натижаларига муайян маънода таъсир этади. Аммо фан воқеликни объектив, асосланган, муайян мавзуни холисона тадқиқ қилишга қаратилган. Илмий билиш табиатнинг нарсалари, ҳодисаларини фақат фаҳмлаш шаклида эмас, балки амалиёт шаклида ҳам акс эттиради. Тўғри, бундай акс эттириш жараёни фақат ўрганилаётган объектнинг хусусиятлари билангина эмас, балки ижтимоий – маданий характердаги кўпгина омиллар билан ҳам боғланган. Тарихий тараққиётнинг бир босқичидан иккинчисига, маданиятнинг бир туридан иккинчисига ўтиш жараёнида илмий билимларни баён қилиш усуллари, оламни илмий ўрганиш воситалари, фикрлаш усуллари, йўллари ҳам ўзгариб борган. Бу хилма- хил ижтимоий – маданий омилларнинг билиш жараёнига таъсири, у билан қўшилиб бориши натижасида юз берган. Лекин илмий билишнинг биринчи ва зарурий томони, хусусияти унинг объективлиги, асосланганлиги, холисона амалга оширилишидир. Фан фақат ҳозирги вақтда амалиётда ўзгартирилаётган, қайта қурилаётган объектларнигина эмас, балки келажакда ўзлаштириладиган, ўзгартириладиган объектларни ҳам ўрганишга қаратилган. Бу илмий билишни бошқа билишлардан уни ажратиб турадиган хусусиятдир. Фан воқеликдаги объектларнинг алоҳида тўпламини тадқиқ қилади, улар кундалик тажриба объектларидан иборат эмас. Фан ўрганадиган объектларни кундалик, оддий билишда қўлланиладиган воситалар билан тадқиқ қилиб бўлмайди. Чунончи, кундалик, оддий тил билан инсоннинг кундалик тажрибаси доирасига кирадиган объектларнигина баён этиш, башорат қилиш мумкин. Фан эса кундалик амалиёт доирасига кирмайдиган объектларни ҳам ўрганади. Кундалик тилнинг тушунчалари турли маъноларни ифодалайди. Бевосита фаолиятдагина уларнинг ҳақиқий мазмуни намоён бўлади. Фан эса кундалик амалий тажрибада учрамайдиган, текширилмайдиган объектларни ўрганади. Шунинг учун ҳам оддий, кундалик тил тушунчаларидан фойдалана олмайди. Фан объектларни аниқ, равшан ифодалайдиган тушунчалардан, таърифлардан, махсус тилдан фойдаланади. Фаннинг ўзига хос махсус тили янги ҳодисалар, янги оламларга кириб бориш, уларни тадқиқ қилиш жараёнида ривожланиб боради. Фан кузатиш, ўлчаш, ёзиб бориш, тажриба ўтказишда махсус асбоб- ускуналар, мосламалар, қурилмалар, иншоотлар, қудратли ишлаб чиқаришдан фойдаланади. Илмий билишнинг ўзига хос хусусияти яна шундаки, илмий билишлар илмий фаолият натижасида ишлаб чиқилади, бинобарин, унинг маҳсулидир. Илмий билишларнинг ҳақиқатлиги уларни ишлаб чиқаришда ва кундалик тажрибада қўллана олиши билангина тасдиқланмайди. Фан билимларнинг ҳақиқатлигини текшириб кўриш, исботлашнинг ўзига хос хусусиятларини ишлаб чиққан, улардан фойдаланади. Чунончи, у ҳақиқатлиги тасдиқланган билимлардан ишлаб чиқилган бошқа билимларнинг тўғрилигини илмни тажриба орқали текшириш усулидан ҳам фойдаланади. Бу усул тўғрилиги исботланган билимлардан бошқа соҳаларда ҳам фойдаланишга имкон беради. У илмий билишларнинг ўзаро алоқадорлиги, боғлиқлигини, бир бутун тизим тарзида шаклланишини таъминлайди. Илмий билимларнинг тизим тарзида асослаб, исботлаб берилганлиги уларнинг ўзига хос муҳим хусусиятларидан биридир. Бу муҳим хусусият ҳам уларни оддий, кундалик амалий билимлардан ажратиб туради. Илмий билиш кундалик, амалий билишдан ўзининг объектларини аниқлаш, унинг хусусиятларини ўрганишга қаратилган фаолиятнинг усуллари билан фарқ қилади. Чунончи, ҳаддан ташқари қисқа вақтда пайдо бўлиб, йўқ бўлиб кетадиган, аммо микрожараёнларга жиддий таъсир қиладиган заррачаларнинг умрини узайтирадиган, топа оладиган, хусусиятларини, бошқа заррачаларга таъсирини ўрганишга ёрдам берадиган махсус усуллардан фойдаланади. Илмий билишнинг ўзига хос хусусияти яна шундаки, илмий тадқиқотчи учун объектив ҳақиқатни излаб топиш, асослаб бериш то ва унинг тажрибада тасдиқланишида мантиқий зиддиятнинг бўлмаслиги ҳақида талаб, тадқиқ қилинаётган объектларнинг моҳиятини ифодаловчи алоқаларини ифодаловчи қонунлар, принципларга таянган ҳолда ҳодисаларни тушунтириш сингари илмий нормалар, қоидалар, мақсадлар орқали амалга ошади. Илмий билишда билимларни доимо кўпайтириш, ривожлантириш, чуқурлаштириш янги билимларни вужудга келтириш тўғрисидаги кўрсатма, дастур ҳам муҳим роль ўйнайди. Бу кўрсатма кўчирмачиликни ман қилувчи, илмий изланишлар асосини танқидий таҳлил қилиб бериш сингари йўл- йўриқлар, талабларда ҳам ифодаланади. Хулоса шуки, илмий билишнинг ўзига хос хусусиятлари бор, у кундалик, оддий, бадиий билимлардан фарқ қилади. Илмий билимлар мураккаб тузилишга эга. Илмий билимларнинг асослари қуйидаги 3 қисмдан иборат: 1. Тадқиқотларнинг илмий таҳлили (гипотезаси), олий мақсади ва нормалари; 2. Оламнинг илмий манзараси, таърифи; 3. Фалсафий асослари. Илмий билишнинг муайян ғоялари ва нормалари бор. Улар илмий билиш нима учун, қандай натижалар учун, қандай усуллар орқали амалга оширилишини ифодалайди. Улар билимларни исбот қилиш ва асослаш, тушунтириш ва тасвирлаш, ишлаб чиқиш ва уюштириш, ташкил қилиш ғоялари ва нормаларини ифодалайди. Бу ғоялар ва нормаларнинг бир неча даражалари бор. Биринчи даража илмий билишнинг умумий қоидалари, йўл- йўриқлари, талабларини ифодалайди. Иккинчи даража бу умумий қоидалар, йўл- йўриқлар, иалабларнинг аниқ тарихий даврларга хос бўлган кўринишларини ифодалайди. Чунончи, уларнинг ҳозиргилари ўрта асрлардагидан фарқ қилади. Учинчи даражага иккинчи даражадагиларнинг физика, биология, кимё ва бошқа ҳар бир фанга тадбиқан олинадиган кўринишлари киради. Оламнинг манзараси, таърифи хилма- хил фанлар қўлга киритган билимларни синтез қилиш, умумлаштириш натижасида шаклланади ва фан тараққиётининг муайян босқичларида олам ҳақида ишлаб чиқилган умумий тасаввурлардан иборат бўлади. Табиатнинг тузилиши ва тараққиёти ҳақидаги тасввурлар оламнинг табиий- илмий манзараси таърифи дейилади. Илмий билишнинг фалсафий асосларига фаннинг ғоялари ва нормалари, оламнинг илмий манзарасини фалсафий асослаб берувчи фалсафий қарашлар, ғоялар, принциплар киради. Улар илмий билимларни маданиятнинг бир кўриниши, жиҳати эканлигини ҳам асослаб беради. Ҳар қандай янги ғоя фалсафий жиҳатдан асослаб берилгандагина илмий билишнинг янги ғояси, нормаси ёки оламнинг манзараси ҳақида исботсиз ҳам қабул қилинаверадиган ғоя (аксиома)га, фаразга айлана олади. Илмий билишнинг фалсафий асослари фаннинг ғоялари, нормалари, оламнинг манзарасини янгилашга қаратилган янги назарияларни ишлаб чиқишда иштирок этади. Демак, илмий билимларнинг асосларига тадқиқотларнинг ғоялари, олий мақсади, нормалари, оламнинг илмий манзараси ва фалсафий асослари киради. Ҳозирги замон фани билимларининг бир- бири билан боғланган, ўзаро таъсир қилиб турувчи, шу билан бирга, нисбий мустақилликка эга бўлган хилма- хил соҳаларидан иборат. Яхлит бир бутун фаннинг ривожланиб бораётган тизимлари, уларнинг нисбий мустақилликка эга бўлган ички тизимлари, буларнинг ҳам ўз навбатида ички тизимлари, соҳалари, унсурлари бор. Фаннинг ҳар бир соҳасининг, чунончи, физика, кимё, биология ва бошқаларнинг турли туман билиш шакллари бор. Буларга эмпирик далиллар, қонунлар, гипотезалар, турли турдаги ва умумлаштиришнинг турли даражаларидаги назариялар ва бошқалар киради. Илмий тадқиқотларнинг эмпирик ва назарий тадқиқотлардан иборат бўлган 2та даражалари бор. Бинобарин, билишга қаратилган фаолиятнинг икки – эмпирик ва назарий турлари мавжуд. Булар “ҳиссий” ва “мантиқий” билишларга яқин туради, аммо уларни аралаштириб юбормаслик керак. Эмпирик тадқиқотни ҳиссий билишдан иборат қилиб қўйиб бўлмайди. Эмпирик тадқиқотда фақат оддий, кундаги тушунчалардангина эмас, балки махсус илмий тушунчалардан ҳам фойдаланилади. Кузатишнинг натижалари, маълумотлари сезгилар, идроклар, тасаввурлардангина иборат эмас. Улар мантиқий билишнинг ҳам, ҳиссий ва мантиқий билишларни ўзаро таъсирларининг ҳам натижасидир. Ундан ташқари эмпирик тадқиқот кузатишдангина иборат эмас, унда кузатиш маълумотлари асосида илмий далил ҳам шаклланади. Илмий далиллар ҳиссий вамантиқий билишларнинг ўзаро таъсири натижасида вужудга келади. Назарий тадқиқотни ақлий билиш билан ҳам аралаштириб юбормаслик керак. Назарий тадқиқотда ақлий билишнинг тушунчалар, ҳукмлар, ақлий хулосалар сингари шакллари муҳим роль ўйнайди. Аммо назарияни ишлаб чиқиш, илгари суришда ҳиссий билишнинг шакллари бўлган кўргазмалари, моделлар тарзидаги тасаввурлардан ҳам фойдаланилади. Мураккаб, юқори даражада математикалаштирилган назариялар ҳам идеал маятник, яъни тебратгич, мутлақо қаттиқ жисм, маҳсулотларни идеал даражадаги алмаштириш сингари тасаввурларини ўз таркибига киритади. Бундай барча идеаллаштирилган объектлар кўргазмали моделлар тарзидаги образлардир. Булар орқали фикрий тажрибалар ўтказилади. Бу тажрибалар натижасида муҳим, зарурий алоқалар ва муносабатлар аниқланади ва кейинчалик улар тушунчаларда ифодаланади. Шу сабабли назарияда ҳиссий кўргазмали жиҳатлар бўлади. Эмпирик ва назарий тадқиқотлар бирбирларидан ўзларининг тадқиқот мавзулари, тадқиқот воситалари ва усулларининг ўзига хос томонлари билан фарқ қилади. Эмпирик тадқиқот ҳодисаларни, улар ўртасидаги боғланишларни ўрганади. Назарий тадқиқот эса ҳодисалар ўртасидаги сабабий алоқаларни, қонуний боғланишларни, уларнинг моҳиятини очишга қаратилган. Эмпирик тадқиқот очадиган боғланишлар индуктив умумийлаштиришлар натижасида аниқланади ва ҳақиқатлиги эҳтимол бўлган билимларни ифодалайди. Назарий тадқиқот натижасида кашф қилинадиган қонунлар эса чинакам тўғри бўлган ҳақиқатдир. Эмпирик тадқиқотда ҳодисалар ўртасида қонун намоён бўлиши англаниши мумкин. Назарий тадқиқотда эса у кашф қилинади, соф ҳолда аниқ тарзда олинади. Илмий билишнинг эмпирик ва назарий даражалари бир- бирларидан ўзларининг воситалари билан фарқ қилади. Эмпирик тадқиқот кузатиш, тажриба ва уларда фойдаланиладиган асбоб- ускуналар, мосламалар орқали амалга оширилади. Назарий тадқиқотда эса тадқиқотчининг объектлар билан бевосита амалий ўзаро таъсири юз бермайди. У орқали объект билвосита, реал эмас, балки фикрий тажриба орқали тадқиқ қилинади. Назарий тадқиқотда ўрганилаётган объект билан моддий ва амалий ўзаро таъсир воситалари бўлмайди. Назарий тадқиқотни тили эмпирик баён қилишнинг тилидан фарқ қилади. Унда назарий идеал объектлар деб аталувчи воситалардан фойдаланилади. Улар идеаллаштирилган объектлар, мавҳумлаштирилган объектлар, назарий қурилмалар ҳам дейилади. Мутлақо қаттик жисм, мутлақо қора нарса идеал маҳсулот, идеал газ ва бошқалар буларга мисол бўла олади. Эмпирик ва назарий тадқиқотлар бир-бирларидан ўзларининг усуллари билан ҳам фарқ қилади. Эмпирик тадқиқот усулларига кузатиш, ҳисоблаш, солиштириш ва тажриба киради. Назарий тадқиқот усулларига эса идеаллаштириш, идеаллаштирилган объектлар билан фикрий тажриба ўтказиш, мавҳумликдан конкретликка бориш аксиоматик ва гипотезали дедуктив методлар – мантиқийлик ва тарихийлик ва бошқалар киради. Илмий билишнинг эмпирик ва назарий даражалари мураккаб тузилишга эга. Уларнинг ҳар бирининг ўзига хос даражалари бор. Эмпирик тадқиқотнинг кузатиш ва эмпирик далиллардан иборат даражалари мавжуд. Объектларни кузатиш бевосита сезги органлари орқали ёки махсус асбоблар, ускуналар, мосламалар орқали олиб борилади. Улар орқали олинган маълумотлар, ахборотлар ёзиб борилади. Кузатиш уни олиб борувчининг ҳолатига, унинг сезги органларининг ҳолати ривожланганлик даражасига боғлиқ бўлади. Бинобарин, сезги органлари ташқи, ички таъсирлар алоқалари туфайли объектив маълумотлар, ахборотлар бермаслиги мумкин. Кузатишларда фойдаланиладиган асбоблар, ускуналар, мосламалар ҳам нотўғри, объектив бўлмаган ахборотлар бериши мумкин. Эмпирик далиллар эса ҳар доим тўғри, объектив маълумотлар, ахборотлардан иборат бўлади. Чунки эмпирик далилларни ҳосил қилиш учун кўпгина турли- туман кузатишлар бир- бирига солиштирилади. Кузатувчининг, унинг сезги органларининг ҳолати, хатоси билан асбоблар, ускуналар, мосламалардан нотўғри фойдаланиш, уларнинг хатоси билан боғлиқ бўлган хатолар, камчиликлар, нотўғри ахборотлар бартараф қилинади. Эмпирик далилларни вужудга келтиришда хилма- хил кузатишларда аниқланган такрорланувчи, умумий жиҳатлар, хусусиятлар ҳисобга олинади. Ундан ташқари эмпирик далилларни шакллантиришда илгаривужудга келтирилган назарий билимлардан кенг фойдаланилади. Илмий билимларнинг 2 та назарий даражаси бор: 1. Хусусий моделлар ва қонунлар; 2. Ривожланган назария. Хусусий назарий моделлар ва қонунлар ҳодисаларнинг муайян соҳасига тегишли бўлади. Моделга идеаллаштирилган объектлар ва улар ўртасидаги алоқалар, боғланишлар киради. Қонун эса нарсалар, ҳодисаларнинг ички, зарурий, муҳим, умумий такрорланувчи алоқалари, боғланишларини ифодалайди. Ривожланган назария эса хусусий моделни ва қонунларнинг умумийлаштирилган ифодасидир, у фундаментал принципларни, қонуниятларни ифодалайди. Юқоридаги фикрлардан илмий билишнинг эмпирик ва назарий даражалари бор, улар бир- бирларидан ўзларининг тадқиқот мавзулари, тадқиқот воситалари ва методларининг ўзига хос томонлари билан фарқ қилади, деган хулоса чиқади.